islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илм – нажот йўли

Ислом дини барча мусулмонларга фақат ибодатни эмас, балки, талаби илмни ҳам фарз қилиб, илм билан машғул бўлишни ибодат даражасига кўтарган бир диндир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида илмнинг нақадар улуғлиги хақида кўплаб ояти карималарни нозил қилган.

Жумладан:
«Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!…» (Зумар сураси, 9-оят). Бунда Аллоҳнинг хузурида илм жаҳолатдан жуда устун туриши маълум бўлади. Аллоҳ таоло имон келтирган ва илм ҳосил қилган кишиларнинг даражасини бу дунё-ю, у дунёда кўтаришликка Ўзи ваъда бериб айтадики: «Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: «(даврани) кенгайтирингиз!», – дейилса, бас, кенгайтирингиз. Аллоҳ сизларга ҳам (керак пайтида кенг) жой берур. Яна қачонки, «турингиз!», – дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир». Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу борада ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қиладиларки:
«Илм ўрганишга интилишлик хар бир мусулмонга фарздир»
Аллоҳ таоло Қуръони каримда аҳли илмларгина ақлу-идрокли, гапни хақиқий маъноларига тушунувчи ва тўғри фикр юритувчи кишилар эканлигига ишорат қилиб:
«Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз, (лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар», деган. Анкабут сураси, 43-оят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
«Кимки суннат ахкомларини баён қилувчи ҳадисларимдан 40 тасини ёблаб умматимга етказса, қиёмат кунида мен у кишини албатта шафоат қилурман».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бунга ўхшаш кўплаб ҳадислари борки, улар мусулмонларни илм талаб қилишда муттасил ғайрат кўрсатишга ундайди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ лозимки, «илм» лафзидан мурод мазкур оятлар ва ҳадисларда фақат диний илмларнигина эмас, балки мусулмонлар учун дунёвий ва ухровий ишларида зарур бўладиган барча илмлардир. Шунинг учун уламоларимиз: «Ҳар бир мамлакатда диний илмлардан ташқари турли касбу-хунар, саноат, фан ва бошқа кўплаб керак бўлиб турадиган нарсалар илмини ҳам шу мамлакатлардан кимлардур ўрганмоғи ҳам фарзи кифоядир. Агар бирор киши ҳам мазкур керакли илмларни ўрганмаса, ахолининг ҳаммаси гунохкор бўладилар» – деб таъкидлаганлар. Дархақиқат, охират саодати ва мукофоти учун ишлаб оладиган ва ҳозирлаб кўриладиган майдон шу дунё бўлгандан кейин, ўз замонасининг илму фани тараққиётидан ўзига яраша хабардор бўлмаган олимни хақиқий олим деб бўлмайди албатта. Диний илмлар орқали мусулмонлар Аллоҳнинг вахдониятини, пайғамбар ва китобларнинг хақлигини, ҳалолу ҳаромни, савобу гунохни, фарзу вожибни, ва икки дунё саодатига мушарраф бўлмоқ йўлларини билиб оладилар. Шунинг учун ҳам айниқса фиқҳ илмини яхши ўрганиш Ислом дини наздида улуғ бир шарафдир. Бу борада Имом Бухорий ва Имом Муслим ўзларининг «Саҳиҳ» ларида ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
«Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фиқҳ илмига моҳир қилиб қўяди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло хитоб қилиб:
Ояти ила «… Эй, раббим! Менга илмни зиёда эт!» – деб дуо қилишга буюрган.
Демак, Жаноб Пайғамбаримиздек зот ҳам билимларини зиёда қилишга буюрган эканлар, биз ул зоти бобарокотнинг умматлари бўлганимиздан кейин бу хитоби илохий бизга ҳам тегишлидир. Айниқса, фарзандларимизни илму фан, касбу-ҳунар хозирги замон фанининг ютуқларидан бахраманд бўлишга тарғиб ва ташвиқ этишимиз лозим бўлади. Мамлакатимизда билим олиш учун барча шароит муҳайё. Мактабдан тортиб турли касб-хунар колежлари, лицейлар, олий ўқув юртлари ва турли мутахассислик бўйича таълим даргоҳларидаги шароитлар, айниқса, замонавий технология имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштириб боришни Аллоҳ таоло барча ёшларимизга насиби рўзий айласин!

Тошкент ислом институти

Модуль таълим шакли талабаси,

Чорток туман Зайд ибн Хорис масжиди

имом-хатиби Толибжон Шарипов

221480cookie-checkИлм – нажот йўли

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: