Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат ва саломлар бўлсин.
Қуръони Каримдаги калималар буюк қадр ва улкан аҳамиятга эга. Қуръони Каримдаги калималар шу даражада маъно ва вазнга муносиб келтирилганки, ҳатто бирор калимани ўз ўрнидан бошқа жойга олиш у ёқда турсин, балки унинг ўрнига маънодошини келтирсангиз ҳам кўзланган маъно чиқмайди. Бу Қурон калималарнинг мўжиларидан ҳисобланади.
Қадимги араблар сўзларнинг маъноларини яхши англаганлари учун ҳам улар бир эшитишда гапнинг қай даражада фасоҳатли ёки бунинг акси эканини фарқига боришган. Уларнинг шу даражада гапга уста, сўзамон бўлишларига қарамай Қуръони Карим майдонга чиққан вақтда бирорталари унинг қаршисида тура олмадилар. Нима учун? Бунинг жавоби жуда оддий. Чунки ўзларини одамзоднинг сўз ўйини борасида энг буюкларимиз деб даъвода турганларнинг барчалари башар эди халос. Қуръони Карим эса оламлар Роббисининг каломи эди. Табиийки, яратувчининг мақоми башардан қай даражада юқори бўлса, унинг Каломининг мартабаси ҳам шу даражада юқори туради. Шунинг учун ҳам арабларнинг энг буюк шоирлари Қуръони Карим оятларини эшитганларида: “Бу башарнинг сўзи эмас” деганлари бежизга эмас.
Араб тилини билмаганлигимиз учун ҳам Қуръони Каримни қай даражада мўжизакор маъноларга бойлигини тўлиқ англолмаймиз. Бу тилни қай даражада мукаммал ўзлаштирганимиз сайин унинг баёнлари фасоҳатидан боҳабар бўлиб бораверамиз.
Қуръони Карим калималарида яширинган ана шундай фасоҳатли баёнлардан баъзи ўзимиз билганларимизни келтириб ўтамиз. Мақсадимиз Қуръони Каримни ўқишлик асносида калималарнинг шу жиҳатларига ҳам эътибор берсак, уни яхши тушунишимиз ва калималарни бир биридан ажратиб олишимиз осон ва зеҳнимизда сақлаб қолишимиз енгил бўлади деган умиддамиз.
Аллоҳ таъало Юсуф сурасининг 17-оятида шундай марҳамат қилади:
قالُوا يَا أَبَانَا إِنَّا ذَهَبْنَا نَسْتَبِقُ وَتَرَكْنَا يُوسُفَ عِنْدَ مَتَاعِنَا فَأَكَلَهُ الذِّئْبُ وَمَا أَنْتَ بِمُؤْمِنٍ لَنَا وَلَوْ كُنَّا صَادِقِينَ
“Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди, агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан”,-дедилар[1].
Ушбу ояти каримадаги “еб қўйибди” أكله калимаси умумий истъемолдаги сўз бўлиб барча тирик жонзотларга нисбатан бирдай ишлатилади. Агар Юсуф алайҳиссаломни бўри еганлиги даъвоси эътиборидан қарасак, ушбу ўринда йиртқич ҳайвонлар учун хос бўлган “ғажиб ташлади” إفترسه калимасини келтириш фасоҳатлироқ бўлишига қарамай айнан шу сўзни қўлланишида Қуръоний балоғатлар бор.
“Ғажиб ташлади” сўзи йиртқич ҳайвонлар учун хос сўзлардан бўлса ҳам, ушбу ўриндаги маънони тўлиқ ифода этолмайди. Чунки бу сўзнинг маъноси ўлдириш холос. Юсуф алайҳиссаломнинг акалари эса бўри уни тўлиқ еб, бирор бўлагини ҳам қолдирмаганини мақсад қилишган. Агар “ғажиб ташлади” деб айтганларида, оталари ғажиб ташлангандан қолган қисмини талаб қилиб, уларнинг даъволари рост эканига ўзлари гувоҳ бўлардилар. Шунинг учун ҳам бу ўринда “еб қўйибди” деб хабар бериш йиртқичларга ҳам улардан бошқасига ҳам бирдек ишлатилинадиган калима бўлишига қарамай энг муносиби бўлади.
Биз юқорида Қуръони Каримнинг биргина калимасини бир жиҳатдан қисқача ўргандик холос. Қуръони Каримнинг ҳар бир оятида ўзига хос балоғатларни кўриш мумкин. Қуръонни қанча ўргансак унинг мўжижакорлигини шунча англаб етамиз.
Аллоҳим бизларни каломингни тадаббур билан ўқийдиган бандаларингдан қилгин.
Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси
4-курс талабаси Иқболжон Қамбаров
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Қуръони Карим маъноларини таржимаси.