islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Матбуот – қудратли восита

Туркистон диёрини Россия империяси ҳукумати эгаллаб олганидан кейин бу ерда улар ўз манфаатлари йўлида кўп ишларни амалга оширдилар. Туркистон халқини илм-маърифатда юксалишини истамасдан, балки уларни қолоқлаштиришга интилар эди. Сўнгра маҳаллий зиёлилар халққа илм-маърифат тарқатиш учун, империянинг кирдикорларини халққа очиб бериш учун матбуотдан фойдалана бошлашди. Аммо нашр ишларида жуда кўплаб муаммоларга дуч келдилар.

Россия империяси ҳукумати маҳаллий халқлар онг-билим даражасининг юксалишидан асло манфаатдор эмасди. Шу боис у миллий онгнинг юксалишига хизмат қиладиган воситаларнинг, жумладан, туб аҳолига мўлжалланган миллий тилдаги даврий нашрларнинг мавжуд бўлишига узоқ муддат йўл қўймади. Туб аҳолига ишончсизлик билан қаради. 1906 йилга қадар бутун Туркистонда генерал губернаторликнинг расмий нашри ҳисобланган “Туркистон вилоятининг газети”дан бўлак бошқа бирорта миллий газета нашр этилмади. Бутун ижтимоий ҳаёт Туркистоннинг туркистонликлар қисмида эмас балки руслар қисмидагина кечар эди.

Маҳаллий аҳолини бу ҳаётга жалб қилмоқлик учун ҳеч бир жиддий ҳаракат қилинмади. Ҳатто маҳаллий миллатларга мансуб муаллифлар ҳамкорлигидан фойдаланган расмий нашр ҳисобланмиш “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири: “Маҳаллий аҳолига мансуб кишиларни ҳамкорликка жалб қилиб бўлмайди, чунки улар матбуот шартларини тушунмайдилар ва ўз хабарларида шахсий манфаатларидан воз кеча олмайдилар”  дер эдилар.

Кейинчалик Туркистонда даврий нашрларни чиқариш вақти бошланди. Туркистонда ўзбек тилидаги дастлабки мустақил нашрлар асримизнинг бошида, аниқроғи 1905-1907 йиллардаги биринчи рус инқилоби даврида, “Туркистон вилоятининг газети” чиқа бошлаганидан салкам қирқ йил ўтгандан кейингина вужудга келди. Бу шубҳасиз, ўлка ижтимоий ҳаётида тарихий аҳамиятга молик муҳим воқеа эди. Инқилоб зарбасидан саросимага тушган рус ҳукумати матбуот соҳасида ҳам ён беришга мажбур бўлади. Илғор мусулмон зиёлилари бундан фойдаланиб, даврий нашрлар чиқариш тўғрисида рухсатнома олишга эришдилар.

Шундай қилиб, аввал Тошкентда, кейинроқ Самарқанд, сўнг Қўқон ва Бухорода бирин-кетин ижтимоий-сиёсий ва адабий мазмундаги бир қатор ўзбекча даврий нашрлар ташкил топди. Уларнинг ташкилотчилари, муҳаррирлари ва етакчи муаллифлари ХХ аср бошида Туркистонда маърифатчилик замирида юзага келган жадидчилик ҳаракатининг мафкурачилари бўлишган. Жадидлар истилочилар ва маҳаллий мустабидлар оёғи остида топталган Туркистон ўлкасини саводли, маърифатли, тараққиётга эришиш, обод юртга айлантириш орзуси билан яшадилар ва матбуотни шу орзуга эришиш йўлидаги қудратли восита деб билдилар.

Туркистон вилояти газетида расмий материаллардан ташқари, пахтачилик, ипакчилик ҳақида, фан, техника, адабиёт ва санъатга доир материаллар ҳам эълон қилинган. Газетада Фурқат ва Муқимийнинг маърифатга ундовчи шеърлари ва ҳажвий асарлари босилган. Шунингдек, рус ёзувчилари И.А.Крилов, А.С.Пушкин, Н.В.Гогол,  И.С. Тургенев, Л. Н.Толстой асарларидан илк таржималар босилган.

Туркистон вилояти газети 500-700 нусхада нашр этилган. Туркистон вилояти газети нусхалари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ва Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланади. Газетадаги материаллар 19 аср охири ва 20 аср бошларида Туркистон халқлари ҳаёти, маданиятини ўрганишда муҳим манба саналади.

4-босқич талабаси Абдулвоси Эргашев

223090cookie-checkМатбуот – қудратли восита

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: