islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пойабзал мойлаш билан улғайган араб адабиётининг йирик намояндаси

Миср араб адабиётининг етук арбоби Жўржий Зайдоннинг ҳаёти ва ижодидан… 

Оддийгина камбағал оилада туғилиб, ёшлик чоғлари пойабзални мойлаш билан катта бўлган Журжий Зайдон араб адабиётининг йирик намояндаси, тарихий романчилигининг асосчиси бўлиб танилган ўз замонасининг энг кўзга кўринган алломаларидан бири бўлган. Муаллифнинг араб тарихий романчилигининг чўққига кўтарилишига сабаб бўлган 22 романи мавжуд эканлиги диққатга сазовордир. Ижодидаги кўпгина романлари ўрта аср тарихига оид бўлиб, чуқур ўрганишга, тадқиқ этишга арзийдиган манбаалар ҳисобланади.

Жўржий Зайдон Миср араб адабиётининг етук арбоби ҳамда йирик намояндаларидан биридир. У адабиёт соҳасидагина эмас, балки фан ва маданият бобида ҳам анчагина ишлар қилди, адабиётшунослик, тил, фалсафа, тарих, ҳуқуқ, география, журналистика, ёзувчилик — булар Зайдон қизиққан ва ҳайратомуз даражада самарали ижод қилган соҳалардир [1. 141].

Адибнинг IХ асрда араб халифалигида, хусусан Мовароуннаҳрда бўлиб ўтган воқеаларга бағишланган “Фарғона келини” романи араб ва дунёнинг  кўпгина  мамлакатларида кенг тарқалиб, бир неча маротаба нашр этилган.

Жўржий Зайдон 1861 йил 14 декабрда Байрут (Ливан)да туғилиб, 1914 йил 21 августда Қоҳирада вафот этди. У камбағал оилада туғилгани учун кўп ўқишга қурби етмади, поябзал мойлаб юриб, мустақил равишда китоб мутолаасига киришди. Унинг илк қизиқишлари адабиёт ҳамда тарих китобларини мутолаа қилишга чорлади. У ўз кучини синаб кўрган соҳаларнинг бирортасида ҳам расмий таълим олмаган, ҳаммасига ҳам шахсий мутолаа билан эришган эди.

Жўржий Зайдон протестантлар коллежига қисман қатнаб ўқиб, доричи деган гувоҳнома олган холос. Кейин у Мисрга бориб, у ерда “аз- Замон” журнали редакциясига ишга кириб бир йилча ишлайди (1882), кейин Ливанга қайтади, сўнгра Байрутда бир йилча олимлар суҳбатида бўлиб, кўп нарса ўрганишга муваффақ бўлади. Ундан Лондонга бориб, табобат соҳасидаги билимларини оширишга уринади. У ерда шарқ адабиёти ва тарихини биладиган олимлар билан танишади, кутубхоналарга қатнайди. Айниқса, Британия музейи кутубхонасида кўп мутолаа қилади. Бундаги араб манбаалари унинг ижодига катта туртки бўлди. Сўнгра Зайдон Европа бўйлаб саёҳат қилади. Қоҳирага қайтгач, муаллимлик қилади, айни замонда “ал-Муқтатаф” журналида ишлай бошлайди. Зайдон 1892 йили Мисрда “ал-Ҳилол” (Ярим ой) журналига асос солади ва умрининг охиригача — йигирма йилдан кўпроқ вақт мобайнида унинг ношири бўлиб қолади. Бу адабий журнал шундан буён ўтган салкам саксон йил давомида араб адабиёти ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшди. Зайдон бу журнал учун тарихий-адабий мақолалар ёзди, уюштирди. Шу журнал тақозоси билан у илмий-оммабоп мақолалар ва тарихий саргузаштлар ёзиб, кейинчалик тарихий романлар яратди.

Зайдон ўз даврининг илғор кишиси эди. У тарихий воқеаларни роман шаклида шарҳлашда янги, ўзига хос йўл топди, уларни қизиқарли, саргузаштли бўлишини таъминлади.

Жўржий Зайдоннинг “Фарғона келини” романи араб мамлакатларида кўп тарқалиб, жуда кенг нашр этилган, форс тилига ҳам таржима қилинган эди. Бу асар биринчи марта арабчадан ўзбекчага таржима қилиниб, ўқувчига тақдим этилмоқда. Таржимон Шоикром Шоисломов араб тилини мукаммал билади. У илгари араб адабиётидан баъзи нарсаларни таржима қилган бўлса- да, лекин “Фарғона келини” таржимоннинг биринчи йирик таржимасидир. Асарда келтирилган тарихий манбаалардаги жой номларининг юритилиши ёзувчининг тарихни яхши билганлигини кўрсатади, аммо ундаги саналардаги тафовутларда ёзувчи воқейликларни қиёслаш билан бирга ўша пайтдаги тарихий воқеаларни ўқувчи кўз ўнгида гавдалантиришга ҳаракат қилинганлигини гувоҳи бўламиз. Ушбу асарни таржимон Шоикром Шоисломов араб тилидан ўзбек тилига қилган таржимасидан ўрганиш мумкин. Асардаги ҳар бир детални кўздан қочирмасликка, ўқувчини чалғитмасликка ўринганлиги ҳамда ёзувчининг ўз маҳоратидан келиб чиқиб, эпизодларни гўзал ҳолатда келтириб, янгича яратишга ҳаракат қилинганлиги романни янада маъноли ва қизиқарли бўлишига сабаб бўлган.

“Фарғона келини” романи IХ асрда араб халифалигида бўлиб ўтган воқеаларга бағишланган. Роман воқеасини яхшироқ тасаввур қилмоқ учун тарихий воқеаларни бир лаҳза кўз олдимизга келтирайлик. Халифалик территориясида IХ асрда халқ ҳаракатлари бошланиб, баъзи бир жойларда авж олиб кетган эди. Халифа ҳукмронлигини даҳшатга солган воқеалардан бири Бобак қўзғолони эди. Бобак Хуррамий Озарбайжон, Арманистон ва Шимоли-ғарбий Эронда бошланган хуррамийлар ҳаракатига бош бўлиб, йигирма йилдан ортиқ курашди. Ҳатто халифа Маъмуннинг (813—833) ҳам бу қўзғолонни бостиришга қурби етмади. Шу билан бир вақтда Мисрда (829—832) қўзғолон кўтарилиб, уни бостириш учун халифанинг ўзи бош бўлиб Мисрга боради, қўзғолончиларни қаттиқ жазолайди. Бу орада ички зиддиятлар ва тахт учун курашлар зўраяди. Халифаликда ҳатто араб қўшинларига ҳам тўла ишонч қолмайди, уларнинг турини ўзгартишга киришилади. Бағдод аъёнлари ва қўмондонларининг доимий фитналаридан хавфсираган халифа, аввало Ўрта Осиёдаги халқлардан қўшин тўплаб, ўз тахтига таянч қилиб олади. Дастлаб бу аскарлар чегара тўқнашувларида асир тушган ҳамда ўша даврда қул бозорларидан сотиб олиб келинган қуллардан, кейинчалик махсус тузилган қўшинлардан иборат бўлган. Булар халифа даргоҳида туриб, пойтахтдаги араб исёнкорларига қарши курашда, уларнинг қўзғолонларини бостиришда хизмат қилган. Бу аскарлар маҳаллий араб аҳолиси билан алоқада бўлмас, ҳатто уларга уйланиш ҳам таъқиқланган эди. Шу боисдан ҳам улар учун Ўрта Осиёдан турк чўрилари сотиб келтириб, бир қисмини уйлантириб ҳам қўйишарди. (Бу ҳолат романда ҳам акс эттирилган).

Халифа булар хизматидан яхши манфаатдор бўлгани учун уларга етарли маош ва мукофотлар бериб турган. Турк аскарларидан тузилган гвардияга кейинчалик шу халқдан саркардалар тайинлаган. Сўнгра ички низолардан қўрққан халифа Муътасим (813—843) янги шаҳар Сомуррони бунёд этиб, турк гвардиясига ўша ерни қароргоҳ қилиб белгилайди, сўнгра пойтахтни ҳам унга кўчиради. Лекин халифа Сомуррода ҳам бора-бора турк қўшинлари ва лашкарбошиларидан хавфсирай бошлайди. Чунки бу гвардия бошлиқлари тож-тахт учун ўзаро курашларга ҳам аралашиб, ўз манфаатларига хизмат қиладиган номзодни қўллашга ҳаракат қила бошлайдилар.
Араб халифалигига кирган бошқа халқлар, ҳокимлар халифалик тахтини сақлаб қолишга ўринишган. Чунончи, Ушрусана ҳокими Афшин халифаликнинг энг йирик саркардаси бўлган. Шу Афшин ёрдамида Муътасим акаси Маъмун ҳам бостиролмаган Бобак қўзғолонини бостиради ва Бобакни Сомуррога келтириб ўлдиради. Афшиннинг ўсиб бораётган нуфузидан қўрққан халифа унинг Бобакни тутиб берганини ҳам ҳисобга олмайди, хиёнатда айблаб ўлдиради. Зайдоннинг «Фарғона келини» романи ана шу воқеаларга бағишланган. Бунда барча тарихий воқеалар, шахслар ўзича қолади. Воқеа Фарғона ҳокимининг қизи Жаҳоннинг Зир-ғом билан севгиси тасвири билан бошланиб, тарихий воқеаларнинг боришига кўра, бу севишганлар бошқа юртларда турли-туман саргузаштларга дучор бўладилар. Жаҳон Бобак қароқчилари қўлига тушиб, воқеа Арманистонга кўчирилади, у ерда хуррамийлар билан халифалик қўшини тўқнашуви тасвирланиб, Бобакнинг қўлга тушиши, қатл этилиши кўрсатилади. Ниҳоят, роман Жаҳоннинг Ироққа Сомуррога келиши, икки севишганнинг бир-бирига етишуви билан тугайди. Тарихни яхши билган Зайдон тарихий асарлар ёзиш, билан қаноат ҳосил қилмаган. У одамларга тарихни бадиий асарлар орқали тарғиб қилишни, уларни тарихдан ўрнак олишга даъват этишни маъқул кўрган. Шу сабабдан роман жанрини танлаган. Бундаги барча қаҳрамонлар тарихий шахслар бўлиб, баъзи бирларигина авторнинг ижодий фантазияси маҳсулидир.

Ёзувчининг ўзи бундай дейди: “Одамларнинг тарих ўқишига ва ундан фойдаланишига энг яхши восита тарихни роман шаклида оммалаштириш эканлигини тажрибада кўрдик. Бунда, хусусан, баъзи бир Европа ёзувчиларида кўрганимиздек, роман тарихдан устун турмаслиги керак, балки тарих романдан устун туриши ва романни бошқариши керак. Бу хил Ғарб ёзувчиларида шундайки, уларнинг туб мақсадлари роман ёзиш бўлиб, уни ишонарли қилиб кўрсатиш мақсадидагина тарихий воқеалардан фойдаланишади. Бунда улар тарихий воқеаларни изоҳлашдан чекиниб, ўқувчиларни адаштириб қўядилар. Биз эса ўз романларимизда ўтмишдаги тарихий воқеаларга асосланганмиз. Барча қизиқ воқеаларни келтиришимиздан мақсад ўқувчини уларга қизиқтиришдир. Тарихий воқеалар ҳеч ўзгартишсиз, ўзича олинган, севги қиссаларини киритишдан мақсадимиз романи охиригача ўқиб чиқиши учун ўқувчида қизиқиш уйғотишдир”.

Муаллиф тарихий романни шундай тасаввур қилган. Ростдан ҳам у тарихий воқеаларни чуқур мутолаа қилган, романдаги йирик шахслар ва улар ҳақидаги тавсифлар, шаҳар кўринишлари, қалъа, дарё, ибодатхоналар, диний эътиқодлар, кийим-кечак, ташқи кўринишлар, маълум халқнинг касб-ҳунарлари — ҳамма-ҳаммаси тарихий китоблардан олинган. Ҳатто буларни шарҳлашда ўқувчи олдида масъулият сезган ва унинг шубҳасидан ҳайиққан Зайдон роман бетларида ўзи таянган манбааларни ҳам келтирган. Шу тариқа роман саҳифаларида машҳур шарқ тарихчиларидан Масъудий, Яқубий, ибн Бутата, ибн ал-Асир, ибн Халликон, ал-Мақдисий, Ёқут Ҳамавий каби номлар ва уларнинг асарлари учрайди. Зайдон бу романни ёзишдан олдин Ўрта Осиё тарихини, географиясини бирмунча ўрганган кўринади. Лекин шунга қарамай, унинг баъзи маълумотлари роман воқеасидан кейинги даврларга оид маълумотлардир. Ҳатто Ўрта Осиё территориясини “Туркистон” деб аталиши ҳам кейинги асрларга тўғри келади. Зайдон Сирдарёни “Фарғона ташқарисидаги Тошкент дарёси” деб олади, бу ердаги қадимий туркий халқлар тилининг қандай аталишини билмай, уни чиғатой тили деб олади. Ваҳоланки, Чиғатой номи мўғуллар даврида (ХIII) юзага келган, романдаги воқеа эса тўққизинчи асрнинг биринчи ярмида юз беради. Бунга муаллифнинг  манбаалардан керакли маълумотларни топа олмаганлиги ва бу ўлкаларга саёҳат қилмаганлиги натижаси деб қараш мумкин. Шунга қарамай, Самарқанд, Бухоро, Ушрусана, Тошкент, Фарғона, Озарбайжон, Арманистон, Табаристон, Шом, Юнон, Антокия, Латакия, Константинопол каби бир қанча шаҳарлар ҳақида маълумотлар берадики, бу ҳол ўқувчиларнинг маълумотини кенгайтиришга хизмат қилади.

Зайдон ижодига тааллуқли бошқа асар ва романлари ҳам ўзбек тилига таржима қилиниши, бизга таниш бўлмаган жуда кўплаб манба ва маълумотларни ёритилишига имкон яратиб беради. Тарихчи ва адабиётшунос ўқувчилар учун кўпгина қизиқарли тарихий воқейликларни ўрганишлари ва ўз ижодларини олиб боришда даврларни бир-бирига боғлашга хизмат қилса ажабмас.

Интернет манбалари асосида Тўхтаев Насруллоҳ тайёрлади.

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси,

Қиёсий тилшунослик ва лингвистик таржимашунослик йўналиши

1-босқич магистрант талабаси

223120cookie-checkПойабзал мойлаш билан улғайган араб адабиётининг йирик намояндаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: