Фарзандга тарбия бериш борасида аёлларнинг тутган ўрни нечоғлик баланд эканлиги сир эмас албатта. Тарихдан маълумки қанчалар буюк зотларинг ортларида албатта бир буюк она ёки бир буюк аёл турган бўлади. Масалан, Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ҳаётларига назар ташлайдиган бўлсак У зот оталаридан эрта етим қоладилар. Оналари яккаю ягона фарзандларини илмга муҳаббатли қилиб вояга етказадилар. Аҳмад ибн Ҳанбал балоғатга етгач рўзғор ташвиши ўлароқ дарсларга бироз қатнаша олмайдилар, шунда оналари мен оч ўтирсам ҳам розиман фақат таълим олишликни ташлаб қўйма деб насиҳат қиладилар.
Имом Аҳмад ёшлик чоғлари ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қиладилар: “Олти ёшимда онам мени тонг саҳарда уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройлик кийимларни кийгазиб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақохга киргизиб ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб бомдод намозига азон айтарди“.
Дунёни яёв кезиб илм олган, Ханбалий мазҳаб асосчиси имом Аҳмаднинг ҳаёти ана шундай бошланган экан.
Ҳадис илмининг устозларидан Суфён Саврийнинг онаси ўғлини илм йўлига йўллаб шундай деган эди: “Ўғлим, илм ўрганинг, рўзғор ташвишларини ўйлаб фикрингизни бўлманг. Мен инша Аллоҳ ип йигириб сотиб ўқишингизга кўмаклашаман“. Натижада Суфён Авзоий таърифлаганидек: “Ислом уммати унинг сўзини бир овоздан қабул қиладиган нодир уламолардан“ бўлиб етишди.
Қаранг қандай улуғ оналар…
Яна Имом Суфён раҳимаҳуллоҳнинг оналари ўғлида илмга қизиқиш ва меҳр-муҳаббатни уйғота олган оналардан бири сифатида гавдаланади. Воқи ибн Жарроҳ Имом Суфённинг шогирдларидан бўлиб, устозининг волидаси ўғлига айтган қуйидаги сўзларини келтиради: “Ўғлим, илм талабида жидду жаҳт қил. Эҳтиёжларинг борасида ўзим ғамхўрлик қиламан. Бирорта ҳадисни ўрганар экансан, унинг хулқ-атворингда акс этаётганига назар сол. Агар ундай бўлмаётганини сезсанг, билгинки, олган илминг зарарингга бўлибди. Унда ҳеч қандай фойда йўқдир.“
Ислом тарихининг зарҳал ҳарфлар билан битилган саҳифаларини варақлар экансиз онанинг фарзанд тарбияси ва унинг таълимида фаол иштирок этганини кўплаб учратасиз. Оналар фарзандларининг ўқиб, ўрганиб етук инсон бўлиб етишуви йўлида барча қийинчиликларни кўтаришган. Муҳаммад ибн Идрис Шофиий Фаластининг Ғазза шаҳрида туғилади ва отаси оламдан ўтиб, жуда эрта етим қолади. Фарзанд тарбиясидан хавотирланган она икки яшар ўғлини Ғаззадан Маккага олиб келади. “Ота-боболарингни юртида ўсиб улғайганинг яхши“ дейди. Шофиийнинг ўзлари ҳикоя қилганларидек: “Онам мени ўқитишни жуда-жуда истарди. Лекин ўқитиш учун етарли маблағи йўқ эди. Менинг ўзим ўқишга астойдил киришдим“.
Ибн Нажийя (Нужийя) номи билан танилган улуғ олим Али ибн Иброҳим ўз даврининг катта муфассир ва воизларидан бўлган. Султон Нуриддин Зинкий ва Салоҳиддин Айюблар ҳурматига сазавор бўлган. Ана шу олим тафсир фанида катта ютуқларни қўлга киритишидаги сирни айтиб дейди:
“Тафсирни тоғамдан таълим олганман. Дарсдан қайтишим билан онам сўроққа тутарди:
– Бугун тафсирдан қайси сурани ўргандинг?
Мен бугунги дарсни тоғамдан қандай эшитган бўлсам шундайича онамга айтиб берардим. Онам сўзларимни охиригача тинглаб бўлиб, бошини чайқарди.
– Яхши, лекин ҳамма билганларини айтмабдида. Мен тафсирни тоғанг билан бирга ўрганганман. Аслида уламолар бу оят тафсирида мана бундай дейишган, ана бундай дейишган,– деб тоғам дарсига қўшимча қилиб қўярди“.
Ҳа, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ўз оқловчисига мунтазир ўтмишимизда аёллар эркаклар билан теппа-тенг илмга эга бўлганлар.
Шулардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, фарзанд тарбиясида онанинг тутган ўрни жуда катта. Ўтмиш олимларининг талайгинаси етим қолиб она қарамоғида ўсган. Улар она тарбиясини олиб етук инсон бўлиб етишишган. Демак мумтоз тарбия марҳаласидаги энг биринчи босқич фарзанд учун яхши она танлашдир. Худди яхши ҳосил олиш учун замин танланганидек.
4-курс талабаси Рихсибоева Мадина