Имом Бухорий – (810-870), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Мағийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуафий ал-Бухорий ҳижрий 194 йил шаввол ойининг 13-куни (810 йил 20 июл)да таваллуд топган. Имом Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, онаси тарбиясида ўсган. У ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллайди. У ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ровийлардан эшитган ҳадисларни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб, ёдлаган, устози Шайх Доҳилий билан ҳадис ровийлари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган. 825 йили ўн олти яшар Имом Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга қараб йўлга тушади, муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, олти йил Ҳижозда яшаб, ҳадис илмидан ўз билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтда илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшаб, у жойлардаги машҳур олимлардан ҳадис билан бир қаторда фиқҳ илмидан ҳам таълим олади, йирик олимлар даврасида илмий баҳслару мунозараларда қатнашади ва илм толибларига дарс ҳам беради.
Имом Бухорий ҳаётининг кўп қисми хорижий элларда, мусофирчиликда ўтди. Бу ҳақда унинг ўзи: “Миср, Шом, Месопатамияга икки мартадан, Басрага тўрт марта борганман. Ҳижозда олти йил яшаганман, Бағдод ва Куфа шаҳарларига неча марта борганим ҳисобини билмайман”, деган экан. У сафар чоғида ҳам, бир шаҳарда муқим турганда ҳам илмини ошириш борасида тинимсиз ишлар, тўплаган ҳадисларини оққа қўчирар эди. Бағдодда истиқомат қилган пайтда кўпинча ойнинг нурида ижод қилиб, қоронғи кечаларда шам ёруғида китоб ёзар экан. Илм ошириш мақсадида Имом Бухорий жуда кўплаб олимлардан таълим олади. Нишопурлик ал-Ҳакимнинг ёзишича, устозларининг сони тўқсонталар атрофида бўлган. Ўз навбатида Имом Бухорий ҳам кўпгина шогирдларига устозлик қилган. Исҳоқ ибн Муҳаммад ар-Рамодий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Муҳаммад ибн Халиф ибн Қутайба, Иброҳим ал-Ҳарбий, Абу Исо ат-Термизий, Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий, Муслим ибн ал-Ҳажжож каби етук олимлар унинг шогирдларидир. Термизлик машҳур муҳаддис Абу Исо Термизий Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош ҳисобланиб, уларнинг ўзаро муносабатлари ибратли бўлган.
Узоқ йиллар Шарқнинг турли-туман мамлакатларига сафар қилгандан кейин умрининг охирларида Имом Бухорий 863-868 йиллари Нишопурда яшаб, мадрасада ҳадис илмидан дарс берган. Ўша пайтда Нишопур мусулмон Шарқидаги энг йирик илмий марказлардан бирига айланганлиги сабабли кўп машҳур олимлар шу шаҳарда тўпланган эдилар. Бухорийнинг Термизий билан учрашуви ҳам Нишопурда юз бериб, диёримиздан чиққан икки машҳур муҳаддис ўртасида унутилмас, қизғин илмий баҳслар, кўпдан-кўп ижодий, дўстона учрашувлар бўлиб ўтади. Термизийнинг ёзишича, у ўз асарлари учун кўп маълумотларни Имом Бухорий билан учрашувларидан олган. Шу билан бирга Имом Бухорий ҳам Термизийнинг билимини юқори баҳолаб: “Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан ортиқроқ”, деб унга нисбатан чуқур ҳурматини билдирган.
Термизий ўз устози ва сафдоши Бухорийни бутун умри давомида ҳурматлаб, унга самимий садоқатда бўлган. Араб тарихчиси Шамсуддин аз-Заҳабийнинг “Тазкират ул-Ҳуфоз” номли асарида ёзишича, ат-Термизий ўз устозининг вафоти туфайли қаттиқ қайғуга ботиб “кўп йиғлаганидан ҳатто кўзлари кўр бўлиб қолиб, узоқ йиллар кўзи ожиз ҳолда яшади”. Имом Бухорий нафақат йирик олим, балки ўзининг гўзал ҳулқ-атвори, одамохунлиги, мурувватлилиги ва беқиёс саховатлилиги билан бошқалардан тамомила ажралиб турган. У зеҳни ўткирлиги ва ёдлаш қобилиятининг кучлилиги билан ҳам халқ орасида ғоят шуҳрат қозонган. Манбаларда Бухорийнинг 600 мингга яқин ҳадисни ёд билгани қайд қилинган. Имом Бухорий хориждан қайтгач, ўз ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлади.
Кўпчилик уни ҳурмат қилган, аммо баъзи ҳасадгўй, қора ниятли кишилар Бухорийни кўролмас эдилар. Натижада ҳасадгўйларнинг ҳатти-ҳаракати туфайли Бухоро амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалий билан ал-Бухорийнинг алоқаси бузилиб қолади. Бунга сабаб, амир олимдан ҳузурига келиб “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ат-таърих” китобларини ўқиб беришни талаб қилади. Лекин Имом Бухорий “Мен илмни хор қилиб, уни ҳокимлар эшиги олдига олиб бормайман, кимга илм керак бўлса, ўзи изласин. Лекин Аллоҳ охират куни илмни яширмай уни толибларга сарф қилгани учун мени кечиради”, деган жавобни айтади. Амирга жавоб ёқмай, фитначи, бўҳтонкор шахсларнинг гапига кириб Бухорийга шаҳарни тарк этишни буюради. Шундан кейин Имом Бухорий Самарқандга қараб йўл олади ва бир мунча муддат Ҳартанг қишлоғида ўз шогирдлари ва қариндош-уруғлариникида яшагандан кейин оғир касалга чалиниб, ҳижрий 256 йил (мелодий 870 йил 1 сентябр) 60 ёшида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.
Имом Бухорий авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, у ёзган асарларнинг сони йигирматадан ортиқдир. Улардан “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ат-таърих ас-сағий, “Ат-таърих ал-авсот”, “Ат-таърих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Барр ул-волидайн”, “Асоми ус-саҳоба”, “Китоб ал-куна” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
4-курс талабаси Дадабоев Одил