Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ғоялари ва унинг тарқалиши ҳақида
Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ғояларини кузатиб борган Аллома Жамил Сидқий аз-Заҳавий (ҳ. 1279-1354 й.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Фажр ас-содиқ” китобларида айтадилар: “Бу фирқа – Мухаммад ибн Абдул Ваҳҳобга мансуб бўлган фирқадир. Ушбу Муҳаммаднинг ўз ғоялари билан ўртага чиқиш даври 1143 (мелодий 1730) йилдан бошланган. Унинг бузуқликлари эллик ёшидан кейин атрофга ёйилиб машҳур бўлиб кетди. У сохта ақидасини Нажд ўлкасида ҳаммага ошкора зоҳир қилди.
Мусайламатул Каззобнинг шаҳри бўлмиш Даръиянинг амири Муҳаммад ибн Саъуд, унинг ғояларини атрофга ёйилишида кўмакчилик қилди. У ўз шаҳри аҳлини Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга эргашишга мажбурлаб, унинг зоҳир бўлишига ёрдам берди. Натижада Нажд аҳли унга тобе бўлишди. Ўша даврда яшаган араблар бирин-кетин бу ишда алданишиб унинг фитнаси оммалашиб кетди. Унинг шуҳрати ошиб, иши жиддий тус ола бошлади. Натижада саҳровий бадавий аҳолиси ундан қўрқа бошлади.
У одамларга: “Мен сизларни фақат тавҳидга ва Аллоҳнинг ибодатида ширкни тарк қилишга чақираман”, дер эди. У қаерга борса, булар (аъробийлар) ҳам унинг орқасидан эргашардилар ва унинг мулки борган сари кенгайиб борди”. Макка шаҳридаги ҳанбалийларнинг муфтийси бўлган шайх Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ан-Наждий ал-Ҳанбалий (ҳ.1295/м.1878й.ваф.эт.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ассуҳубу ал-вабила ала Зароиҳи ал-Ҳанабила” китобларида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг отасининг таржимаи ҳолида қуйидагиларни келтирганлар: “У (Абдулваҳҳоб) бузуқликлари атроф ўлкаларга тарқалган Муҳаммаднинг отасидур. Лекин Муҳаммаднинг даъвати отасининг вафотидан кейин юзага чиққан бўлса ҳам, ота-бола ўртасида анчагина қарама қаршилик бор эди.
Шайх Абдулваҳҳоб билан бир даврда яшаган мен учратган айрим илм аҳллари менга айтардики, шайх Абдулваҳҳоб ўз ота-боболари ва атрофидагилар сингари фиқҳ билан шуғулланмаган ўғли Мухаммаддан ғазабланиб, ундан норози бўлар экан. Ўғлидан жиддий янги (бидъат) ғоялар чиқишини сезиб, уни диққат билан кузатиб юрарди. У одамларга айтар эдики: “Ҳой одамлар! Муҳаммадда кўраётган нарсангиз ёмонликдир, бас, Аллоҳ унда бўладиган нарсани тақдир қилиб бўлди”, дер эди. Шунингдек Абдулваҳҳобнинг ўғли Сулаймон ҳам акаси Муҳаммад қилаётган даъватига қарши эди. Унга оят ва ривоятлар билан яхши раддиялар ҳам берган эди. Чунки у (Муҳаммад) шайх Тақийюддин ибн Таймия ва унинг шогирди ибн Қоййумдан бошқа аввалги ва кейинги олимлардан бирортасининг сўзига қарамас ва қабул қилмас ҳам эди. Иккалаларининг сўзини таъвил қабул қилиб бўлмайдиган ҳужжат деб биларди.
Гарчи, уларнинг сўзлари у тушунган маънодан бошқани англатса ҳам, уларни одамларга етказаверарди. Шайх Сулаймон акасига қилган раддиясини “Фаслул Хитоб фий радди ала Мухаммад ибни Абдулваҳҳоб” деб номлади. Теварак атрофни хавфсиратган қўрқинчли куч уни ўраб турганига қарамай, Аллоҳ таоло Сулаймонни акасининг макри ва ёмонликларидан саломат сақлади. Чунки Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ўзига қарши чиқиб раддия берганларни ошкора ўлдиришга кучи етмаса, унга қарши чиққанлиги учун уни кофирга чиқарарди ва уни ўлдиришни халол санаб, уни ўз уйида ёки кечаси бозорда вахшийларча ўлдириш учун одам юборар эди. “Бас, Аллоҳдан қўрқинглар, хақни ботилга аралаштирманглар. Ўзингизнинг бузуқ фикрингиз ва кучсиз фаҳмингиз билан мусулмонларни кофирларга қиёс қилманглар”.
“Йўлингизни ботил эканига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган қуйидаги хадиси далолат қилади: “Куфрнинг боши машриқ тарафдандир”. “Хозирги замонда, кўринишидан янги, асосий қоидалари эса қадимий бўлган фирқа зоҳир бўлди. У фирқанинг аъзолари Ибн Таймиядан бошқа бирорта бир уламоларга эътибор қаратмайдилар. Ибн Таймиянинг сўзларини муқаддас деб биладилар. Ва яна улар тўрт мўътабар мазҳабларнинг (ҳанафий, шофеъий, моликий, ҳанбалий) бирортасига ҳамда эътиқоди ҳақ бўлган тўғриликлари билан танилган уламолардан бирортасига муқаллид (тақлид қилувчи) эмасликларини, аксинча мустақил эканларини иддао қиладилар. Улар амалда буюк уламоларнинг хеч бирига эргашмайдилар.
“Булар мана шу асрга келиб зоҳир бўлиб, кенг тарқалдилар. Сақолни узун ўстириш, оқ узун кўйлаклар кийиш, ёнларида мисвок кўтариб юриш каби ишлари билан одамларни чалғитдилар. Бу нарсалар, одамлар уларни илм ва тақво аҳллари деб ўйлашларига сабаб бўлди. Аслида эса, булар ундай эмаслар, балки улар илмсиз ва бузғунчи кишилардир. Илмсизликлари ҳам мутлақ жоҳиллик (жаҳл мураккаб)дир. Улар ҳеч нарсани билмайдилар, лекин биламиз деб ўйлайдилар. Ўзларини “салафийлар” деб атаётган бу одамлар, ўтмишдаги салаф (солиҳ)ларга хеч қандай алоқаси йўқдир. Улар ўша солиҳларимизга салафлар (эргашувчилар) эмас, балки хашавийлар, карромийлар ва жоҳил яҳудийларнинг салафларидир.
Тошкент ислом институти Модуль таълим
тизими талабаси Шарипов Толибжон