islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рамазон бўйича савол-жавоблар: Рўза

Савол: Ислом динида рўзанинг ҳукми нима?

Жавоб: Рамазон ойида рўза тутиш балоғатга етган мусулмон эркак ва аёлга фарз. Аллоҳ таоло айтади: “ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ”, яъни “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”[1]. Рамазондан бошқа ойда рўза тутиш нафл бўлиб бошқа нафл ибодатлар каби унга ҳам савоб олади. Лекин рўза тутишни назр қилган бўлса назрини адо қилиши вожиб бўлади.

Савол: Рўзанинг луғатдаги ва шариатдаги маъноси нима? Бошланиш ва тугаш вақтлари қачон?

Жавоб: Рўза луғатда “Бирон нарсадан тийилиш”. Шариатда тонгдан қуёш ботгунча ният қилиб ейиш, ичиш ва жимоъ қилишдан тийилиш.

Савол: Бирон кишига рамазонда рўза тутмасликка рухсат борми?

Жавоб: Намозини қаср қилиш масофасича сафарга чиққан ёки рўза тутса касаллиги кучайиш эҳтимоли бўлган кишилар рўза тутмасдан кийин қазосини тутишликка рухсат бор. Лекин мусофир рўза тутса зарар қилмаса рўза тутган яхшироқ.

Савол: Сафардаги мусофир ёки бемор рўза тутмади ва сафарда ёки касаллигида вафот қилса уларга бирон нарса вожиб бўладими?

Жавоб: Уларга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Савол: Бемор соғайса ёки мусофир қайтиб келса қазосини адо қиладими?

Жавоб: Бемор соғлом бўлган кунлари миқдорича, мусофир ҳақиқий ёки вақтинча яшайдиган жойида муқим бўлгани миқдорича қазони адо қилиш вожиб бўлади[2].

Савол: Бемор ёки мусофирдан бошқа бирор кишига ҳам рамазонда рўза тутмаслиги мумкинми?  

Жавоб: Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўзига ёки боласига зарар етишидан қўрқса рамазонда рўза тутмаслиги мумкин. Қазосини кейин тутиб бериши фарз.

Савол: Рамазонда рўза тутмаслиги вожиб ҳам бўладими?

Жавоб: Ҳайз ва нифосда бўлган аёллар рўза тутмаслиги вожиб.

Савол: Рамазондан кейин қазосини тутадиларми?

Жавоб: Рамазондан кейин тутмаган кунлари учун қазосини тутадилар.

Савол: Инсонлар орасида рўза тутмагини учун қазосини ҳам тутмай фидя бериш вожиб бўлганлар ҳам борми?

Жавоб: “Шайх фоний” рамазонда рўза тутмай ўрнига фидя бериши мумкин.

Савол: “Шайх фоний”дан ким назарда тутилган?

Жавоб: Рамазонда ҳам, рамазондан кейин ҳам вафот этгунча рўза тутишга кучи етмайдиган қари инсон.

Савол: Фидя нима?

Жавоб: Рўза тутмаган ҳар бир кун учун мискинга таом бериш[3].

Савол: Бемор бўлгани ёки сафарда бўлгани учун рўза тутмаган эди. Қазосини тутишга имкон бўла туриб тутмади ва ўлим келиб қолса нима қилади?

Жавоб: Аллоҳ таолога истиғфор айтади, тавба қилади ва валийига[4] тутмаган кунлари учун ярим соъ буғдой ёки бир соъ хурмо ёки арпани мискинга беришини васийят қилади.

Савол: Рамазоннинг кундуз куни вояга етмаган бола вояга етса, кофир мусулмон бўлса нима қиладилар?

Жавоб: Куннинг қолган қисмида оғиз очадиган нарсалардан тийилиб рамазон рўзасининг қолган кунларини тутадилар.

Савол: Ўша кунги рўзани қазосини тутадиларми?

Жавоб: Уни  тутмайдилар[5].

Савол: Рамазон ойида ҳушидан кетган киши нима қилади?

Жавоб: Эрталаб ният қилиб кундузи ҳушидан кетса ўша куннинг қазосини тутмайди. Ҳушсиз ётган кейинги кунларнинг қазосини тутади.

Савол: Ақлдан озган киши ўзига келса нима қилади?

Жавоб: Ўзини билмаган кунларининг қазосини тутади[6] ва қолган кунлари рўза тутади.

Савол: Куннинг ярмида рўза тутмаган мусофир сафардан қайтса ёки ҳайз кўрган аёл покиза бўлса нима қиладилар?

Жавоб: Куннинг қолган қисмида рамазоннинг ҳурматидан рўзани бузадиган амалларни қилмай турадир.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси ўқитувчиси Ҳошимов Ойбек

[1] Бақара 183-оят.

[2] Рамазон ойида ўн кун касал бўлиб рўза тута олмагани сабаб ўн кунлик қазоси бор эди. Рамазондан кейин ўн кун соғлом бўлса ўн кун тутади, беш кун соғлом бўлиб яшаса беш кун тутиш лозим бўлади. Чунки беш кун яшагани учун беш кунлик рўза унга вожиб бўлади. Мусофирни ҳукми ҳам шу каби бўлади.

[3] Ҳар бир кун учун ярим соъ буғдой ёки майиз, бир соъ хурмо ёки арпа. Икки маҳал мискиннинг қорнини тўйдирса ҳам бўлади.

[4] Молини тасарруф килувчи валий васиятини молнинг учдан биридан амалга оширади. Чунки маййитдан қолган молни учга тақсимланади: 1. Кафанлаш ишлари. 2. Васиятини амалга ошириш. 3. Меросхўрларга бериш.

[5] Чунки фарз бўладиган вақти тонг вақти ҳисобланади. Фарз вақти кирганида уларга ҳали фарз эмас эди. Шунинг учун ўша кун учун қазо тутмайдилар.

[6] Масалан, рамазон ойида беш кун давомида ақлсиз – ўзини билмади ва қолган кунлари ўзига келди. Ўзига келган кунлари рамазон рўзасини тутиб рамазондан кейин ўзини билмаган беш куннинг қазосини тутади.

224560cookie-checkРамазон бўйича савол-жавоблар: Рўза

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: