islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳни осмонда десак нима бўлади? | 3-мақола

Ўхшаши йўқ бўлган Зот Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин.

Олий қадар Зотни танишда бизларга ўрнак бўлган ҳабибимиз Муҳаммадга саловату дурудлар бўлсин.

Далилларни тушунишда бизларга тўғри йўлни кўрсатиб кетган барча уламоларимиздан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин.

Энди мунозаранинг бошқа бир босқичига ўтсак.

Бугунги кунимиздаги Аллоҳга макон нисбатини берувчилар юқоридаги оятларда таъвил ҳам мажоз ҳам мумкин эмас дейдилар. Фараз қилиб, сизлар  айтганларинг каби “Бу ишлар мумкин эмас. Таъвил ҳам мажоз ҳам ножоиз”, бўлсин. Демак таъвил ҳам мажоз ҳам йўқ. Хўп бунга кўндик, лекин, ўзингиз айтган гапга ўзингиз амал қилмаяпсизку. Яъни, аслида, сизлар ҳам ўзларингиз келтирган оятларда таъвил қиляпсизлар. Масалан: Биргина қуйидаги оятни оламиз. Шу оятдан бошқасига ўтмаймиз, шу оятни ўзи ҳақида гаплашамиз.

أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الأرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ

  1. Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми.

Демак, бу оятда сизларнинг таъбирингиз билан айтганда бизда ҳам сизларда ҳам фаришталар назарда тутилган эмас, фақат Аллоҳнинг ўзи (зоти) ирода қилинган. Лекин айнан шу жойга келганда бизлар ҳам сизлар ҳам тақдирда бир калима бор дейишга мажбур бўламиз. Яни:

Сизнинг мазҳабингизга кўра: ذاته فى السماء -Унинг Зоти осмонда бўлган Аллоҳ.

Бизнинг мазҳабда: حكمه فى السماء – Унинг ҳукми осмонда бўлган Аллоҳ.

Бундай демасдан бошқа илож йўқ. Чунки оятда бу лафзлар келмаган. Биз ўзимиз айтган маънони беришимиз учун ўша лафзларни тақдирда қилишга мажбурмиз. Сизлар “Биз оятга бирор қўшимча қўшмаймиз, бирор калима тақдир қилинган деб айтмаймиз. Сизлар эса калима тақдир қиласизлар”, деб ўзиларни оқламанглар. Чунки, ҳаммамиз ҳам бир калима тақдир қилишга мажбурмиз.

Энди орамиздаги хилоф қайси бир калимани тақдирда қилинса, маъно афзал бўлишида қоляпти холос. Сизлар бизларга “Зоҳирга амал қил, зоҳиридан ташқарига чиқма, таъвил қилма, оятда йўқ нарсани зиёда қилма”, дейсизлар. Хўш фақат биз калима тақдир қилиб сизлар соф оятни ўзи билан кифояланяпсизларми. Йўқ, бундай деб одамларни алдаманглар. Ҳаммамиз ҳам калима тақдир қиляпмиз. Сизлар зоҳирий маъносидан ташқарига чиққанинглар каби биз ҳам чиқяпмиз. Сизлар калима тақдир қилганинглар каби биз ҳам калима тақдир қиляпмиз. Натижа қайси калима афзал эканида қоляпти холос. Сизлар: “Биз Қуръоннинг зоҳири билан, Аллоҳ айтган нарсадан ташқарига чиқмаймиз, Аллоҳ ўзига нимани собит қилган бўлса биз ҳам собит қиламиз”, дейсизлар. Айтингчи Аллоҳ қаерда “Зотини” ўзига собит қилди. Оятда борми? Йўқ. Унда бундай даъвони қаердан олдинглар?

Бу ерда тушиб қолган калима қайси калима эканида борасида ихтилоф бўляпти. Зотни тақдир қилиш сизнинг ижтиҳодингиз. Бу Аллоҳ ўзига исбот қилган нарсани исбот қилиш дейилмайди. Унинг ҳукми ёки амри деб тақдир қилиш бизнинг ижтиҳодимиз. Бир ижтиҳод бошқа бир ижтиҳод билан бекор қилинмайди. Ундан ташқари сизнинг ижтиҳодингиз бизнинг ижтиҳодимиздан афзал ҳам эмас. Чунки:

Оятдаги хитоб Қурайшга бўляпти. Биламизки, Мулк сураси Маккий суралардан ҳисобланади. Аллоҳ Таоло уларга: “Осмондаги Зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми”? деб таҳдид қиляпти. Бугунги кунимиздаги Аллоҳга макон нисбатини берувчилар: “Қурайш Аллоҳни осмонда мавжудлигини эътиқод қиладилар”, деб айтадилар. Бизнингча бунда бироз тафсилот бор. Лекин ҳозир бу ҳақда эмас. Улар айтган гаплари билан оятни ўргансак: Мушриклар Аллоҳнинг осмонда мавжудлигини эътиқод қиладилар, лекин фақат ибодатда Унга ширк келтирадилар. Аллоҳга макон нисбатини берувчилар мазҳабига кўра тавҳид –  улуҳийят ва рубубийятга тақсимланади. Уларнинг мазҳабига кўра Қурайш Аллоҳнинг борлигини инкор қилмайди, балки Уни осмонда деб эътиқод қиладилар. Шундан келиб чиқсак, оятдаги таҳдид қаёқда қолади. Гўёки Аллоҳ Таоло уларга: “Унинг зоти осмонда бўлган Зот сизларни ерга юттириб юборишидан қўрқмайсизларми”? деб таҳдид қилмоқда. Ўзи улар Аллоҳнинг зотини осмонда деб турган бўлсалар, ўзлари билиб турган нарсалари билан таҳдид қилинмайдику. Бу услуб улар учун қўрқинчли бўлмайди. Улар Аллоҳнинг зоти осмонда деб биладилар, лекин бут-санамларига ибодат қилиб, улардан ҳожатларини сўраб, шафоат талаб қиладилар. Яни улар бут-санамлари зарар беришидан қўрқадилар. Шунинг учун улардан сўрайдилар. Аллоҳдан эмас.

Энди биз айтган маъно билан оятни тушунадиган бўлсак. “Унинг улканлиги, катта ва буюклиги олдида ер заррадек бўлиб қоладиган осмонда  ҳукми, буйруғи юриб турган Зот сизларни ерга юттириб юборишидан қўрқмайсизларми”. Бутун осмон унинг буйруғига бўйсуниб турган зотга кичик бир ер бўйсунмайдими? Албатта, бўйсунади. Ўша ерга сизларни юттириб юборишидан қўрқмайсизларми? Ушбу услуб дахшатга солишга муносиби, қалбга етиб боришида кучлироғи, таъсири кўпроғи эмасми. Буюк осмон олдида Аллоҳнинг қудратига ер нима бўлибди. Аввалги тафсирдан буниси яхши эмасми. Чунки зоти осмонда бўлган деганда “ерга юттириб юборишга қодирми ўзи”, деган савол пайдо бўлади. “Қодир ёки қодир эмас”, деганимизда ҳам Зоти осмонда бўлиш билан ерга юттириб юборишда қандай алоқа бўлиши мумкин. Зотни тақдирда қилишда таҳдид ва қўрқитиш зоҳир бўлмайди. Лекин ҳукм ёки амрни тақдир қилганимизда бу маъно очиқ кўринади. Чунки ҳукм ва амр куч-қудрат белгисидир. Оятда эса Аллоҳнинг қудрати ҳақида гап кетяпти.

Буларнинг барчаси мунозарадаги тафсилотлар ҳисобланади. Ниҳояда эса биз ҳам улар ҳам бир калимани тақдир қиламиз. Шунинг учун таъвил қилиш мумкин эмас деган гап ўринли эмас.

وَجَاءَ رَبُّكَ وَالْمَلَكُ صَفًّا صَفًّا

Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келсалар[1].

Ушбу оятда ҳам Роббингни амри деб амрни тақдир қилиб айтсак мумкин эмас дейсизлару нимага ўзларингиз зотни тақдир қиласизлар. Нимага сизлар айтган ўринда мумкину бошқа ўринларда мумкин эмас. Бу адолатсизлик эмасми?

“(Юқоридаги оятлар борасида) Баъзи машойихларимиз: “Уларга иймон келтирамиз ва таъвиллари билан шуғулланишни тарк қиламиз”, дедилар. Улардан баъзилари эса: “Аллоҳнинг ҳужжатлари(далиллари)га зид келмайдиган (йўл)га кўра уларни ҳамл(таъвил) қиламиз”, дедилар”[2].

Шарҳ: Яни уламоларимиз ушбу масалада иккига бўлиндилар. Бир қисми таъвилга киришмаймиз, Аллоҳнинг оятларига шундоқлигича иймон келтирамиз, таъвилига киришмасдан Аллоҳнинг ўзига тафвиз қиламиз яни топширамиз дедилар. Қолганлари эса бошқа бир нақлий ва ақлий далиларга зид бўлмаган ҳолда таъвил қиламиз дедилар.

“Таъвилнинг кўриниши: Гоҳида истиво зикр қилиниб ундан истиқрор (ўрнашиш) ирода қилинади. Гоҳида эса истиво зикр қилиниб ундан истийло (эгаллаш) ирода қилинади. Шунинг учун зид келиб қолишни даф қилиш учун истийлога таъвил қилинади. Агарчи ҳар бир нарсанинг Роббиси бўлса ҳам وَهُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ “У улуғ аршнинг Робисидир[3]”, деб аршни зикр билан хослагани каби, Аршни зикр билан хослашлик уни улуғлаш учундир”[4].

Шарҳ: Далиллар бир бирига зид келиб қолмаслик учун истивони истийло маъносини оламиз. Агар истиқрор маъносини олсак унда

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

 “У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У зот ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир”[5], оятига ва ақлий (юқорида ўтган ва қуйида келадиган) далилларга зид келиб қолади. Истийлода эса ҳам нақлий ҳам ақлий далилларга зидлик юзага келмайди, балки уларга мувофиқ келади.

Матннинг давомида Аллоҳга макон нисбатини берувчилар доимий сўрайдиган саволга жавоб берилмоқда. Яни савол қуйидагича: “Агар сизлар айтгандек аршга ўрнашмаган бўлса балки эгаллаган, ғолиб Зот дейдиган бўлсак, Аллоҳ Таоло фақат аршга эмас балки барча оламлар устидан ғолибку нимага айнан арш келтирилди. Айнан аршни зикр қилиниши аршдан ўрин олишни билдирмайдими”?

Саволга кейинги оят билан жавоб берилади. “У улуғ аршнинг Робисидир”, Аллоҳ фақат аршнинг эмас, ҳамма нарсанинг Роббиси бўлса ҳам нимага оятда фақат арш зикр қилиняпти? Бу оятга нима деб жавоб берсангиз аввалги оятга ҳам шу жавоб бўлади. Биламизки аршни зикр қилишдан мақсад аршни шанини улуғлаш учундир. Худди кейинги оятда ҳам Аллоҳ Таоло фақат аршнинг Роббиси, аршдан бошқа нарсаларнинг Роббиси эмас деган маъно чиқмаганидек, айнан аршни зикр қилишда аршнинг шанини кўтариш, улуғлаш ирода қилинган, холос. Яна биламизки арш махлуқотларнинг ҳажм ва жисм жиҳатидан энг каттаси бўлгани учун аршни эгаллади дейилганидан бошқа барча махлуқотлар ҳам эрта қачон истийло бўлганини тушуниш мумкин.

“Аллоҳ Таолонинг: أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ Унинг улувҳийяти осмонда бўлган зот, зоти эмас. Худди: “Фалончи Бухоро ва Самарқан амири”, деб айтилинади, агарчи унинг зоти у иккисида бўлмаса ҳам”[6].

Шарҳ: Масалан унинг ўзи ҳажда бўлса ҳам “Унинг амирлиги, ҳокимлиги Бухоро ва Самарқандда собит”, дегандек.

Давоми бор…

Таҳфизул Қуръон кафедраси

4-босқич талабаси Қамбаров Иқболжон

[1] Фажр сураси, 22-оят.

[2] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 64-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.

[3] Тавба сураси, 129-оят.

[4] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 64-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.

[5] Шууро сураси, 11-оят.

[6] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 64-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.

225260cookie-checkАллоҳни осмонда десак нима бўлади? | 3-мақола

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: