islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

​ Илмнинг ҳақиқати ва боқий илмга эришиш йўллари

Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий айтадилар:

“Илм таҳсил қилиш Аллоҳ таъолога шундай маҳбуб амалки, Аллоҳ таъоло тарафидан умматга келган энг биринчи хабар “Ўқи” деган лафз бўлди.

Энг биринчи лафз “Тавҳид” (Аллоҳни ягона деб билиш) ҳам бўлиши мумкин эди. Чунки, “Тавҳид”сиз инсон мўъмин бўла олмайди. Аллоҳ таъоло ҳар гуноҳни кечиради. Лекин мушрикларнинг гуноҳи (ширк)ни кечирмайди. “Тавҳид” ўта муҳим бўлганлиги учун энг биринчи ваҳий “Тавҳид” лафзи бўлиши ҳам мумкин эди.

Энг биринчи лафз “Рисолат” (пайғамбарлик)га тааллуқли бўлиши ҳам мумкин эди. Сизлар пайғамбарга иймон келтирингиз деган ваҳий ҳам бўлиши мумкин эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўъмин бўла олмайди”

Пайғамбарга иймон келтириш ҳам шу даражада муҳим эди.

Лекин бундай бўлмади. Биринчи келган хабар “Тавҳид”га ҳам, “Рисолат” (пайғамбарлик)га ҳам  тааллуқли бўлмади. Энг биринчи хабар “Ўқи” дея илмга тааллуқли бўлди. Бундан маълум бўладики, илм таҳсил қилиш Аллоҳ таъолога ўта маҳбуб амалдир.”

Ҳўп, ундай бўлса, бу ерда зикр қилинган ва мақталган илм қандай бўлади?

Ҳазрат Мавлоно Ҳифзурроҳман Поланпурий айтадилар:

“Илмнинг ҳақиқати ҳақида бир умумий янглиш тушунча учрайди. Кўпинча китобларнинг лафзлари ва ёзувларини илм деб тушунилади. Умуман олганда айнан шуни илм деб номланади. Шунинг учун кимга лафзлар ва ёзувлар кўпроқ ёд бўлса, унинг илми кўпроқ деб тушунилади. Ваҳоланки, бунинг номи “маълумотлар”дир. Илм бошқа нарса, маълумотлар бошқа нарсадир. Бу зоҳирий лафзлар ва ёзувлар илм эмас, балки, илмни зоҳир қилиш воситаларидир. Улар орқали илм ифода қилинади. Илм дарҳақиқат бир маънавий нарса  бўлиб, у лафзлар орқали зоҳир қилинади. Илмнинг ҳақиқатини баён қилаётиб, Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

ليس العلمُ بكثرة الرواية إنما العلمُ نورٌ يُقْذَف في القلبِ

Яъни: “Ривоят кўплигининг номи илм эмас, балки илм бу қалбга солинадиган нурдир” дейдилар.

У орқали банда ҳақни англай олади ҳамда хақ ва ботилни ажрата олади.

Айни шу нурга нисбатан Қуръони каримда шундай дейилди:

قَدْ جَاءكُم مِّنَ اللّهِ نُورٌ وَكِتَابٌ مُّبِينٌ

Яъни: “Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди”. (Моида сураси, 15-оят)

Яна айни шу нурга руҳ ҳам дейилди:

وَأَيَّدَهُم بِرُوحٍ

Яъни: “…ва уларни бир руҳ билан қўллагандир”. (Мужодала сураси, 22-оят)

Яна айни шу нурга тааллуқли бошқа ўринда шундай деди:

وَجَعَلْنَا لَهُ نُوراً يَمْشِي بِهِ فِي النَّاسِ

“…унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйдик”. (Анъом сураси, 122-оят )

Яъни, Биз илмни нур қилиб қўйдик. Бас, аслида айни шу нурнинг номи “илм”дир.

Имом Шофеъийнинг машҳур шеърлари бор:

شَكَوْتُ إلَى وَكِيعٍ سُوءَ حِفْظِي

فَأوصانِي إلَى تَرْكِ المعَاصي

فإِنَّ العِلْمَ نُورٌمن الهي

ونورُ الله لا يُعْطَى لعاصي

Мен Вакиъга ҳотирамдан қилдим шикоят

Гуноҳларни таркига қилди васият

Деди: чунки, илм нури илоҳий,

Берилмас осийга нури илоҳий.

Маълум бўлдики, илм нури илоҳийнинг номидир. У гуноҳкорларга берилмайди. Агар фақат лафзларни талаффуз қилишнинг номи “илм” бўлганида эди, у ҳолда,  у нафақат гуноҳкорларга, балки, кофирларга ҳам берилаверар эди.​

Яна шунингдек, Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қиладилар: “Ҳақиқий илм инсонни гуноҳлардан тўхтатадиган илмдир. Агар шундай бўлмаса, у ҳолда у илм ўша олим учун мусибатдир” .

Ундай бўлса, ҳақиқий боқий илм қандай ҳосил қилинади?

Толиби илм манфаатли ва боқий илмни ҳосил қилиши учун  қуйидаги насиҳатларга доимо амал қилиши лозим:

  1.Гуноҳлардан сақланиш;

Ҳазрат Мавлоно Ҳифзурроҳман Қосимий Поланпурий айтадилар:

Илм давлатини ҳосил қилишлик учун зоҳирий гуноҳлардан сақланишлик зарур бўлгани каби, ботиний иллатлардан ҳам қалбни поклашлик ўта зарурдир. Усиз илм нури ҳосил бўлмайди.

Ҳазрат Имом Ғазолий раҳматуллоҳи алайҳ ёзганларки, ёмон ахлоқдан нафсни поклашлик, худди намоз учун зоҳирий аъзоларни поклашлик зарур бўлгани каби зарурдир. Чунки, намоз зоҳирий ибодат бўлгани каби, қалб ва ботин ибодати ҳамдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

لا تدخل الملائكة بيتا فيه كلب

Яъни: “Фаришталар ит бор уйга кирмайдилар” деганлар.

Қалб фаришталарнинг уйидир. Улар ўрнашадиган ва тушадиган жойдир. Ғазаб, шаҳват, гина, ҳасад, кибр, худбинлик каби разил сифатлар худди итлар кабидир. Бас, қачонки, қалбда бу қадар ботиний итлар бўлар екан, у ерга фаришталар қандай кирсинлар. Шу нарса аниқ бўлганки, Аллоҳ таъоло илм нурини фаришталар воситасида қалбга солади. Шундай экан, илм нурини ҳосил қилишлик учун қалбни барча нопокликлардан пок бўлиши зарурдир.

Аллоҳ таъоло марҳамат қилади:

وَذَرُواْ ظَاهِرَ الإِثْمِ وَبَاطِنَهُ

“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!” (Анъом сураси, 120-оят)

Яъни, зоҳирий ва ботиний барча гуноҳларни тарк қилинг. Аъзоларнинг гуноҳларини ҳам қалб гуноҳларини ҳам тарк қилинг. Аъзоларни солиҳ амаллар билан ва қалбни еса гўзал хулқлар билан зийнатланг.

  1. Устозларни ҳурмат қилиш;

Илмнинг ҳақиқий бойлигини ҳосил қилишлик учун толиби илмга устозининг хизматини қилиши ва унга муҳаббат қўйиши жуда зарурдир. Айнан шундан, толиби илм диний ва дунёвий тараққий топади.

Ҳазрат Таҳановий қуддиса сирруҳу айтадиларки, мен қасам ичиб айтаманки, дин китоблар орқали ҳосил бўлмайди. Тўғри диннинг усули ва қоидаси китоблар орқали ҳосил бўла олади. Лекин, ҳақиқий дин улуғларнинг хизматини қилмасдан балки дакки эшитмасдан туриб ҳосил бўлмайди. Дин бировга хушомад қилмайди. Дин айни шу ишва (хушомад)лардан ҳосил бўлади. Уни ким хоҳласа олсин, ким хоҳласа олмасин. Акбар деган яхши шоир бор эди. У кишининг гапи ҳикматга тўла эди. Унинг бир мисраси шуки:

Дин ҳўта ҳэ бузругўн ки назар сэ пейда

Яъни: “Дин улуғларнинг назари тушишидан пайдо бўлади”.

“Арвааҳэ салааса” китобида ёзилганки, Ҳазрат Нонутвий раҳматуллоҳи алайҳнинг хузурларига Ҳайдарободнинг икки навобзодаси (ҳоким ўғли) ўқишлик учун келган эди. Ҳазрат гоҳ гоҳида уларга оёқларини бостириб турар эдилар. Бир бор шундай дедилар: Улар мени оёғимни босиб қўйишларига зарурат йўқ. Лекин илм айни шундай ҳосил бўлади.

* ​Устоз учун дуо.

Ҳазрат Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳга ўта ихлосли ва муҳаббатли эдилар ва доимо юксак эҳтиром кўрсатар эдилар. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ улов миниб олган эдилар. У киши эса ортларидан пиёда юрганча тинмай саволлар сўрар эдилар.

У киши ўзлари айтадилар: Мен уч йилдан бери, Имом Шофеъий ҳақларига дуо қилмасдан бирор намоз ўқимадим.

Фойда: Ҳакимул умма, Мавлоно Ашраф Али Таҳановий қуддиса сирруҳу айтадилар: “Шогирдлар муҳаббат қўядилар, шунда, устозлар ҳам муҳаббатли бўладилар”.

Ҳазрат Мавлоно Қосим Нонутвий қуддиса сирруҳ айтадилар: “Аллоҳ таъолонинг одати жорияси шуки, устозларга беадаблик ила илм ҳосил бўлмайди”.

Яна ўзлари айтадиларки: “Аллоҳ таъоло менга нима нарса ато қилган бўлса, устозлар ва улуғларга нисабатан одоб ва муҳаббат қўйганлигим сабабли ато қилгандир”.

Ҳадиси шарифда: “Кимдан илм ўргансанг, унга нисбатан тавозеъ ва одоб ила муомала қил” дейилган.

  3.Китобга ҳурмат;

Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

“Толиби илм бирор китобни таҳоратсиз ушламаслиги лозим. Шамсул аимма, Имом Ҳалвоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Бизга қайси илм ҳосил бўлган бўлса, унда одоб ва эҳтиромнинг катта дахли бор. Менинг ҳолатим шундай эдики, хеч қачон бирор китобни таҳоратсиз ушламас эдим”.

Имом Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ қоринлари дам бўлиш дардига мубтало бўлишларига қарамасдан таҳоратсиз китоб ушламас эдилар. Бир куни мутолаа қилиш давомида ўн етти марта таҳорат олишларига тўғри келди.

 4.Дарсга мунтазамлик;

Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

“Толиби илмга лозимки, у дарсга хеч қачон қатнашмай қўймасин. Бу сабабли бебаракалик бўлади. Кўпинча, бу қадрига етмаслик сабабли инсон илмдан маҳрум бўлиб қолади. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ бир неча йил Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг дарсларида ҳозир бўлдилар. Имом Абу Ҳанифа ҳазратлари бомдод намозидан кейин дарс бошлар эдилар. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, мен беморликдан ташқари ийдул фитр ва ийдул азҳо кунлари ҳам Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ажралмас эдим. Илм мажлисига қатнашишлик менга шунчалик ёқар эди.

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг тавсифларида шундай ёзилган:

مات ابن لي فلم احضر جنازه ولا دفنه و تركته علي جيراني و أقربائي مخافة ان يفوتني من أبي حنيفة شيء ولا تذهب حسرته ابدا

Менинг ўғлим вафот этди. Лекин мен жанозасига ҳозир бўла олмадим. Жаноза, жиҳозлаш ва дафн қилишда иштирок эта олмадим. Бу ишни қўшниларим ва қариндошларимга топширдим. Мен буни Имом Абу Ҳанифанинг дарсидан бирор нарса мендан ўтиб кетишидан қўрқганлигим ва унинг ҳасрати абадул абад битмаслиги сабабли қилган эдим.

Аллома ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ айтар эдиларки, мен дарсга қатнашиш учун шу даражада югурар эдимки, югуришлик сабабли нафасим сиқилиб қолар эди.

Бир куни Мадинада фил келди деган шовқин кўтарилди. Бу овозни эшитган заҳоти талабалар дарсни ташлаб югуриб кетдилар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Яҳё деган бир шогирдни хотиржам дарс ўқиётганини кўрдилар. Эй, Яҳё! Сиз фил кўришга бормадингиз? деб сўрадилар. У: Ҳазрат! Мен илм ҳосил қилишлик учун ватанимни ташлаб келган эдим, фил кўришлик учун эмас деди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ хурсанд бўлиб, унга Андалус аҳлининг ақллиси деган лақаб бердилар. Айни шу талаба Имом Молик Муваттоларини нақл қилувчиси бўлди.

Бугун шундай вақт келдики, талабалар айиқ ва маймун кўришлик учун дарсни ўтказиб юборадилар”.

5.Устоз суҳбати;

Ҳазрат Мавлоно Ҳифзурроҳман Поланпурий айтадилар:

Ботинни тарбия қилиш ва нафсни ислоҳ қилиш учун бирор шайх суҳбати ниҳоятда зарурдир. У сиз нафси аммора нафси лаввома ва у нафси мутмаинна бўла олмайди.

Ҳазрат Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ малфузотларида келадики, илмнинг айнан ўзи мақсад эмас. Балки, илмнинг асари (таъсири) мақсаддир ва бу еса улуғларнинг суҳбатидан ҳосил бўлади. Албатта, илм муайян бўлади. Саҳобаи киромларнинг барчалари ўқимишли эмас эдилар. Лекин, фақат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатлари, уларни комилликнинг энг юқори даражасига етказиб юборган эди.

Шунинг учун толиби илмларга лозимки, талабалик даврида хеч бўлмаганда бўшагандан кейин бироз вақт бўлса ҳам албатта бирор Аллоҳнинг валийсининг суҳбатида туриб, ўзининг ислоҳий алоқасини ўрнатсин ва кейин гоҳ гоҳида унинг хизматига ҳозир бўлиб турсин. Токи, мадрасада ҳосил бўлаётган нарсага амал қилиш ҳиммати ва қалбда қувват пайдо бўлсин”.

Ҳазрат Аллома Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳдан бир киши, ҳозирги замонда мадраса талабаларининг амал қилиш жиҳатидан камчиликларга мубтало бўлишларига сабаб нима? – деб сўради. Шунда, Ҳазрат аъло даражада жавоб бердилар. Айтдиларки, дин икки нарсанинг мажмуъасидир. Бири, илми нубувват, иккинчиси, нури нубувват. Талабалар илми нубувватни ҳосил қиладилар. Лекин Аллоҳнинг валийларидан нури нубувватни ҳосил қила олмайдилар. Шу сабабли илмга амал қилиш қувватидан доим маҳрум бўладилар. Ҳақ таъоло бунинг таъкидида Қуръони Покнинг бир оятини менинг қалбимга солгандир. Ундан бу маънонинг таъкиди ва тафсили бўлади. Ҳақ таъоло марҳамат қилади:

قد جآءكم من الله نور و كتاب مبين

Яъни: “(Эй, Одамлар!) Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳ тарафидан бир нур ва очиқ-ойдин китоб келди”.

Баъзи муфассирлар ёзганларки, бу ердаги нурдан мурод Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зоти бобаракотларидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Саҳобаи киромлар китобни ҳам таълим олдилар. Яъни, илми нубувватни ҳам ҳосил қилдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суҳбатлари орқали анвори нубувватни ҳам ўз қалбларига кўчирдилар. Илми нубувват нақшлари китобдан олиниши мумкин бўлади. Лекин анвори нубувватнинг ўрни қоғоз бўла олмайди. Нурнинг ўрни фақат мўминнинг қалби бўла олади. Бас, улуми нубувват китоблардан китобларга кўчаверган ва анвори нубувват қалблардан қалбларга кўчавергандир”.

  1. Ҳаётини илмига мувофиқ ўзгартитиш ва илм билан бирга қалб дарди ва унинг Аллоҳга қайтишини пайдо қилишга ҳаракат қилиш;

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

“Дин илми дарҳақиқат Аллоҳ таъоло тарафидан бир нурдир  ва у ҳар кимга ато қилинмайди. У илмнинг қадрига етиш ва унга мувофиқ ҳаётини ўзгартириш фикрини қилган кимсага ато қилинади. Айни шундай кимсага бу нур ато қилинади. Шунга кўра, бу илмнинг ҳақиқий фойдаларини ҳосил қилишлик учун “Аллоҳга қайтиш”ни муҳим аҳамияти бор. Яъни, “Ҳар ишда Аллоҳга инобат қилиш, Аллоҳга қайтиш” кўпроқ бўлсин, ўшандагина бу илмнинг анвору-баракоти ато қилинади.

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

Мен ўзимнинг падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман. Ҳазрат Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни Ҳазрат қаергадир илм таҳсил қилиш учун юбордилар. У олим бўлиб қайтиб келди. Ҳазрат Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир мажлислари бўлар эди. Ҳазратга тааллуқли кишилар келар эдилар. Ҳазрат уларга насиҳат қилиб турар эдилар. У ўғиллари келганида, Ҳазрат унга, биродар, сен буткул янги илм ҳосил қилиб келгансан. Бугун сен ваъз қил дедилар. У жудаям тетик, буткул янги илм ҳосил қилган эди. Ҳазрат инъом қилгач, у бажонидил қабул қилди. Мажлис жамланган эди. У мажлисда ваъз айтди. Одамлар тинглайвердилар, тинглайвердилар. Лекин таъсирланмадилар. Оддий бир олимнинг гапини эшитдилар. Шундан кейин Ҳазрат ташриф буюрдилар ва ўтириб, бор йўғи шундай бир жумла айтдилар: Биродар, биз бугун рўза тутишни ирода қилган эдик. Кечаси биз саҳарликда ичиб оламиз ва рўза тутамиз деб сут сақлаб қўйган эдик. Лекин тақдир ғолиб келди. Мушук келиб сутни ичиб кетди ва биз рўза тута олмадик.

Бор йўғи шунчалик гап айтган эдилар. Бутун оломон қаттиқ йиғлай бошлади. Шунчалик гап сабабли олмонни қаттиқ йиғи эгаллаб олди ва сарҳуш бўла бошладилар. Шундан кейин Ҳазрат Шайх ўғилларига шундай дедилар: Қарагин, сен соатлаб ваъз қилавердинг. Унда хеч нарса бўлмади. Мен эса бор йўғи бир жумла гапирган эдим, ундан одамларнинг қалбларида шундай таъсир бўлди. Сен илм ўрганиб келдинг. Лекин худди шундай, энди қалб дардини ва қалбнинг Аллоҳга қайтиши (боғланиши) пайдо қилишга ҳаракат қил. Кейин сенинг бир сўзинг хоҳ у фасоҳат ва балоғатли ҳам бўлмасин, чалама-чакки бўлсин. Унда ташдан қараганда хос бир мазмун ҳам бўлмасин. Ўша ҳам одамларнинг қалбларига таъсирли бўлади.

Ҳулоса ўрнида, ҳазрат мавлоно Зулфиқор Аҳмад  Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳниг қуйидаги насиҳатларини келтириш билан чекланамиз:

“ Жисмнинг жиҳатидан бироз эшитинг. Ким энг кўп оч бўлган бўлса, ўша энг буюк муҳаддис бўлган.

– Саҳобалар розияллоҳу анҳум ичида энг кўп оч юрган саҳоба ким эдилар? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эшик олдида ётар эдилар, ейишга бирор нарса топа олмаганлар. Лекин энг буюк муҳаддис бўлдилар.

– Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ бир кун касал бўлдилар.Табиб пешобни текшириб кўрди ва: Бу одам ҳечам қора мурч истеъмол қилмаганми? деб сўради. Шогирдлар: Ҳазрат! Табиб шундай деяпти дейишди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ: Ҳа, ўтган ўн саккиз йилдан бери ҳечам қайла ва нон емадим дедилар.Ҳазрат! Ундоқ бўлса қандай кун кечирасиз? деб сўрадилар.Шунда, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ: Мен 5-7 дона бодом еб олиб, бутун кунимни ўтказиб оламан дедилар.

Ейдиган таомлари шу эди, илмда эса қандай даража топдилар? Энг буюк муҳаддис бўлдилар.

Маълум бўладики, илм ҳосил қилиш учун фақат бир қарашда миянинг озуқаси бўладиган нарсанинг фойдаси бўлмайди.Тўғри, бу нарсалардан ақл ривожланади. Ақл орқали ҳосил бўлган илм эса фойдали илм бўлавермайди. Ибодат ва тақво йўли ила эришилган илм боқий илм бўлади.

Азиз талабалар! Сиз ибодат йўли ила илм ҳосил қилишга ҳаракат қилинг.Тақво орқали илм ҳосил қилинг. Суннатларни жамлаш орқали илм ҳосил қилинг.Илмга амал қилиш орқали илм ҳосил қилинг. Шу тарзда Аллоҳ таъоло сизнинг қалбингизга бутун умр фойда берадиган илмни туширади.”

(“Илмэ нафэ” – Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизга фойдали илм ва унга амал қилишликка муваффақият ато қилсин. Ва бу ўрганаётган барча илмларимизни оҳиратда фойдамизга ҳужжат айласин.

ТИИ 4-курс талабаси

Муҳаммад Али Муҳйиддин

226550cookie-check​ Илмнинг ҳақиқати ва боқий илмга эришиш йўллари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: