islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Росулуллоҳни йиғлатган оят

“Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?!

 (Нисо, 41-оят)

“Бу оятда Аллоҳ таоло бизга қиёмат куниниг дахшати ва у кунда содир бўладиган ишларнинг шиддати ҳақида хабар бермоқда. Яъни, ҳар бир умматдан бир гувоҳ – ўзларнинг набийлари – уларнинг амалларига шоҳид бўлиб келган кундаги ишлар ва унда жамланганларнинг ҳоли қандай бўлади, дея Роб азз ава жалла ажабланмоқда. (Тафсири Қуръан ал-азим).

Қиёмат кунида ҳар бир умматга ўз пайғамбари гувоҳ этиб олиб келинади. Анбиёлар эса ўз умматларининг Аллоҳнинг амрига юрганлари ва юрмаганлари ҳақида гувоҳлик берадилар (Тафсири Ҳилол). Бундан тушуниладиган маъно шундаки ҳар бир умматнинг қилиб турган амали ўз набийсига кўрсатилиб турилади (Тафсири Мунир).

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло “Эй Муҳаммад, биз сизни ҳам ана шу каззобларга гувоҳ қилиб келтирамиз” деб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам юзланмоқда (Тафсири мунир). Қиёмат кунида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кимларга гувоҳ бўлишликлари борасида эса мўтабар тафсир китобларида турли таъвиллар келтирилади. “Тафсири ҳилол” соҳиби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу борада шундай ёзадилар: “Муҳаммад алайҳиссалом аввалдан охиргача ҳамма умматларга гувоҳлик берадилар”, дейдилар. Имом Табарий бу шаҳодат “ўша одамнинг амаллари, расулини тасдиқлаши ёки ёлғонга чиқариши” борасида бўлишини айтадилар.

Имом Қуртибий эса оятнинг бу қисмини “Қурайш кофирлари ва бошқа кофирларга ишора қилади. Қурайш кофирлари бу борада хосланади, чунки, уларга бериладиган азоб бошқа кофирларникидан шиддатлироқ бўлади. Сабаби, мўжизалар кўрсатилган бўлса ҳам, ўз қайсарликларини қўймадилар. Ваҳоланки, уларнинг кўзлари олдида бир неча бор ноодатий ишлар содир бўлган эди”, деб тафсир қилганлар.

Мулла Али Қори эса бу масалага янада кенгроқ ёндашиб: “У зот гувоҳ бўлинганлар (умматлар) ва гувоҳлар (Анбиёлар)нинг ўзига ҳам гувоҳ бўлиб келадилар. Ҳабибимиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳларнинг сўзлари тўғрилигига ва ҳолатларини оқлаш учун, гувоҳ бўлинганларга эса уларнинг амалларига яраша ёмон оқибат кутиб тургани ва ёмонликни касб қилганликлари ҳақида шоҳидликка ўтадилар”, деб айтадилар.

“Ал-иклийл ала мадорику ут-танзийл ва ҳақоиқ ут-таъвийл”да имом Насафий бу оятни хослаб: “У зот ўз умматлари (Уммати Муҳаммадия)дан иймон келтирганлар, куфрга юрганлар ва қалбларида нифоқ бўлганларга гувоҳ ўлароқ келтириладилар”, деб тафсир қилган бўлсалар, бу масалада “Тафсири Мунир” соҳиби Ваҳба Зуҳайл Росулуллоҳу соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз сийратлари ва истеқоматлари билан суннатларини тарк  этганларга ҳужжат ўлароқ келтириладилар”, деганлар.

Имом Қуртубий ўз тафсирларида Саид ибн Мусайябдан бу борада қилинган бир ривоятни қайд қиладилар: “Бирор бир тонг ёки кеча йўқки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга ўз умматлари кўрсатилиб турилмайдиган. Шунинг учун ҳам у киши уматининг сиймолари ва амалларидан умматларини таниб оладилар ва улар борасида гувоҳлик бера оладилар”.

Оятда васф қилинаётган умумий шаҳодатларнинг кайфияти қандай бўлиши ҳақида Имом Табарий Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан тафсирларида қуйидаги ривоятни келтирадилар.

Садийдан ривоят қилинади: “Қиёмат кунида анбиёлар келадилар. Улар билан бирга қавмларидан битта, иккита, ўнта ёки ундан оз ёки кўп бўлган уларга иймон келтирганлар ҳам бирга бўладилар. Хаттоки, Лут алайҳиссаломнинг қавми ҳам келтирилади. Пайғамбарлардан сўралади: “Сизларга буюрилган рисолатни етказдингизми?” Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. Яна сўралади: “Ким бунга гувоҳлик беради?” Улар: “Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати”, деб жавоб берадилар. Энди ҳозиргина ўша Анбиёларнинг қавмларидан сўралади: “Расуллар сизларнинг ҳузурингизда гувоҳликни омонат топширган эдилар, энди сиз нима билан бунга гувоҳлик берасиз?” Улар: “Ё Роббимиз, улар дунёда етказишликка гувоҳ бўлганларидек, бизлар ҳам уларнинг етказганларига шаҳодат берамиз”. Яна сўралади: “Бунга ким гувоҳ бўлади?” Улар: “Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам”, деб жавоб берадилар. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам чақириладилар ва умматлари тасдиқ этгани ва анбиё алайҳимуссаломлар умматларига етказганлиги борасида шаҳодат берадилар.

Юнус ибн Муҳаммад ибн Фадола Ансорий отасидан ривоят қилади: менинг отам Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобийларидан бири эдилар. Бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Бани Зафарга бордилар. Ўша ердаги бир тошга ўтирдилар. У зот билан Абдуллоҳ ибн Масуд, Муоз ибн Жабал ва бир неча саҳобалари ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қорига Қуръон ўқишни буюрдилар. Қори “Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?!” деган оятга етиб келганида Росулуллоҳу соллоллоҳу алайҳи ва саллам йиғлаб юбордилар, хатто йиғилари қаттиқлигидан соқоллари ва елкалари силкиниб кетди. Шунда: “Ё бор Ҳудоё, мана, мен ўзим билан бирга бўлганларга гувоҳлик бердим. Лекин қандай қилиб кўрмаганларимга шоҳидлик бераман?” дедилар.

Ояти кариманинг тафсиридан олинадиган хулосар:

  1. Қиёмат кунида содир бўладиган ишлар шиддатли ва дахшатли бўлишини қалбан ҳис қилишимиз ва ўша он учун ҳар сония тайёргарлик қилишимиз лозимлигини унутмаслигимиз.
  2. Анбиё алайҳумуссаломларга ўз умматларининг яхши ва ёмон ишлари кўрсатлиб турилгани ва қиёмат кунида бу бўйича гувоҳлик беришлари.
  3. Муҳаммад алайҳиссалом у кунда аввалдан охиргача ҳамма умматлар, қурайш кофирлари, анбиёлар ва уларнинг қавмлари борасида ҳам шоҳидликка ўтишлари.
  4. Ҳабибимиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизни ҳар кечаю кундузда кўриб, амалларимиздан воқиф бўлиб турганликлари ҳақида чуқурроқ тафаккур қилиб, ҳар онимизда у зотнинг суннатларига эргашиб, буюрганларини бажариб, қайтариқларидан қайтишимиз лозимлиги.

Муҳаммад Иброҳим Исмоилжон ўғли, 

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси 4-босқич талабаси

226580cookie-checkРосулуллоҳни йиғлатган оят

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: