Ҳозирги пайтда дунёда кечаётган воқеаларни холис кузатиб турган ҳар қандай мусулмон ўзига шундай саволларни бериши табиий: “Мусулмонлар намунча бунчалик кўп фитнага учрашмаса?! Нега дунёнинг ҳамма ерида мусулмон уммати фитнага гирифтор бўлаверади? Нега бир Аллоҳга сиғинадиган, бир қиблага қараб ибодат қиладиган, бир Пайғамбарга эргашган мусулмонларнинг турли тоифалари ғанимлар фитнасига осонгина учиб, бир-бирларини маҳф этиш билан овора?! Бутун тарих давомида неча марта алданиб, борини бой берган бу уммат яна нима учун бир тешикдан чақилаверади?!”
Ҳар бир эс-ҳушли, фаросатли инсон мусулмон оламининг бу аччиқ қисматидан чуқур изтиробга тушади, диндошларининг янги мустамлакачилар ҳийла ва фитнасига ҳамиша алданиб қолаётганларидан қаттиқ надомат чекади, мусулмонлар фитна туфайли ҳар гал ўйлаб ҳам ўтирмай биродаркушлик урушлари домига кириб кетаверишига ачинганича қолади.
Кўпинча дунёда кечаётган Исломга дахлдор воқеа-ҳодисотлар туфайли кайфиятлар бузилиб, ёруғ олам қоронғу зулматга айланган пайтларда Қуръон ва ҳадис ўрганиш дард малҳами, қалб таскинига айланади. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларидаги бир ҳадис бор:
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Умарнинг олдида эдик. Шунда у: «Қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ўзлари айтгандек ёд олган?» деди. «Мен», дедим. «Сен журъатли экансан, нима деганлар?» деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кишининг аҳли, моли, нафси, боласи ва қўшнисидаги фитнасига рўза, намоз, садақа ва амру маъруф ҳамда наҳйи мункар каффорот бўлади», деганларини эшитганман», дедим. Шунда Умар: «Мен буни ирода қилганим йўқ, худди денгиз мавжидек мавж урадиганини ирода қилдим», деди. «Эй мўминларнинг амири, у билан нима ишинг бор? Сен билан унинг орасида ёпиқ эшик бор», дедим. «Эшик синдириладими ёки очиладими?» деди. «Йўқ, синдирилади», дедим. «Ундай бўлса, абадий ёпилмаслиги яқинроқ», деди»[1]. Ҳадис ровийларидан бири ўша “эшик”нинг ҳазрати Умарнинг ўзи эканини ҳам айтиб ўтган.
Энди эътиборингизни ҳадиснинг асл мағзига қаратсак… Унда замонлар ўтиши билан набавий бир башоратнинг тўла рўёбга чиққанига шоҳид бўласиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз вафотларидан кейин Ислом уммати жуда кўп фитналарга учраши хабарини беряптилар. Бундай фитналар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларидан кейиноқ бошланиши ҳам айтилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Эшик шунчаки очилганида яхши эди, аммо у илоҳий иродага кўра синдирилди. Синдирилган эшик эса абадий ёпилмайдиган бўлди: фитналарнинг қиёматгача давом этиши илоҳий муқаддаротга айланди. Ислом душманлари фитна уюштириб, Ислом давлатининг раҳбари ҳазрати Умарга суиқасд уюштиришди: ёлланма қотил у киши намозда имомлик қилиб турганида орқаларидан заҳарли ханжар уриб, ҳалок қилди. Фитналарга дарвоза бўлиб тўсиб турган Умар розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин фитналар занжири бир-бирига уланиб кетаверди.
Ҳа, айнан шу воқеадан кейин фитналар худди қўзиқориндай болалаб бораверди. Учинчи ва тўртинчи ҳукмдорлар ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумо ҳам фитначилар қурбонига айланиб, ҳалок бўлишди. Фитна туфайли Исломда биринчи тафриқа-бўлиниш содир бўлди: хаворижлар ҳақ йўлдан ажраб чиққан илк мазҳабга айланди. Фитна туфайли Исломнинг икки шавкатли раҳбари Али ибн Абу Толиб ва Муовия ибн Абу Суфён ўрталарида бемаъни бир қатлиом бошланиб кетди, оқибатда минглаб бегуноҳ мусулмоннинг қони ноҳақ тўкилди. Ислом тарихидаги энг аянчли воқеалардан Сиффийн ва Жамал муҳорабалари ҳам айнан фитна туфайли юзага келган эди. Бундай фитналардан ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломнинг буюк саҳобаларию завжаи мутоҳҳаралари ҳам четда қолишмади. Фитналар сабабли Пайғамбар алайҳиссаломнинг суюкли набиралари имом Ҳусайн энг навқирон ёшида шаҳодат топди. Фитналар туфайли Язид ибн Муовия минглаб мусулмоннинг бошига етди, ҳаётига зомин бўлди[2]…
Шундан кейин ҳам фитналар бир-бирига уланиб кетаверди. Ғанимлар ноғорасига ўйнаб, ука акасига қилич кўтарди, бола отасининг қотилига айланди. Душманлар фитнасига учиб, бир мусулмон саркардаси иккинчисининг устига қўшин тортиб борди ва Ислом шавкатини анча пайтгача сўндирди. Тахт ва манфаат талашиб бир ҳукмдор иккинчисини дорга остирди. Ўтган ўн беш асрлик тарихга назар ташласангиз, Ислом олами мўғуллар истилосини ҳисобга олмаганда бошқа ҳамма вақт фитнага учиб, фақат бир-бирларини қирғинбарот қилаётгани аён бўлади. Бунинг асл сабабини билмоқчи бўлганлар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадислари билан танишсин: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бошига бир замон келадики, унда қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайди», дедилар»[3].
Охирги юз йиллик мусулмон уммати энг кўп фитнага учраётган бир давр бўлмоқда. Узоқ йиллар дунёга ҳукмронлик қилган мусулмонлар дин душманларининг макр-ҳийласи ва фитнасига алданиб, салтанатни қўлдан бой беришди ва аввалги мавқеъларини йўқотишди. Салтанат билан бир пайтда дин бирдамлиги, биродарлиги ҳам қўлдан кетди, тараққиётдан орқада қолинди. Қанча жонлар, қанча моллар эвазига фатҳ этилган Ислом ерлари ва ўлкалари очкўз, ваҳший фитначиларнинг сурбетларча талон-тарож ўйинига қурбон бўлиб кетди. Турли фитналар ва геосиёсий ўйинлар натижасида бой Ислом оламининг ерларини мустамлакачилар томонидан ўзаро тақсимлаб олиш ёки қамал қилиш ёхуд бойликларини ташиб кетиш ҳанузгача тўхтовсиз давом этмоқда.
Милодий йигирма биринчи аср айниқса мусулмонларни хорлаш, камситиш, замини ва мулкини талон-тарож қилиш юзйиллигига айланиб кетди. Дин душманларининг фитнаси туфайли неча йиллардан буён шўрлик Фаластин халқи ватанидан мосуво қоляпти. Фитначилар бирлашиб, турли найранг ва таги йўқ баҳоналар билан гуллаб-яшнаб, тараққий этиб турган Ироқ, Афғонистон каби ўлкаларга бостириб киришди, миллионлаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётини сўндиришди, шаҳарларни вайрон қилишди, бойликларини ташиб кетишди. Ҳали Мьянмада, ҳали Марказий Африкада, ҳали бошқа жойда фитна билан минглаб мусулмонларни очиқ-ойдин қатлиом қилиш тўхтамаётир.
Уларнинг ҳакалак отган нафси шулар билангина тинчиса, кошки эди. Йўқ, яна янги-янги фитналар бошланди: “Араб баҳори” деган шармандали ном (аслида “Араб қиши-зулмати”, “Араб қатлиоми” деган номлар муносиброқ эди) остида мусулмон мамлакатларидаги мавжуд тузумларга қарши уруш очилди. Бирин-кетин Ливия, Миср, Яман, Сурия каби тинч ўлкалар уруш майдонига айланди. Обод шаҳарлар вайрон бўлди, аҳолининг тинчи ва тирикчилиги бузилди, минглаб одам юртини ташлаб қочди. Фитна уруғи сочилган бу ўлкаларда бошланиб кетган биродаркушлик, фуқаролик урушлари, қон тўкишлар ҳали-бери тўхтайдиганга ўхшамайди[4].
Битта ит ёки мушукнинг ўлими туфайли дунёга жар солувчи фитначиларни ўзлари ишлаб чиққан ана шу “Араб баҳори”нинг касофати билан қанчалаб одамнинг ўлгани ёки ярадор бўлгани мутлақо қизиқтирмас эди. Интернет орқали тарқаган бир манзара сира одамнинг кўз олдидан кетмайди: Суриядаги бомбардимонлар чоғида ярадор бўлган жажжигина араб болакайи ўлимини сезганми, ҳарқалай, атрофидагиларга “Худонинг олдига борганда ҳаммасини айтиб бераман, жазоларингни беради” деб юборди алам билан. Унинг бу ноласини хотиржам, юраклар зирқирамай эшитиш мумкин эмас эди. Болакайнинг мана шу икки оғиз сўзи “Араб баҳори” фитначиларига қарши энг улкан айбнома эди.
Кўпинча мусулмонлар орасида ўзларининг бир ярим миллиард нафарли катта куч бўлишларига қарамай, душманларнинг фитнаси, ҳийласи ва қаршилиги олдида ожиз қолишларидан ўкиниш, афсусланиш кайфиятини кузатиш мумкин. Бунинг сабабини ҳам аслида илоҳий муқаддаротдан, набавий башоратдан ахтариш тўғрироқ бўлур эди. Яна Пайғамбар алайҳиссаломнинг башоратларига қулоқ солайлик:
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳали умматлар сизга қарши худди очкўзлар лаганларига ташлангандек ташланадилар ҳам», дедилар. «Ўша кунда биз оз бўлганимиз учунми, Эй Аллоҳнинг Расули?» деди биров. «Йўқ! У кунда сиз кўп(бўла)сиз, аммо селнинг кўпиги кабисиз. Албатта, Аллоҳ душманларингиз қалбидан сизнинг ҳайбатингизни суғуриб олади ва сизнинг қалбингизга бўшангликни солади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бўшанглик нимадир?» деди биров. «Дунёнинг муҳаббати ва ўлимни ёқтирмаслик», дедилар»[5].
Агар мана шу набавий башоратларга яхшироқ эътибор қаратадиган бўлсак, фитналарнинг келиб чиқишига бир жиҳатдан ўзимиз ҳам айбдор эканмиз. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган даврлари етиб келди шекилли, мусулмонларнинг ҳайбати йўқолиб боряпти. Кўпларимиз бўшанглик ва лоқайдлик касалига мубталомиз. Бу эса дунёда кечаётган воқеаларга нисбатан эътиборсизлигимизда, дўст киму душман ким – яхши ажрата олмаслигимизда, ғанимлиги очиқ-ойдин билиниб турган томоннинг фитналарига осонгина учиб, диндошимизга, миллатдошимизга қарши қурол кўтараётганимизда кўпроқ намоён бўлиб қоляпти. Аллоҳнинг Расули огоҳлантирганларидай, бугунга келиб мусулмон уммати бошқаларга қараганда ҳам дунёга қаттиқ муҳаббат қўйган. Бу эса ўлимни ёқтирмасликка, иложи борича дунёнинг шаҳватларига ғарқ бўлишга чорлаяпти. Мусулмонларнинг дунё шаҳватларига берилишлари эса Ислом бирдамлигига ва ҳайбатига тўғаноқ бўлаётгани ҳам сир эмас. Манфаатлар, мол-дунё фитнаси кўп ҳолларда имон-эътиқод ишларини ортга суриб юбораётгани, диндошдан юз ўгириб, ғаним олдида ялтоқланишга мажбурлаётгани ҳам ойдай равшан!
Кўзни каттароқ очиш, фитналарга учмаслик, дўсту душманни фарқлаш, имон-эътиқодни бошқа барча шахсий манфаатлар ва ҳою ҳаваслардан устун қўйиш пайти келди. Фитналарнинг олдини олиш учун Аллоҳга тоат-итоатни, ибодатни, бандаликни кучайтиришимиз лозим. Фитналарга гирифтор бўлиб қолинганида ёки унинг хавфи бўлганида эса Пайғамбар алайҳиссалом таълим берганларидай, солиҳ амалларни кўпайтириш, тақвони кучайтириш, охиратни дунёдан афзал кўриш, истиғфорни кўп айтиш, шукр ва зикрни кўпайтириш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зулматли кеча бўлаклари каби фитнадан олдин амал қилиб қолинг. Унда киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кофир бўлиб кун боттиради. Мўмин бўлиб кун боттиради ва кофир бўлиб тонг оттиради. Ўз динини дунё матоҳига сотади»; Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир», дедилар»[6].
Мусулмонларнинг боши қиёматгача фитналардан чиқмаслиги охирзамон Пайғамбари башорат қилган илоҳий тақдирдир. Аллоҳнинг тақдиридан эса қочишнинг ёки уни четлаб ўтишнинг имкони йўқ. Шундай экан, Аллоҳнинг ёзган қазосига кўнамиз, фитналарни бир илоҳий синов тарзида қабул қилиб, улардан хулосалар чиқарамиз, асл фитначиларнинг башарасини англашга уринамиз. Фахри коинот таълим берганлардай, фитналардан имонимизни янада кучайтириш, Ислом бирдамлигини мустаҳкамлаш, Аллоҳнинг ризосига эришиш йўлида фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Қолаверса, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусулмон умматига гўзал бир башорат, таскин берувчи мужда бор: Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу уммат раҳматга сазовор бўлган умматдир, уларга охират азоби йўқдир, азоблари дунёдадир: фитналар, зилзилалар ва қатллар”, деганлар[7].
Маълумки, фитнага кўплаб сабаблар мавжуд, шулардан айримларини шу ўринда зикр этиш лозим.
Биринчи сабаби: Инсон ҳавойи нафсига эргашиши ва ниятининг бузуқ бўлиши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтди: “Эй, Довуд! Дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, сен (нафсу) ҳавога эргашиб кетмагин! Акс ҳолда, у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур”[8].
Ҳавойи нафсига берилиш инсонни кўр ва кар қилади. Ҳадис шарифлардан бирида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллаҳу алайҳи васаллам: «Ожиз -ҳавойи нафсига берилган ва Аллоҳдан турли умидларни қилган одамдир», деганлар. Унинг эгаси ёмонни яхши, яхшини ёмон деб кўрсатади. Аллоҳ ва Унинг Расули йўлига юрмайди, балки нафси буюрганига эргашади, диний таълимотларга гумон ва шубҳа билан муносабатда бўлади.
Иккинчи сабаби: динда ортиқча ғулув-чуқур кетиш ёки ҳаддан ташқари бепарволикка бориш. Аллоҳ таоло ва Унинг Расули динда ғулувга боришдан огоҳлантиради, ҳатто Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Динда ортиқча ғулувга боришдан эҳтиёт бўлинглар. Зеро ғулувга бориш сизлардан олдин ўтганларни ҳалок этиб, қон тўкишга ва ҳаромни ҳалол қилишга олиб келди”.[9]
Учинчи сабаби: Аллоҳ таолонинг барча инсонларни саодатга чорловчи ҳақ йўлидан чекиниб, шубҳали томонларга эргашиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг «онаси» саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса, дейдилар: «Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир». (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”[10].
Тўртинчи сабаби: бир сўзни айтиш ёки амални қилишда шошилишлик ва сабр-тоқат қилмаслик. Аллоҳ тало айтади: “Қавмингдан илгарилаб кетишингга нима сабаб бўлди, эй Мусо? У айтди: Улар – ана, изимдан келмоқда. Мен эса, рози бўлишинг учун Сен томон шошдим эй, Раббим”. Аллоҳ таоло қавмининг финтасига мубтало бўлган Мусо алайҳиссаломни сабрга чорлаб, шундай дейди: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар (қилмишлари) Сизни енгилтакликка (қарғашга) олиб келмасин”!
Аллоҳ таоло Юртимизни ва динимизни турли хил фитналардан, туҳмат ва бўҳтонлардан пок сақлаб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясига олсин!
ТИИ 4-курс талабаси
Аъзамжонов Абдулҳафиз
[1] Бухорий ва Муслим ривоят қилишган
[2] Аҳмад Муҳаммад. Синдирилган эшик ёхуд пайғамбаримизнинг тасдиқланаётган башоратлари. https://azon.uz/
[3] Муслим ривоят қилган
[4] Аҳмад Муҳаммад. Синдирилган эшик ёхуд пайғамбаримизнинг тасдиқланаётган башоратлари. https://azon.uz/
[5] Абу Довуд ривоят қилган
[6] Мазкур икки ҳадисни имом Муслим ривоят қилган
[7] Абу Довуд ривояти
[8] Сод сураси 26-оят
[9] Аҳмад, Насоий ва Ибн Можа ривояти
[10] Оли имрон сураси, 7-оят