Тарихдан маълумки, жамиятда бирор йирик ҳодиса – тарихий воқеа юз бериши, хусусан, бирор илм фаннинг вужудга келиши учун даставвал шунга зарурат, сўнгра шунга имкон берадиган шарт-шароит керак бўлади. Араб тилшунослик илмининг, хусусан, унинг сўз ва жумлалар таркибини ўрганадиган қисми – наҳву-сарфнинг шаклланиб, ривожланиши ҳам бундан мустасно эмас.
Аксар олимлар: “Араб тилининг грамматикаси яъни наҳв илмининг пайдо бўлиб, ривожланиши ислом дини юзага келиши ва шаклланиши билан бевосита боғлиқдир. Чунки араблар исломдан олдин бундай қоидаларга мухтож бўлмаган. Бунга қисман Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётликларида ва хулафои рошидинлар замонларида содир бўлган баъзи воқеалар сабаб бўлган”, деган фикрни илгари сурганлар.
Дарҳақиқат, наҳв илми ислом дини шарофати билан юзага келди ва ривожланди. Каломулллоҳ – Қуръони Карим Ҳижоз арабларининг, аниқроғи, Қурайш қабиласининг тилида нозил бўлди. Муборак оятлар дастлабки пайтларда уларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз қулоғи билан эшитган саҳобаларнинг ёдларида сақланар эди.
Пайғамбаримиз билан бевосита мулоқотда бўлган саҳобаларнинг кексайиб, оламдан ўтиб бораётганларини кўрган халифа Усмон ибн Афвон Қуръони Карим сураларини ишончли манбалардан тўплаб қоғозга тушуришни буюрди. Бу вазифа ҳижрий 30 (651.м) йилда бажарилди. Қуръони Каримни тарихга “Мусҳаф Усман аш-Шариф” (Усмон Мусҳаф Шарифи) номи билан кирган бу дастлабки нусхаларида фақат ундош товушларни билдирувчи ҳарфлар нуқталарсиз ва “ҳаракат” – унлиларни билдирувчи белгиларсиз ёзилган эди. Бу даврга келиб ислом динини кўпгина миллат ва элатлар қабул қилганди.
Мусулмонларни Қуръони Каримни тўғри ўқиш тушунишга ўргатиш керак эди. Бунинг учун биринчи галда араб тилини қонун- қоидалари, яъни наҳвни ишлаб чиқиш зарур бўлиб қолди.
Араб тилининг ажралмас қисмига айланган наҳв илмининг юзага келиш омиллари, ҳамда унинг асосчилари борасида манбаларда турли хил ривоятлар мавжуддир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳуанҳу унинг асосчиси, у билан содир бўлган воқеа наҳвнинг пайдо бўлишига сабаб, деган фикр улар ичида энг машҳуридир.
Биз ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, наҳв илмининг юзага келиши ислом дини билан ўзаро боғлиқдир. Бу ҳақида: “Қуръони Каримнинг ўзи мўъжиза, унга боғлиқ илмлар, жумладан, наҳв илми ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ва мадади билан мўъжизавий тарзда юзага келди”[1], -деб таъкидлашади мусулмон олимлари.
Умумий хулоса қилиб айтадиган бўлсак,арабларнинг грамматика –наҳв илми ислом шарофати билан пайдо бўлди ва тарихан жуда қисқа вақт ичида – VIII, IX асрларда шаклланди, ҳамда X асрдаёқ тўлиқ бир фан сифатида юзага келди. Дастлаб наҳв илми Ироқнинг Басрашаҳрида шаклланган бўлса, кейинчалик Куфа, Бағдод, Миср, Шом ва Андалус каби шаҳарларда олиб борилган илмий изланишлар, қиёсий таҳлиллар натижасида камолига етди.
Араб тили грамматикаси – наҳвнинг ривожланишига Ирокнинг икки: Басра ва Куфа шахарларидаги илмий мунозаралар ва уларнинг жушқин фаолиятлари катта таъсир курсатди.
Қолаверса, Басра шаҳрига қўшни мамлакатлардан одамлар наҳвшунослардан таълим олиш учун келишар ва тўплаган билимларини ўз шаҳарларига олиб кетардилар. Шу сабаб Басра мазҳаби Куфа мазҳабидан кўра кенгроқ тарқалган. Қолаверса, бу ишларга Умавий халифалари ҳам ёрдам берди. Басра наҳв, луғатшунослик ва уларни китоб қилиб ёзишлик билан машғул бўлган дастлабки шаҳар деб эътироф этилади. Сибавайҳ Басра наҳв мактабининг етук намоёндаси ва унинг ёзган китоблари асосий қўлланма ҳисобланади. Бундан ташқари Ахфаш, Юнус ибн Ҳабиб, Язидий, Жаримий, Мозиний, Мубаррад, Зажжож ибн Сирож, Ибн Дарствайҳ Форисий, Сирожий ва бошқалар Басранинг машҳур уламоларидир. Басра наҳв уламолари ўнта табақага бўлинишган[2]. Шайҳ Муҳаммад Тантовий ўзларининг “Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳурун-нуҳат” “Наҳв илмининг пайдо бўлишива машҳур наҳвшунослар тарихи” асарларида Басра уламоларининг етти ва Куфа уламоларининг беш табақасини бир жадвалга тартиблаб батафсил баён қилганлар.
Басрадан бир оз кейин Куфа шахрида хам грамматикани ўрганувчи мактаб пайдо бўлди. Куфа шаҳри араблар яшайдиган Нажд саҳросидан узоқда жойлашганлиги учун у ерга соф араб тилида сўзлашадиган араблар камроқ кўчиб келган. Шундай бўлишига қарамай Куфаликлар ҳам ўзлари учун басраликлар мазҳабига тенглаша оладиган ва рақобатлашадиган хос бир мазҳаб туздилар. Икки мактаб ўртасида кўп масалаларда турли хил қарашлар бўлди. Куфаликлар басраликлардан кўра кўпроқ шеър ривоят килишган.
Куфа мазҳабининг кўзга кўринган намоёндаларидан Абу Жаъфар Руосий ва унинг икки шогирди Кисоий ва Фарролардир. Бундан ташқари Ҳишом ибн Муовия, Ибн Сиккит, Ибн ал-Аробий, Тувал ибн Саъдон, Ибн Кайсон, Анборий, Нафтавайҳлар ҳам Куфанинг машҳур олимлари сирасига киради.[3]
ТИИ Махсус сиртқи бўлим талабаси
Aшуров Мирҳомид
[1] Шайҳ Муҳаммад ат-Тантовий. Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳурун-нуҳат. – Қоҳира. Дорул маъориф. 3- нашр.- 2005. С -65.
[2] Шайҳ Муҳаммад ат -Тантовий. Нашъатун – наҳв ва тариху ашҳурун – нуҳат. “Дорул маъориф” 3 -нашр. Қоҳира. 2005. 326-б
[3] Имом Муҳаммад Абдулазиз ан -Нажжар. Зияус солик ила авзоҳил масалик. Муассасату рисала. 1 – нашр. 1422ҳ – 2001м