Китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”, дея таъкидлаган бўлса, соҳибқирон Амир Темур “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, дея уқтирган.
Шунга асосан талаба-ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий, илмий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантириш, улар ўртасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш мақсадида бугун 2021 йил 28 май куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ва “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбааси билан ҳамкорликда “Китобхонлик куни” шиори остида китоб кўргазма-савдоси ташкил этилди.
Бугун мазкур кўргазма-савдода китобхонларга “Ҳилол-нашр” нашриёт томонидан чоп этилган 155 дан ортиқ номдаги диний-маърифий адабиётлар, фиқҳ, ақоид, тафсир, ҳадис фанига оид ўқув дарсликлар, бадиий, илмий-оммабоп нашрлар, араб, инглиз, рус ва ўзбек тилидаги луғатлар, шеърий тўпламлар ҳамда АРМга келган янги китоблар тўпламлари намойиши бўлиб ўтмоқда.
Мана шундай китоб кўргазмаларининг ўтказилиши ёшларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқини янада оширади. Шунингдек, келгусида ўқув даргоҳимизда ҳафтанинг ҳар сешанба кунини “Китобхонлик куни” деб амалиётга тадбиқ этииб ва бу тадбирни анъана тарзида изчил давом эттирамиз.
Ахборот-ресурс маркази