islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Савоб умидида сабр қилишнинг мукофати фақат жаннатдир

Аллоҳ таоло «Муҳаммад» сурасида: «Ва таъкидки, сизларни синармиз, токи сизлардан мужоҳидларни, сабрлиларни билсак ва хабарларингизни имтиҳон этсак», деган (31 – оят).

Албатта синов кўп нарсаларни ошкор қилади. Синов бўлмай, ҳама иш равон кетаверса, одамлар бир-бирларининг ҳақиқатини била олмайдилар. Ким ҳақиқий мўмин, ким мунофиқлиги ҳам аён бўлмайди. Аксинча, синов йўқ пайтида мунофиқлар олдинги сафга чиқиб, ўзларини фидокор қилиб кўрсатадилар. Худди шу маънога оятнинг давомида ишора қилинмоқда. «…токи сизлардан мужоҳидларни, сабрлиларни билсак ва хабарларингизни имтиҳон этсак». Билгандан сўнг ундан ўз ўрнида фойдаланиш керак. Гоҳ хурсандлик, гоҳ хафалик, гоҳ енгиллик, гоҳ оғирлик, гоҳ бахтиёрлик, гоҳ мусибат билан синов ўтиши инсон руҳидаги, нафсидаги ўша беркитилган нарсаларнинг ошкор бўлишига ёрдам беради. Инсонларнинг бу нарсаларни англаши келажак ҳаётларида ёрдам беради.

Аслида мўмин банда синов ва имтиҳонни орзу қилмайди, балки Аллоҳдан доимо офият ва раҳматни сўрайди. Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳонга учраса, сабр қилади. Бунинг ҳикмати борлигини идрок қилади, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтиради. Ўзига Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутади.

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида: «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир», деган (17 – оят).

Мўмин-мусулмон одам гоҳида қаршиликка учрайди. Одамлардан унга турли озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса:

«…ўзингга етган мусибатга сабр қил». Сабр қилмасанг, иш битмайди.

Мўмин бандага амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида: «(Менинг номимдан) айт: «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деган (10 – оят).

Имом Авзоъий сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирилмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъвил қилганлар.

Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», деган (85 – 86 – оятлар).

Бу ерда Исмоил алайҳиссаломнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақиқатда юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам сабр қилганлар.

Идрис алайҳиссалом ҳам қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлар. Ушбу оятда ҳам у кишининг сабр сифатлари ёд этилмоқда.

Зул-кифл алайҳиссалом ҳам сабр қилгувчилар қаторига қўшилмоқдалар.

Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни ўз раҳматига киритди. Яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар.

Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида: «Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмларгина ҳалок қилинур, холос!», деган (35 – оят).

«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар – Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк Пайғамбарларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганлрида «Улул азм» номини олган буюк Пайғамбарлардан ўрнак олишга чақирилаяптилар.

«Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма!»

У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» Пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.            

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг келадиган бирор зот йўқ. Улар У зотга тенгдош қилурлар. Улар У зотга бола қилурлар. Шундоқ бўлса ҳам У зот уларни ризқлантирур ва афв қилур», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.

Ўзига озор берганларнинг қилмишларига сабр қилиш ва уларни афв қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг хулқи ила хулқланинглар» деганлар. Мўминлар ҳам имкони борича бу хулқни ўзлаштириб олмоқлари лозим.

Хулоса шуки, сабр инсон иймонининг мукаммаллигидандир. Чунки, иймоннинг бир бўлаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг изнисиз эмаслигига ва қазои қадарга  ишонишликдир. Сабр қилган инсон Аллоҳнинг қадарига, у учун ёзиб қўйган тақсимотига, Роббисининг имтиҳонига таслим бўлган ҳисобланади. Бу эса айнан диннинг бир бўлагидир. Айнан шунинг учун ҳам, сабрнинг мукофоти жаннатдир. Бу ҳақда ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, унинг мукофоти фақат жаннатдир” Имом Бухорий ривояти.

Эътибор беринг, Аллоҳ  таоло дунё аҳлидан бўлган, фоний бир йўқотиш учун, боқий дунёда, абадий ҳаётда жаннат ваъда қилмоқда. Шарт шуки, “савоб умидида сабр қилса…”.

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳлардан сақланишимизга, хайрли амаллардаги машаққатларни енгишимизга ҳамда имтиҳонлардан ажр билан чиқишимизга кифоя қилгудек сабр билан сийласин!

ТИИ 4-курс талабаси

Смамутов Қайратдин

231700cookie-checkСавоб умидида сабр қилишнинг мукофати фақат жаннатдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: