Юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий-маънавий меросида калом илмига бағишланган асарлар салмоқли ўрин эгаллайди. Бу асарларни илмий таҳлил ва тадқиқ этган ҳолда таржима қилиш, улардан кенг халқ оммаси, айниқса, ёшларни хабардор қилиш ҳозирги давр учун энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Насафий “Баҳрул калом”да мутъа (вақтинча, қисқа муддатга келишув асосида фойдаланиш никоҳи бўлиб, аҳли шиа ўзларининг бу қарашларига Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 236-оятини далил келтирадилар) ҳақида фикр юритиб, жумладан, шундай дейди: “Мутъа никоҳи худди маст қилувчи ичимликлар каби ҳаром. У
الزَّانِيَةُ وَالزَّانِي فَاجْلِدُوا كُلَّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا مِائَةَ جَلْدَةٍ
“Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз дарра урингиз!” ояти билан бекор қилинган”.
Шунга кўра, бугунги кунда тобора авж олаётган никоҳнинг “эркин никоҳ”, “французча никоҳ”, “шведча никоҳ” каби турли-туман ғарбона кўринишлари ҳам инкор этилади.
Насафий, шунингдек, асарлари орқали асосан ўрта асрларда ёлғон, вайронкор қарашлари билан кенг ёйилган қадария, хорижия, жаҳмия, қирмития, шиа, мушаббиҳа, муътазилия ва карромия каби адашган оқимларга қарши курашган. Шу орқали буюк аждодимиз бу тоифалардан таъсирланган, ғояларини ўзлаштирган ИШИД, сохта салафийлик, ҳизбут таҳрир сингари деструктив тўдаларга ҳам курашиш йўлларини кўрсатиб бергани аён бўлаётир. Зеро, бу оқимлар фаолияти янгилик бўлмасдан, аввалдан бўлгани, уларнинг нотўғри ақидаси турли замонларда ўзгача кўриниш касб этиб, бизгача етиб келгани илмий исботланган.
Абу Муин Насафий аксар ақидавий ихтилофлар натижасида вужудга келган ҳар хил хунрезликлар барҳам топиб, барча ишлар аҳли сунна ақидасига биноан қарор топган, турли-туман нотинчликлар, фитналар ва курашлардан холи бўлган бир даврда яшаган. Бу ижобий ҳолат эса, шубҳасиз, имом Насафийнинг ҳаёти ва ижодига ўзининг ижобий таъсирини ўтказган
Бинобарин, Абу Муин Насафий калом илмининг мустақил фан сифатида ривожланиши, ислом дунёсида мотуридия таълимотининг кенг тарқалиши йўлида олиб борган улкан ишлари билан ажралиб туради. Аллома қолдирган илмий-маънавий мерос нафақат ўз замонаси, балки турли хил оқимлар, фирқалар ўз бузғунчи ғоя ва мақсадларини давом эттираётган ҳозирги давр учун ҳам долзарб ҳисобланади. Бундан ташқари, Абу Муин Насафийнинг калом илмига оид мероси манбашунослик, исломшунослик, ўрта асрларда шаклланган оқимлар тарихи бўйича муҳим аҳамиятга эга.
Халқимизнинг илмий-маънавий мероси, ислом ва унинг ғоялари, диний, миллий-маънавий қадриятларимиз, юртимиздан етишиб чиқиб, бутун дунёда машҳур бўлган буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросларига асосланган ҳолдагина ислом дини ғояларини бузиб талқин қилишга уринаётган оқимларнинг асл мақсадларини фош қилиш мумкин бўлади
Абу Муин Насафийнинг калом илми таълимотига оид фикрларига асосланган ҳолда жамият аъзолари орасида ақидавий масалаларда пайдо бўлган турли тушунмовчиликларга барҳам бериш, ҳар хил адашган гуруҳларнинг нотўғри, ботил ақидаларини аниқлаш, уларга қарши курашиш йўлларини ишлаб чиқиш мумкин. Шу билан бирга, унинг асосли мулоҳазалари қонуний – конституцион тузумга қарши гуруҳларга нисбатан ғоявий қурол сифатида хизмат қилади
Абу Муин Насафий мероси диний мутаассибликка қарши курашнинг маърифий асосларини илмий-назарий жиҳатдан асослашда ҳам муҳим методологик асос сифатида хизмат қилади.
Кези келганда айтиш керакки, буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий мероснинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини ҳис қилган ҳолда уларни тўғри йўналтириш бугунги кун талабидир.
4-курс талабаси Ниязалиева Мунира