islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Имом Бухорийдан қилинган ривоятларнинг энг машҳурлари

Имом Бухорийдан қилинган ривоятларнинг энг машҳурлари учтадир. Улар:

Биринчиси: Иброҳим ибн Маъқил Насафий (ваф.295/908) ривояти.

Мазкур ривоят Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад Хайём[11] орқали машҳур бўлган. Ундан буюк имом Абу Сулаймон Хаттобий (ваф. 388/998) ривоят қилган. Хаттобийнинг “Аълом ал ҳадис” (буюк муҳаддислар) номли асари Иброҳи ибн Маъқил Насафийнинг ривоятида асос ҳисобланади.

Иккинчиси: Ҳаммод ибн Шокир Насафий (ваф.311/923) ривояти.

Мазкур ривоятда келган ҳадислар сони Фирабрийнинг ривоятида келган ҳадислардан икки юзта камдир. Ушбу ривоят икки йўл билан етиб келган:

  1. Бакр ибн Муҳаммад Жаъфар ривояти.
  2. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Румайҳ Насавий ривояти.

Байҳақий ўзининг “ас-Сунан ал-Кубро” асарида устози Абу Абдуллоҳ Ҳокимдан, у Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Румайҳдан, у Ҳаммод ибн Шокирдан, у эса Имом Бухорийдан ривоят қилиш орқали мазкур иккинчи ривоят йўлидан кўп нақл қилган.

Учинчиси: Абу Абдуллоҳ Фирабрий (231/845-320/932) ривояти.

Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ни унинг муаллифи имом Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг ўзидан бир неча марта эшитган. Ҳатто айрим манбаларда унинг икки марта – биринчиси 248 йили Фарабр шаҳрида, иккинчиси 252 йили Бухорода эшитгани зикр қилинган.[12] Фирабрий мазкур асарни уч марта, яъни 253, 254 ва 255 йиллари Имом Бухорийнинг ўзидан эшитгани ҳам айтилади.[13]

“Саҳиҳул Бухорий” асари ислом уламолари наздида Қуръондан кейинги энг ишончли манбадир. Чиндан ҳам бу асар исломнинг аҳкомлари, таълимоти ва тартиботларини ўзида энг кўп жамлаган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларига энг яқин замонда вужудга келган асарлардан биридир.[14]

Дарҳақиқат, одамлар бу асарни бир-бирларидан эшитганлар. Уни муаллифнинг ўзидан эшитиб ёд олиш учун Бухорога сафар қилганлар. Шунинг учун ҳам уни тўқсон минг киши эшитган. “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган ана ўша инсонлар орасида Имом Фирабрий ҳам бор эди. Унинг “Саҳиҳул Бухорий”ни қилган ривояти Аллоҳнинг изни билан машҳурликка эришди.

Имом Фирабрий ривоятининг бошқа ривоятлардан фарқли жиҳатлари ва машҳурлик сабаблари:

Биринчиси: Фирабрийдаги одиллик, хотиранинг кучлилиги ҳамда уламоларнинг унга айтган мақтовлари.

Иккинчиси: Фирабрийнинг нусхаси тўлиқ ва мукаммаллиги, ичида нуқсонлари йўқлиги.

Учинчиси: Фирабрий ўзидаги бу нусхани Имом Бухорийнинг қўлида бўлган асл нусхадан кўчириб олганлиги.

Тўртинчиси: Имом Бухорий вафотидан кейин ҳам узоқ вақтга қадар сақланиб қолгани эътиборидан Фирабрийнинг санади олийлиги.

Бешинчиси: Фирабрий уни Имом Бухорийнинг ўзидан эшитганлиги.

“Саҳиҳул Бухорий”ни Фирабрийдан ривоят қилганлар:

 Одамлар имом Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ёд олиш ёки ёзиб олиш учун дунёнинг турли тарафларидан оқиб келганлар. Уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар деб айта оламиз:

  1. Имом, муҳаддис Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Довуд Балхий Мустамлий (ваф. 376/986). У Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни 314 йили эшитган.
  2. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммуяҳ ибн Юсуф ибн Аъюн Ҳаммавий, Сарахс хатиби (ваф. 381/991).
  3. Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий ибн Муҳаммад ибн Маккий ибн Зуроъ Кашмиҳаний (ваф. 389/999).
  4. Абу Али Муҳаммад ибн Умар ибн Шаббуяҳ Шаббавий Марвазий.
  5. Абу Али Саид ибн Усмон ибн Саид ибн Сакан Мисрий Баззоз (ваф.353/964).
  6. Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Марвазий (ваф.371/981).
  7. Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Маккий Журжоний (ваф.373/983 ёки 374/984).

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

талабаси Жўраев Иброхим

233030cookie-checkИмом Бухорийдан қилинган ривоятларнинг энг машҳурлари

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: