islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони каримни ёдлаш фазилати

Аллоҳ таоло:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرّاً وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ {٢٩}

 لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُم مِّن فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ {٣٠}

 

        «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар.Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир»  деган.(Фотир, 29–30),

 Бу икки оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг баъзи сифатлари ва уларга бериладиган мукофотлар ҳақида сўз юритмоқда.

         «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар»

Аллоҳнинг китоби Қуръони каримни тиловат қилиш–унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир. Аллоҳнинг китоби Қуръони каримни тиловат қилиш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Ким ҳам Аллоҳнинг китоби тиловатини билмай туриб бандалик даъвосини қилади? Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Уламоларимиз оддий кишилар учун ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар. Шунда бир ойда Қуръони карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши керак. Шундоқ экан Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам оятда мўминлар сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати келмоқда.

Аллоҳ таоло яна:

ثُمَّ أَوْرَثْنَا الْكِتَابَ الَّذِينَ اصْطَفَيْنَا مِنْ عِبَادِنَا فَمِنْهُمْ ظَالِمٌ لِّنَفْسِهِ وَمِنْهُم مُّقْتَصِدٌ وَمِنْهُمْ سَابِقٌ بِالْخَيْرَاتِ بِإِذْنِ اللَّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَضْلُ الْكَبِيرُ {٣٢}

         «Сўнгра бу китобни ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир» (Фотир. 32), деган.

Бу оят мусулмон умматининг мақоми нақадар улуғ эканини яққол кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло ўзининг ҳақ китобига меросхўр қилиб барча умматлар ичидан айнан мусулмон умматини танлаб олганини айтмоқда.

«Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик».

         Аллоҳ таоло ўзининг боқий мўъжизаси бўлмиш ҳақ китоби–Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига мерос қилиб берди. Бу иноятда шон-шараф ҳам, жуда улкан масъулият ҳам бор.Ана шундай шон-шараф ва катта масъулият юклатилган уммат ичида турли кишилар мавжуд.

         «Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор»

         Улар ўша шон-шарафга номуносиб ва зиммасидаги масъулиятни англаб етмаган осийлардир. Бу тоифадаги одамларнинг ёмонликлари яхшиликларидан кўп бўлади. Улар ўзларига ишониб топширилган ҳақ китобга муносиб бўла олмай ўзларига ўзлари зулм қилганлардир.

         «улардан ўртачалари бор»

         Уламоларимиз «ўртачалар» – фарз ва вожиб амалларни адо этадиган, ҳаромлардан узоқ бўлган, баъзи мустаҳабларни тарк этиб, баъзи макруҳларни қилган кишилардир, деганлар.

         «ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор».

         Улар барча фарз, вожиб ва суннат амалларни тўлиқ адо этадилар. Барча ҳаром, шубҳали ва макруҳ амаллардан узоқда бўладилар. Бунинг устига номига яхшилик бўлса, ҳаммадан ўзиб етиб борадилар.

         «Ана шу айни улуғ фазлдир».

عن عثمان رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم

: ” خيركم من تعلم القرآن وعلمه ”  رواه البخاري

         Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

         «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларинингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар» Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят  қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлган билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшиси ҳақида хабар берилмоқда.
Ўзи мусулмонлар Аллоҳ таолонинг бандалари ичида энг яхшиларидир.

   Бу ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони Каримни ўрганадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшиси ва устози бўлади.
Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага  маълум.
Ҳа, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Каримни ўргатиш ва ўрганиш ана шундоқ улуғ иш бўлиб ўз соҳибини ана шундоқ олий мақомга эриштиради.
Уламоларимиз, Қуръони Каримни ўқитган ва ўқиган зотларни Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари деб атаганлар. Шунинг учун мўъмин банда Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси бўламан деса Қуръони Каримни ўргансин ёки ўргатсин. Мусулмон халқлар тарихига назар солсак, ушбу ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келинганига  гувоҳ бўламиз. Мусулмонлар ҳар қандай қийин шароитда ҳам, ҳаётларини хавф хатарга қўйиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ўрганганлар ва ўргатганлар.Иншоаллоҳ қиёматгача шундоқ бўлгай.

وعن عائشة رضي الله عنها قالت : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : ” الماهر بالقرآن مع السفرة الكرام البررة والذي يقرأ القرآن ويتتعتع فيه وهو عليه شاق له أجران”

         Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

         «Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар» Тўртовлари ривоят қилган.

         Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони Каримга моҳир бўлиш учун тарғиб қилинмоқда.  Қуръони Каримга моҳир бўлганлар учун олий мақом ваъда қилинмоқда. Қуръони Каримга моҳир бўлганлар Қуръони Каримга масъул қилинган Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам ва ўта ҳурматли фаришталар билан бирга бўлишлари таъкидланмоқда.«Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам,ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади». Мазкур фаришталар ҳақидаги гап бизда улар кимлар ўзи деган савол туғдиради. Ўша фаришталарнинг васфи Қуръони Каримда келган.

وعن معاذ الجهني : أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : ” من قرأ القرآن وعمل بما فيه ألبس والداه تاجا يوم القيامة ضوءه أحسن من ضوء الشمس في بيوت الدنيا لو كانت فيكم فما ظنكم بالذي عمل بهذا ؟ ” . رواه أحمد وأبو داود

Муоз ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳивасаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги қуёшнинг зиёсидан ҳам нурлироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дедилар.
Шарҳ: Яъни, Қуръони Каримни ўқимаган отага шунчалик такрим ва ташриф бўлса, Қуръони Каримни ўқиган ва унга амал қилганнинг ўзига қанчалар такрим ва ташриф бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Қуйида биз Қуръоннинг ўз аҳлига бўлган шафоати ҳақида келган баъзи ривоятларни келтирамиз:

عن عَبْدُ اللَّهِ بْنُ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ رضي الله عنهما قَالَ: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الْقُرْآنَ يَلْقَى صَاحِبَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حِينَ يَنْشَقُّ عَنْهُ قَبْرُهُ كَالرَّجُلِ الشَّاحِبِ، فَيَقُولُ لَهُ: هَلْ تَعْرِفُنِي؟ فَيَقُولُ: مَا أَعْرِفُكَ، فَيَقُولُ لَهُ: هَلْ تَعْرِفُنِي؟ فَيَقُولُ: مَا أَعْرِفُكَ، فَيَقُولُ: أَنَا صَاحِبُكَ الْقُرْآنُ الَّذِي أَظْمَأْتُكَ فِي الْهَوَاجِرِ وَأَسْهَرْتُ لَيْلَكَ، وَإِنَّ كُلَّ تَاجِرٍ مِنْ وَرَاءِ تِجَارَتِهِ، وَإِنَّكَ الْيَوْمَ مِنْ وَرَاءِ كُلِّ تِجَارَةٍ، فَيُعْطَى الْمُلْكَ بِيَمِينِهِ وَالْخُلْدَ بِشِمَالِهِ، وَيُوضَعُ عَلَى رَأْسِهِ تَاجُ الْوَقَارِ، وَيُكْسَى وَالِدَاهُ حُلَّتَيْنِ لا يُقَوَّمُ لَهُمَا أَهْلُ الدُّنْيَا، فَيَقُولانِ: بِمَ كُسِينَا هَذِهِ؟ فَيُقَالُ: بِأَخْذِ وَلَدِكُمَا الْقُرْآنَ، ثُمَّ يُقَالُ لَهُ: اقْرَأْ وَاصْعَدْ فِي دَرَجَةِ الْجَنَّةِ وَغُرَفِهَا، فَهُوَ فِي صُعُودٍ مَا دَامَ يَقْرَأُ هَذًّا كَانَ أَوْ تَرْتِيلًا.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Қиёмат куни қабр очилганда Қуръон ўз соҳибига мадорсиз, юзи оқарган кишига ўхшаб йўлиқади ва унга: Мени танийсанми?-дейди. у: танимайман- дейди. Шунда у сени чошгоҳ  иссиғида чанқатган  ва кечалари  бедор қилган дўстинг қуръон бўламан, албатта  хар бир тожир ўз тижоратининг пайида бўлса, сен бугун  бутун тижоратларнинг кетида бўласан дейди  ва мулк  ўнг қўлига  ва боқийлик  чап қўлига берилади. Бошига виқор тожи кийгизилади,  ота-онасига бу дунёда тенги бўлмайдиган  олий  қийматли  кийим кийдирилади. Шунда улар:”Нима учун биз бу кийимларни кийдик?” дейишади. “Фарзандларингиз  Қуръонни  ёд олганлиги учун” дейилади. Сўнг қорига “Ўқи, жаннат  даражалари ва хоналарига  кўтарил”  деб айтилади. Ҳофиз қуръонни тез ёки секин ўқишидан қатъийназар, ўқиган сайин  кўтарилиб  бораверади. (Имом Аҳмад ривояти).  Илоҳим барчамизга шунақа олий мақом насиб қилсин!

ТИИ 4-КУРС ТАЛАБАСИ ҚОДИРОВ АБДУВАЛИ

233150cookie-checkҚуръони каримни ёдлаш фазилати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: