islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

  Мовороуннаҳрда беҳад севиб ўқилган тафсир “Тафсири Ҳусайни”

Ушбу асар фанда “Мавоҳиби Алийя” ва “Тафсири Ҳусайний” номлари билан танилган бўлиб, унинг иккинчи номи билан шуҳрат топиши муаллиф вафотидан кейинги даврга тўғри келади. Кошифий қаламига мансуб “Бадоеъ ал-афкор фи саноеъ ал ашъор” номли асар тадқиқотчиси Р.Мусулмонқуловнинг фикрича, Кошифий шахсининг машҳур бўлиб кетишига ҳам ушбу тафсир сабаб бўлган.

Ҳусайн Воиз Кошифий “Мавоҳиби Алийя” тафсирини ёзишда элликка яқин манбалардан фойдаланган бўлиб, уларнинг фан соҳалари ва ёзилган вақти ҳар хил. Тил нуқтаи назаридан эса, мазкур манбаларнинг катта қисми форс ва араб тилларида ёзилган. Араб тилидаги манбалар асосан X-XII асрларга, форс тилидаги манбалар кўпроқ XII-XV асрларга тегишли. Муаллиф ўзи эслатган ёзма манбалардан турли услубларда фойдаланган, яъни манбаларнинг баъзиларидан “Мавоҳиби Алийя” да кўчирмалар ҳар хил ҳажмда келтирилган.

“Мавоҳиби Алийя” Қуръони каримга ёзилган тафсир бўлгани сабабли, табиийки, унда фойдаланилган манбалар орасида Қуръон тафсирлари асосий ўринни эгаллайди. Имом Бағавийнинг (ваф. 516/1122-1123) “Маолим аттанзил”, Рашидиддин ал-Яздийнинг (ваф. 530/1135-36) “Кашф ал-асрор”, Маҳмуд Замахшарийнинг (ваф. 539/1144) “Кашшоф ал-ҳақоиқи ва уйун алақовили фий вужуҳ ат-таъвил”, Фахриддин Розийнинг (ваф. 605/1209) “Мафотиҳ ал-ғайб”, Абу Наср Бақлий Шерозийнинг (ваф. 606/1209-1210) “Ароис ал-баён фи ҳақоиқ ал-Қуръон”, Нажмуддин Асадийнинг “Баҳр алҳақоиқ”, Қуртубийнинг (ваф. 671/1272-1273) “Жомеъ ал-аҳком ал-Қуръон”, Абулбаракот Насафийнинг (ваф. 701/1301) “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ аттаъвил”, Шайх Кошоний (ваф. 731/1329-1330) “Таъвилоти Коший”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳасан Тусийнинг “Тибён”, Имом Андхудийнинг “Янобеъ ат-тафсир” асарлари шулар жумласидандир. “Мавоҳиби Алийя” нинг манбалари ичида кейинги ўринда ҳадислар туради. Жумладан, “Сиҳоҳ ас-ситта номли ҳадислар мажмуаси “Мавоҳиби Алийя” да нисбатан кўп эслатилган. Бундан ташқари, Кошифий ўз тафсирини ёзишда Абу Толиб Маккийнинг (ваф. 386/996) “Қут ал-қулуб”, Жалолиддин Румийнинг (ваф. 672/1273) “Маснавийи маънавий”, Хожа Муҳаммад Порсонинг (ваф. 822/1420) “Фасл ал-хитоб”, Абдураҳмон Жомийнинг (ваф. 897/1492) “Силсилат аз-заҳаб” каби тасаввуфий мавзудаги асарларига ҳам бир неча марта мурожаат қилган.

Умуман олганда, “Мавоҳиби Алийя” да турли манбаларга таяниб берилган шарҳлар маълум маънода асарнинг машҳур бўлишини ҳам таъминлаган ва ундан кўплаб нусхалар кўчирилган. Ҳозирги вақтда “Мавоҳиби Алийя” (“Тафсири Ҳусайний”) нинг қўлёзма ҳамда тошбосма нусхалари кўп ва улар дунёнинг турли давлатларида мавжуд китоб хазиналарида сақланади.

“Мавоҳиби Алийя” нинг мавжуд қўлёзмаларини тадқиқ қилиш жараёнида, улардан бир қисми XV аср охирларида, яъни муаллиф ҳаётлик вақтида кўчирилгани аниқланди ва табиийки, бундай нусхалар вақт жиҳатдан энг қадимгилари ҳисобланади. Шунингдек, асарнинг XVI-XVII асрларда кўчирилган қўлёзмалари бошқа даврларга нисбатан кўпроқ эканлиги ҳам маълум бўлди. Битирув малакавий ишида асарнинг дунё қўлёзма фондларида сақланаётган нусхалари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

ЎзР ФА Шарқшунослик институти фондида олиб борган тадқиқотимиз жараёнида “Мавоҳиби Алийя” тафсирининг турли даврларда кўчирилган 68 та қўлёзмасини кўриб чиқдик. Уларнинг 11 таси “Шарқ қўлёзмалари тўплами” (СВР)да тавсифланган. Қолган 57 та нусха (№2181, №4989, №5266, №7810, №7967, №10116, №10452, №10609, №11019, 12546 ва бошқалар) Институт картотекасида қисқача тавсифланган. Уларни синчиклаб ўрганиш вақтида 2181 рақами остида сақланаётган қўлёзма бошқаларига нисбатан қадимийлиги маълум бўлди. Қўлёзманинг ҳошиясида қайд этилган таҳририй тузатишлар, қоғозининг қадимийлиги ва колофонда ёзилган котиб исмидан келиб чиқиб, уни муаллиф дастхати деган хулосага келдик.

 “Мавоҳиби Алийя” фақатгина форсий асарлар учун эмас, араб тилида ёзилган тафсирлар учун ҳам манба бўлиб хизмат қилган. Масалан, Исмоил Ҳаққий Абу Муҳаммад ибн Мустафо Бурсавий Ҳанафийнинг (ваф. 1136/1724) “Руҳ ал-баён” номли тасаввуфий руҳдаги тафсирининг ёзилишида ҳам асосий манба бўлган. Фикримизча, “Мавоҳиби Алийя” да кўпгина ишорий услубида ёзилган тафсирлар ва тасаввуф пешволаридан нақллар келтирилгани “Руҳ ал-баён” муаллифининг эътиборини тортган.

Сўфи Оллоёр томонидан ёзилган “Мурод ал-орифин” асарида ҳам Юсуф сурасига тегишли оятнинг маъносини беришда “Мавоҳиби Алийя” га мурожаат қилинган.

“Мавоҳиби Алийя” нинг йиллар давомида толиби илмларга муҳим қўлланма бўлиб келганлигини, нафақат қўлёзма нусхалари кўплиги ва ундан қатор муаллифларнинг фойдаланганлигидан, балки XIX асрнинг 30-йиллари − XX аср бошларида Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Миср ва Россия давлатларида бир неча бор тошбосма усулларда нашр қилинишида ҳам кўриш мумкин. Қолаверса “Мавоҳиби Алийя” XIX-XX асрлар давомида урду, турк, татар тиллларига ҳам таржима қилинган.

Воиз Кошифий Алишер Навоийнинг маънавий даврасида бўлган XV аср Хуросон ва Мовароуннаҳр маданиятининг ривожига катта ҳисса қўшган ҳамда ўз асарлари билан сўнгги авлодларга катта таъсир кўрсатган машҳур алломалардан бўлиб тариҳда қолди. У қомусий ижоди билан ўз даври маънавий юксалиши йўлида фаол хизмат қилди ва нафақат Марказий Осиё, балки бутун Шарқ умуминсоний, маданий бойликларини кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатди.

4-курс талабаси Одинаев Нодир

234440cookie-check  Мовороуннаҳрда беҳад севиб ўқилган тафсир “Тафсири Ҳусайни”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: