Бизга яши маълумки, Қуръони Карим Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда тушди. Гоҳида бир, гоҳида икки-уч оят тушар эди. Бир тушишда ўн оятгача тушган ҳолатлар ҳам бўлган.
Ўйлаб кўринг, йигирма уч йил давомида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят олдинма-кетин тушса-да, ҳаммаси йиғилиб, бутун инсониятни тўғри йўлга бошлайдиган, бир ҳарф ҳам ўз ўрнидан бошқа жойга тушмаган китоб ҳосил бўлса! Бу иш фақат ҳар нарсага қодир улуғ Аллоҳнинг қудратли ҳикмати билан бўлиши мумкун, холос.
Қуръони Карим сураларининг номлари тўғрисида гапирар эканмиз аввало Қуръони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ «оят» ва «сура» сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари ила танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
«Оят» сўзининг бир неча луғавий маънолари бўлиб, улар қўйидагилар:
- «Мўъжиза»[1].
سَلْ بَنِي إِسْرَائِيلَ كَمْ آتَيْنَاهُم مِّنْ آيَةٍ بَيِّنَةٍ
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Бани Исроилдан сўрагин, Биз уларга қанча очиқ-ойдин оят — мўъжиза берган эканмиз», деган.
- «Белги-аломат»[2].
إِنَّ آيَةَ مُلْكِهِ أَن يَأْتِيَكُمُ التَّابُوتُ فِيهِ سَكِينَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Албатта унинг мулкининг оят — белгиси, сизларга Роббингиздан ичида сакина бор тобут келиши-дир», деган.
- «Ибрат»[3].
إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّلْمُؤمِنِينَ
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Албатта, бунда оят —ибрат бордир», деган.
4.»Ажойиб иш»[4].
آيَةً وَجَعَلْنَا ابْنَ مَرْيَمَ وَأُمَّهُ
Аллоҳ таоло «Муъминун» сурасида: «Ва Биз Ибн Марямни ва унинг онасини оят — ажойиб иш қилдик», деган.
- «Бурҳон, далил»[5].
آيَاتِهِ خَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافُ أَلْسِنَتِكُمْ وَأَلْوَانِكُمْ وَمِنْ
Аллоҳ таоло «Рум» сурасида: «Осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингизу рангларингизнинг турли бўлиши Унинг оят — далилларидандир», деган.
- «Жамоат»[6].
Арабларда, қавм ояти — жамоаси билан чиқди, деган гaп бор.
- «Қуръон ояти»[7].
Уламолар истилоҳида эса, оят — Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифасидир.
Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади.
Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар жамоаси ва Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом ўрганган. У кишидан Пайғамбар алайҳиссалом, у зотдан эса, мусулмонлар ўрганганлар.
Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Йаасийн» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.
Энг узун оят эса, «Бақара» сурасидаги «Қарз олди-берди» оятидир.
Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларини яхши тушуниб етишга ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.
Қуръони Каримда оят сўзи кўплаб такрорланган. Оят сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса, фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқни англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади.
«Сура» сўзи луғатда «қўрғон», «манзил» ва «шараф» маъноларини англатади[8].
Уламоларимиз истилоҳида эса, сура — Қуръон оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган мустақил тоифасига «сура» дейилади, деди[9].
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон оятларининг қўрғон ила ўралгандек бир тоифасига «сура» дейилади.
Қуръони Каримдаги энг қисқа сура «Кавсар» сураси бўлиб, уч оятдан иборат.
Энг узун сура «Бақара» сураси бўлиб, 286 оятдан иборатдир.
Қуръонда 114 та сура бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз номи бор. Бу сураларнинг тартибланиши, номлари барчаси Пайғамбаримизга бўлган илоҳий бўйруқ билан амалга оширилган. Зеро, Пайғамбаримизга Аллоҳ таоло тамонидан суралар, оятлар мусхафдаги кетма-кетлик билан нозил қилинмаган[10].
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло Расулига сураларни тўла ҳолатда нозил қилмаган. Аксинча, бир ёки бир нечта оятлар нозил бўлиш сабабига кўра нозил бўлиб турган. Пайғамбаримиз саҳобаларга нозил бўлган оятларни қайси сурага қўшиб қўйишларини айтиб турганлар. Бу эса Аллоҳ таоло тамонидан Пайғамбаримизга таълим берилган. Демак, бу тартиб интизом ҳам илоҳий хохиш бўлиб, унда ҳам умматучун манфаатли бўлган ҳикматлар бор эканлиги аниқ.
Худди шундай сураларга қўйилган атамалар ҳам Пайғамбаримиздан саҳобаларга ўргатилиб турилган. Баъзи суралар суранинг бошланишидаги бир лафз билан аталса, баъзилари мазкур сурада зикр қилинган мазмунга кўра қўйилган. Натижада бу атамалар ҳам инсонлар учун манфаатли илмга ишора қилади. Бу ҳақида алоҳида илмий ишлар қилинган. Ҳозир эса, бу сураларнинг нозил бўлиши ҳақида гапириб ўтамиз.
Маълумки, Қуръони карим Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга 610 – милодий йилдан бошлаб нозил бўла бошлаган. Ҳар бир сура ва оят ўз макони ва замонига қараб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъват ишларига йўлланма сифатида келиб турар эди. Макка мушриклари ва аҳли китобларнинг қаршиликлари ва бошқа воқеаларнинг ҳам нозил бўлаётган ваҳийнинг мазмунига ўз таъсирини ўтказар эди. Шунинг учун ҳижратгача нозил қилинган сураларда асосан ислом ақоиди, тавҳид билан ширк ўртасидаги фарқлар, сохта маъбудаларга ибодат қилишдан қайтариш каби кўрсатмалар баён қилинган.
Ҳижратдан кейин, яъни 622 – йилдан бошлаб Мадийна даврида нозил бўлган сураларда эса, шариат аҳкомлари, ибодат арконлари, мунофиқлар ва аҳли китоблар билан муносабат, жиҳод, сулҳ каби масалалар мужассам эканини кўрамиз[11].
- Мадийна ҳижратидан то ҳижратнинг иккинчи йилида бўлиб ўтган Бадр жангигача «Бақара» сурасининг оятлари вақти-вақти билан тадрижий таризда нозил бўлган[12].
- Бадр жангидан ҳижратнинг олтинчи тузилган Ҳудайбия сулҳигача нозил бўлган суралар: 1.»Анфол» 2.»Оли Имрон» 3.Аҳзоб».
Бундай тақсимотларни ҳам ўрганиш, билиш муҳимдир. Зеро, сураларнинг нозил бўлиш сабаблари, уша даврлардаги ҳолатлар билан боғлиқ ҳисобланади. Бу воқеяларни билиш эса уларнинг даврларини, ҳолатларини ўрганиш билан гина бўлади.
Худди шундай ислом шариати ҳукмларнинг носих мансух бўлишини инкор қилмайди. Демак, Қуръон оятлари билан тайин қилинган шаръий ҳукмлар худди суннат билан собит бўлгани каби кейинги келган янги носих ҳукм билан мансух бўлиши мумкин. Демак, сураларнинг давларини билиш носих мансух илми билан тўғридан тўғри боғлиқ экан. Зеро, сураларнинг аввалгисини кейингиси насх қилади, яъни ҳукмларини янги ҳукмлар билан алмаштиради.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, носих ва мансух масаласи ҳам баъзилар тамонидан танқид қилинса ҳам, аслида уммат учун катта таълим ҳисобланади. Ва бунда умматнинг риоясини қилиш, уларга ҳукмларни енгил бўлишини таъминлаш бор.
Шунинг учун ҳам илоҳий таълимот ҳар доим бандаларга манфаатли бўлган ҳолатда ҳукмларни жорий қилади. Аслида бу ҳам Аллоҳ таоло тамонидан инсонларга берган катта неъмати ҳисобланади.
4 – Курс талабаси ХАҚБЕРДИЕВ МЕХРОЖ
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт, 30-жуз. Шарқ нашриёти. Тошкент. 2007. –Тошкент: 30 жуз. –Б. 53.
[2] Ўша асар. – Б. 55.
[3] Ўша асар. – Б. 58.
[4] Ўша асар. – Б. 61.
[5] Ўша асар. – Б. 62.
[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт, 30-жуз. Шарқ нашриёти. Тошкент. 2007. –Тошкент: 30 жуз.. – Б. 63.
[7] Ўша асар. – Б. 65.
[8] Ўша асар. – Б. 74.
[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт, 30-жуз. Шарқ нашриёти. Тошкент. 2007. –Тошкент: 30 жуз. – Б. 80.
[10] Ўша асар. – Б. 82.
[11] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт, 30-жуз. Шарқ нашриёти. Тошкент. 2007. –Тошкент: 30 жуз. –Б. 97.
[12] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт, 30-жуз. Шарқ нашриёти. Тошкент. 2007. –Тошкент: 30 жуз. –Б. 102.