Юртимизда диний таълим тизимининг ривожланиши ва тараққиёти кўп асрлик тарихга эга. Мадраса (арабча дарс ўқитиладиган жой, дарсхона)лар – исломда ўрта ва олий махсус диний ўқув юрти бўлиб, уламолар, мактаб ва мадраса мударрислари, дин арбобларини тайёрлаган. Бу таълим масканларида диний билимлар билан бир қаторда, дунёвий фанларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мусулмон мамлакатларидаги мадрасалар ҳақидаги илк маълумотлар IХ-Х асрларга оид бўлиб, бу мадрасалар Хуросон ва Мовароуннаҳрда жойлашган эди. Баъзи маълумотларга кўра, Термиздан Абу Исо Термизий ва Муҳаммад Ҳаким Термизий каби буюк алломалар етишиб чиқишида IХ аср бошларида Балхда 1 848 та масжид, 900 та мактаб ва 400 та мадраса бўлгани муҳим рол ўйнаган.
XI асрдан бошлаб мадрасалар етакчи ўқув юртига айланган бўлиб, бунгача таълим масжидларда ва хусусий уйларда, шунингдек, меҳмонхона, кутубхона ва касалхоналарда олиб борилган. Мадрасалар вақф ҳисобига таъсис этилган. У ерда мударрислар ва бошқа хизматчилар маош, талабалар стипендия, ўқув жиҳозлари (дафтар, китоб, қалам ва б.) ҳамда турар жой билан таъминланганлар. XI-XII асрларда Ўрта Осиёнинг барча йирик шаҳарларида бир қанча мадрасалар мавжуд бўлган. Мадрасага мактабни тугатган ўспиринлар қабул қилинган. XIX аср бошларига келиб, Ўрта Осиёда иқтисодий ривожланиш бошлангани туфайли таълим соҳасида ҳам айрим ўзгаришлар юз бера бошлаган. Мактаб ва мадрасалар қуриш авж олиб, айниқса, Қўқон, Тошкент, Бухоро каби шаҳарларда уларнинг сони тез кўпайган.
Бу даврда бир нечта турдаги диний таълим муассасалари (мактаб, мадраса, қорихона, далоилхоналар) мавжуд эди.Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Улар “Кўкалдош” (Тошкент шаҳри), “Мир Aраб” (Бухоро шаҳри), “Хожа Бухорий” (Китоб шаҳри), “Саййид Муҳйиддин махдум” (Aндижон шаҳри), “Ҳидоя” (Наманган шаҳри), “Фахриддин ар-Розий” (Урганч шаҳри), “Муҳаммад ал-Беруний” (Нукус шаҳри), “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасалари (Термиз шаҳри), “Хадичаи Кубро” (Тошкент шаҳри) ҳамда “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муасасалари (Бухоро шаҳри)дир.
Хулоса ўрнида Ислом таълими Ўрта Осиё ҳудудида кечган тарихий жараёнларда, шунингдек, жамиятнинг маънавий-маърифий ривожида муҳим рол ўйнаган.Инсоннинг шахс сифатида камол топишида диний таълим ва тарбиянинг ўрни катта эканини кўплаб тарихий мисоллар орқали кўриш мумкин. Диний тарбия, диний билим ва бошланғич тажрибаларсиз тўлиқ шаклланган, ижод қиладиган, чуқур билимга эга бўлиб фикрлайдиган комил инсонни шакллантириш қийин. Ваҳолангки, бу фуқаролик жамияти ва дунёвий давлатнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
4- талабаси Муяссар Хушбоқова