islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Миссионерлик ҳаракатларининг тарғибот воситалари

Миссионерлик ҳаракатларида қуйидаги алоқа воситаларидан самарали фойдаланилмоқда:

1) Ноширлик фаолияти. Муқаддас матнларнинг маҳаллий тил ва лаҳжаларга таржима қилиниши ва текинга тарқатилиши миссионерлик ҳаракатининг энг бошида келмоқда. Бундан ташқари даъват қилинаётган шахсларнинг савиясига мос китоб, рисола ва шу кабиларни етказишга катта аҳамият берилади.

2) Матбуот ва бошқа ОАВ. «Медиа евангелизми», яъни телевидения, радио, газета ва доимий нашрлар орқали тарғибот миссионерликнинг дунё бўйлаб янада тезроқ ёйилишига сабаб бўляпти. Дунёда турли миссионер гуруҳлар назорати остида юзлаб теле, радио каналлари, кунлик ва ҳафталик газеталар, шунингдек, бошқа доимий нашрлар фаол иш юритишяпти.

3) Интернет тармоғи. Интернет миссионерлиқда тобора таъсирли қўлланилмоқда. Минглаб, ҳатто ўн минглаб Интернет саҳифаларида миссионер ташкилотлари тарғибот ва ташвиқотларини амалга оширмоқда. Шу йўл билан ўзларига «ҳамтовоқ»лар қидиришяпти.

4) Кино. Тасвирли воситалар ичида кинонинг алоҳида ўрни бор. Насронийликни тарғиб қилиш ниятида тайёрланган филм ва сериалларнинг, айниқса, учинчи дунё ўлкаларида таъсири кучли бўлмокда. Деярли барча миссионерлар «Исо» филми каби юзлаб тил ва лаҳжаларга таржима қилинган асарларни видео кассеталар, CD ёки DVD ахборот сақлаш воситалари шаклида насроний бўлмаганларга текин тарқатиш, уларни якка ёхуд кўпчилик бўлиб кўриш «фойдали» эканини таъкидлашмоқда.

5) Саёҳат ва кўнгилхушликлар. Айниқса, болалар ва ёшлар учун уюштирилган саёҳатлар ҳамда оромгоҳлар миссионерлик ҳаракатларида ўзига хос «натижа»лар бермоқда. Бир қарашда ижтимоий, маданий тадбир тарзида тақдим этилаётган бу саёҳат ва дам олиш дастурларидан кўзланган мақсад болалар ва ёшлар билан танишиш, уларга яқин бўлиш ҳамда насронийлик ташвиқоти учун қулай шарт-шароит юзага келтиришдир. Муайя нҳудудларни эътиқодий таъсир ва тазйиқ ўтказиш объекти сифатида танлаб олиш ва улар билан мақсадли ишлаш миссионерлик ва прозелитизм стратегиясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Миссионерликнинг машҳур назариётчиси Ж. Монтгомери фикрича, христианлик ўз тарихида бир авлод ҳаёт даврининг ўзида амалга ошириш учун 700 дан ортиқ Бутунжаҳон инжиллаштириш режаларига эга бўлган.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда Марказий Осиё христиан миссияларининг асосий ҳаракат нуқтасига айланган ҳудудлардан бири ҳисобланади.Миссиялар томонидан ушбу ҳудудни ўзлаштириш учун бир қатор режалар ишлаб чиқилган. Дунёдаги черковлар сонини 7 миллионга етказиш кўзда тутилган “Тонг – 2000” дастури доирасида минтақамизда ҳам черковларни кескин кўпайтириш, уларнинг сонини бир неча баробарга ошириш назарда тутилгани ҳам фикримизнинг исботи бўла олади.

Марказий Осиёни христианлаштиришга қаратилган “Марказий Осиё – 300” лойиҳасида ҳам юқоридаги каби мақсадлар белгиланган. Жумладан, лойиҳада 300 та янги черков ташкил этилиши режалаштирилганини алоҳида қайд этиш лозим.Фаол миссионерлик ва прозелитизм билан шуғулланаётган “Еттинчи кун адвентистлари” жамоаси томонидан Марказий Осиёда ўз фаолиятларини кучайтириш мақсадида махсус бўлим тузилгани ҳам яқин истиқболда минтақамизда “чин эътиқодни” тарғиб қилиш йўлидаги ҳаракатлар янада кенгроқ кўлам касб этиши мумкинлигидан далолат беради.Глобаллашув чуқурлашиб бораётган ҳозирги даврда меҳнат миграцияси табиий ҳолат ҳисобланади. Мутахассислар маълумотларига кўра, Ер юзидаги ҳар 6 одамнинг 1 таси меҳнат мигранти ҳисобланади. Бошқача айтганда, тахминан 1 миллиарддан ортиқ одам кўпроқ пул топиш, яшаш шароитини янада яхшилаш мақсадида мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга ёки бир давлатдан бошқасига ишлаш учун боради. Глобал характер касб этган мазкур ҳолатдан ҳам миссионерлар усталик билан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Мавсумий меҳнат мигрантларига яхши иш топишда маслаҳат бериш, иш топишда кўмаклашиш, уйда қолаётган оила аъзолари ва яқинларига кўмаклашиш байроғи остида миссионерлик ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.Шу билан бирга, миссионерлар психологик тазйиққа учраган меҳнат мигрантларини улар бораётган мамлакат ёки ҳудуддаги ҳамкасблари қўлига тутказадилар.Шу тариқа, улар бошлаган маънавий-руҳий таъсир эътиқодий тарбия билан алмашади. Тадрижий ва тизимли эътиқодий босим остида қолган инсон охир-оқибатда ўз динини ўзгартиради. Ана шу тариқа христианликни қабул қилиш ҳоллари бугунги кунда масалан, Қозоғистон, Жанубий Корея ёки Россияда ишлаб келаётган меҳнат мигрантлари орасида кўплаб учраётгани миссионерлар ва прозелитлар ўз мақсдалари йўлида халқаро ҳамкорликни ҳам яхши ташкил қилганликларини кўрсатади.

Юқоридаги каби тактикани чет элда таълим олиш учун ҳаракат қилаётган ёшларга, хорижлик фуқарога турмушга чиқиб, ўз бахтини топишга интилаётган аёл-қизларга нисбатан қўллаш ҳоллари учраётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Мазкур ҳолат ҳам уларнинг конкрет вазиятга мослашган ҳолда ишлашга ҳаракат қилаётганини яна бир исботлайди.Очиқ-ошкора миссионерлик ҳаракатларини олиб бора олмаслик миссионерларни янги йўлларни қидириб топишга ундамоқда.

Хусусан, муайян корхона ёки ташкилотда бундай фаолият билан шуғулланиш имконининг йўқлиги, миссионерларни одамларнинг диққатини тортмайдиган соҳаларга ишга жойлашиш орқали ўз ҳаракатларини давом эттиришга ундамоқда.

Сўнгги пайтда, масалан, иеговочилар шаҳар ободончилиги тизимида фаррош ва ўзига тўқ фуқароларнинг уйида хизматкор сифатида ишлашга алоҳида эътибор бермоқдалар. Бундай йўл ўзига хос самарадорликка эга, албатта. Масалан, кўча супураётган фаррош ўтиб кетаётган ҳар бир одам билан эркин ва бемалол мулоқотга киришган ҳолда уни қийнаётган муаммолар ҳақида гаплашиш, уларни ечишга ёрдам бера оладиган кишилар борлигини баён этиш ва“тўғри йўлни” топишга таклиф этиш имконига эга бўлади.

Уйда хизматкорлик қилаётган, ўзининг хушмуомалалиги, тўғрисўзлиги, меҳнаткашлиги, боз устига диний билимлардан хабардорлиги билан ишонч қозонган миссионер эса, ўзига тўқ оиланинг уй бекаси, фарзандларига астасекинлик билан бўлса-да, эътиқодий босим ўтказиш йўлидан боради. Тажриба, афсуски, аксарият ҳолларда улар ўз кўзлаган натижаларига эришишларини кўрсатмоқда. Миссионерлар ўзлари фаолият олиб борадиган мамлакатга хос хусусиятларни ҳамиша эътиборга олишган.

Масалан, 2007 йил мамлакатимизда “Ижтимоий ҳимоя йили”, деб эълон қилинган эди. Ушбу йилда ижтимоий мазмунга эга кўплаб тадбирлар амалга оширилди, муҳтож оилаларга турли шаклларда ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, бундай оилаларни қорамол билан таъминлаш бўйича аниқ дастурий ишлар амалга оширилди. Миссионерлар томонидан бундай хайрли ишга “ўз улушларини қўшишга” ва айрим муҳтож оилаларга эчки ва сигир олиб беришга,ўзларининг беғаразлигини иддао қилган ҳолда муҳтож оилалар болаларининг суннат тўйларини ўтказишга ҳаракат қилганликлари ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради. Айни пайтда, миссионерлар ҳудудий ўзига хосликларини инобатга ҳолда фаолият олиб боришга ҳаракат қилишини ҳам таъкидлаш зарур. Чунончи, Қорақалпоғистон ва Хоразм минтақаларидаги умумий экологик вазиятни ҳисобга олиб, миссионерлар ўз ҳамкорлари бўлган хорижий халқаро ташкилотлар билан биргаликда “ичимлик сувининг сифатини яхшилаш”, “экологик вазиятни барқарорлаштириш”, “болалар ва оналар саломатлигини мустаҳкамлаш”, “қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни оқилона ташкил этиш” деган шиорлар ва тамойиллар остида иш олиб боришга ҳаракат қилганликлари маълум. Бугун бутунлай тўхтатилган бундай “гуманитар лойиҳаларни” ўз вақтида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширишга ҳаракат қилинган эди. Прозелитлар миллий байрамларимиз ва шу билан боғлиқ ҳолда кишиларимиздаги бир-бирига кўмаклашиш, меҳр-мурувват кўрсатиш, ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, оғирини енгил қилишдек оддий инсоний фазилатлар устуворлигидан ҳам усталик билан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар.Бундай ҳаракатлар айниқса, “Тўлиқ Инжил христианлари”, “Инжилчи христианлар”, “Тўлиқ инжил христианлари (пятидестниклар)”, пресвитерианлар, баптистлар ва “Еттинчи кун адвентистлари” йўналишларига мансуб черковлар томонидан доимий равишда амалга оширишга уринилишини таъкидлаш зарур.

Махсус сиртқи бўлим 3-курс талабаси

Мадаминов Умрбек

238230cookie-checkМиссионерлик ҳаракатларининг тарғибот воситалари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: