islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Халқаро ташкилот сайтида Ўзбекистон тараққиёти эътироф этилди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кўпгина йўналишларда юқори ўсиш суръатларига эришилмоқда.

Бу ютуқларимиз эса халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан ҳамда хорижий нашрлардаги чиқишларда алоҳида эътироф этилмоқда.

Яқинда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Савдо-саноат палатасининг веб-саҳифасида 2021 йил биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиши кўрсаткичларига бағишланган мақола эълон қилинди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабарида маълум қилинган.

«Дунёда коронавирус пандемиясининг давом этаётгани, янги штаммларнинг пайдо бўлиши, биринчи ярим йилликда янги касалликлар тўлқинлари кузатилганига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги йилларда рекорд даражадаги ўсишга эришди. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида ялпи ички маҳсулот ҳажми 6,2 фоизга ошган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида пандемия сабабли киритилган чекловлар туфайли иқтисодиёт атиги 1,1 фоизга, 2021 йилнинг дастлабки уч ойи давомида эса 3 фоизга ўсган эди», деб ёзади манба.

Қайд этилганидек, сабзи ва ўсимлик ёғи каби айрим маҳсулотлар нархи кўтарилганига қарамай, Ўзбекистонда истеъмол секторидаги инфляция секинлашишда давом этмоқда. Жорий йилнинг олти ойи якунларига кўра, нархлар ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 4,4 фоизга, 2020 йилнинг шу даврида – 4,6 фоизга ошган. 2021 йил май ойида мавсумий нархлар 0,2 фоизга пасайди. Нархларнинг энг юқори ўсиши озиқ-овқат маҳсулотларида қайд этилган – 5,7 фоиз. (2020 йилнинг биринчи ярмида ўсиш кўрсаткичи 6,2 фоизга тенг бўлган).

Республикада ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг ўсиши ҳам секинлашмоқда. «Ишлаб чиқаришнинг ижобий динамикаси иқтисодиётнинг барча тармоқларида кузатиляпти. Асосий кўрсаткичлар саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларига тегишлидир». Январь–июнь ойлари натижаларига кўра, саноат секторида ўсиш тезлиги 8,5 фоизга тенг бўлди. Хизмат кўрсатиш, туризм, овқатланиш ва турар жой каби айрим йўналишда пандемия туфайли давом этаётган қийинчиликларга қарамасдан, ўсиш динамикаси 18,3 фоизга етди.

Мақолада ўтган йилги пасайишдан сўнг транспорт соҳасида фаол тикланиш жараёни кузатилаётгани, юк ташиш 14,1 фоизга, йўловчи ташиш айланмаси 4,1 фоизга, чакана савдо 9 фоизга ошгани қайд этилган. «Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти инқироз оқибатларини фаол бартараф этиб, инқирозгача бўлган кўрсаткичлардан ҳам юқори натижаларга эришмоқда», деб ёзади ИҲТ Савдо-саноат палатаси.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз эришаётган натижалар халқаро миқёсда эътироф этилиши Ўзбекистоннинг имижини мустаҳкамлаш ва янгидан-янги марраларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

 Муҳтарама Комилова, ЎзА

241560cookie-checkХалқаро ташкилот сайтида Ўзбекистон тараққиёти эътироф этилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: