Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
إِنَّ ٱللَّهَ عِندَهُۥ عِلۡمُ ٱلسَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ ٱلۡغَيۡثَ وَيَعۡلَمُ مَا فِي ٱلۡأَرۡحَامِۖ وَمَا تَدۡرِي نَفۡسٞ مَّاذَا تَكۡسِبُ غَدٗاۖ وَمَا تَدۡرِي نَفۡسُۢ بِأَيِّ أَرۡضٖ تَمُوتُۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرُۢ
“Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир” (Луқмон, 34).
Оятда зикр қилинган бу бешта нарса ғайбга оид “илм”дир, бу илмларни Аллоҳ ўзидан бошқаларга билдирмаган. Аллоҳ таоло хабар бермагунча, улар ҳақида ҳеч ким билмайди.
Аллоҳ таоло вақти-вақти билан зоҳирда ғайбга дахлдордек кўринган хабарни қайсидир бандасига беради, лекин умуман олганда, ғайб илмининг асли, бутун моҳияти фақат оламларнинг Роббиси ҳузуридадир.
УЗИ (Ультразвуковые исследования) – Ултратовуш диагностика қурилмалари ёрдамида боланинг жинсини аниқлаш – бу ғайб сирини билишга уриниш ёки даъво эмас, чунки ҳеч қандай қурилма боланинг соғлом туғилишини ёки туғилмаслигини мутлоқ даражада аниқлай олмайди, ҳомила айнан қурилма кўрсатгандек жинсда дунёга келмаслиги ҳам мумкин. Баъзан ўғил деб кўрсатган ҳолатда қиз туғилгани ёки аски кўп учрайди.
Ултратовуш диагностикасининг ишлаш принципи
Ултратовуш сигнали сенсордан чиқиб, терига кириб боради ва бачадонда шаклланган ҳомиланинг (ёки жигар, буйрак каби бошқа ички тана аъзолари) танасига етиб, унинг ҳаракатларида ҳар хил даражада аксланади. Сенсор сигнал узатувчи ва товуш частоталарини қабул қилувчи ҳисобланади. Ички аъзода акс этган овоз сигнали шу сенсор томонидан қабул қилиниб, ултратовуш аппарати ёрдамида тасвирга айланади. Ултратовуш қурилмаси орқали тананинг фақатгина зич тўқимали органларини анализ қилиш мумкин, ҳавоси бор ички аъзолардан товуш сигналларини қабул қилишнинг имкони йўқ.
Ултратовуш диагностика қурилмалари орқали сиз бола жинсни билиб олишингиз мумкин, бунда ҳеч қандай эътиқодга зид нарса йўқ, аммо мўмин сифатида ғайбни, унинг асл-негиз илмини фақат Аллоҳ таоло билишига таслим бўлишингиз керак.
Аллоҳ қудратли ва ҳамма нарсани билувчи зотдир, У чексиз илм соҳибидин. Инсоннинг борлиқ ҳақидаги илмлари Аллоҳ берган истеъдод, тавфиқ ва қудрат миқдорича бўлиб, ҳали жуда оздир, лекин ғайб сири махлуқотлар учун очилмас эшикдир.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев