Бу тавсиялар севимли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан бажарилган ва саҳобалар ҳаётига кириб, суннатига айланган.
1️⃣ Табассум
Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва аҳли байт аъзолари хабар берганидек, энг табассумли ва хушмуомала инсон эдилар. У зот алаҳиссалом барча яхшиликка, ҳатто энг кичик хайрли ишга ҳам муносиб баҳо беришга одамларни ундаганлар: “Биродарингни очиқ юз билан қарши олиш бўлса ҳам, яхшиликнинг ҳеч бирини паст санама”, деганлар.
Неврологик нуқтаи назардан, табассум мия тўқималари таъсирини фаоллаштириб кайфиятни кўтаради, фикрлашни яхшилаб танадаги зўриқишни кетказади ва натижада ижтимоий мулоқот муносабатлари осонлашади.
2️⃣ Интеллектуал фаолият, илм олиш, излаш.
Интеллектуал ва фикрий фаолият (ақлий ўйинлар, математик муаммоларни ҳал қилиш, курс ишини ёзиш, китоб ўқиш ва ҳ.к.) билан шуғулланиш, муаммоларни ҳал қилиш, мулоқот қилиш, янги қарорлар қабул қилиш қобилияти яхшилайди, ғазаб ёки қўрқув эҳтимолини камайтиради.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким Аллоҳнинг динида олим-фақиҳ бўлса, Аллоҳ унинг қайғу-аламини кетказиб, ўйламаган томонидан ризқлантиради».
Олимлар таъкидлаганидек, диний-маърифий масалаларни ўрганиш, оятларни ўқиш, матнларнинг маъносини излаш, инсоният олдида турган энг долзарб муаммолар ҳақида ўйлаш ҳам мураккаб мия тўқималарини фаоллаштиришга сабаб бўлади.
Ислом бизни дунё ҳаёти давомида билим олишга, уни амалда қўллашга ва бошқаларга етказишга ундайди.
3️⃣ Намоз
Олимларнинг аниқлашича, намоз ўқиш пайтида стрессга қарши гормонлар, нейротрансмиттерлар (дофамин ва серотонин) ажралиб чиқади, улар завқни оширади ва депрессияни камайтиради.
«… намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ энг улуғ ишдир» (Анкабут, 45).
Дофамин завқ, хурсандчилик гармони бўлиб, ажралиши фаоллашса, вақтга барака киради, қилаётган иши унумли бўлади. Дофамин сустлашса, руҳиятда қўрқув ва хавотир фаоллашади, натижада инсон жумадан жумагача вақт қандай ўтганини сезмай қолади.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев