“Манорул анвор фий усулил фиқҳ” асари усулул фиқҳ фанида ўзининг беқиёс самараси билан ном таратган, олимлар ва талабаларнинг доимий тадқиқот манбаларидан бири сифатида қараладиган китоблардан биридир. Асар Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийга тегишли бўлиб, у олимнинг бошқа китоблари каби асрдан асрга ўтиб ўзи қиймати сақлаб келяпти.
“Манорул анвор” асари Фахрул ислом Баздавийни “Канзул вусул ила илмил усул” ва Шамсул аимма Сараҳсийни “Усулус Сарахсий” китобларининг қисқартирмаси ҳисобланади. Бу ҳақда Имом Насафий “Кашфул асрор фий шарҳил манор” китобида қуйидагиларни айтган: “Инсонларнинг ҳиммати диний илмларнинг энг яхшиларидан ҳисобланган, ақлий ва самъий далилларни ўз ичига олган, жадал йўлларни тузишда энг мукаммали бўлгани усул илмига моил эканлиги кўрганлигим, шунингдек Бухоро ва бошқа ислом давлатидаги талабаларни Фахрул ислом Баздавий ҳамда Сарахсийнинг усулларига рағбатлари юқори эканлигини билганлигим сабабли бу икки китобни қисқартиришга аҳд қилдим. Бу иш давомида барча усулларни жамлашга, далиллар ва фаръий масалаларга ишора қилишга Фаҳрул исломнинг (Имом Баздавий) тартибларига тўла риоя қилишга ҳаракат қилдим. Унга бирорта зиёдалик киритмадим”[1].
Имом Насафий “Манорул анвор”ни ёзишда нега айни шу икки манбага суянганлигини уламолар қуйидаги сабаблар билан изоҳлайдилар:
- Икки имом Баздавий ва Сарахсийлар Дабусийнинг усул борасидаги ишини якунига етказиб, уни тўлиқ шаклга келтирганликлари:
- Улар мазҳабнинг усулий масалаларини таҳқиқ қилиб, қоидаларни аниқ белгилаб, мустаҳкамладилар. Шунинг учун ҳам уларнинг ишлари эътиборга моликдир:
- Уларнинг китобларида зикр қилинган усул қоидалари кўплаб фаръий масалаларга таянган ҳолда баён қилинганлиги:
- Қоидаларга берилган таърифлар бошқа китоблардаги таърифлардан ажралиб турганлиги:
Шу каби омиллар туфайли Абул Баракот Насафий уларнинг китобларини ўзининг асарига асос қилиб олган.
Юқорида айтиб ўтилганидек бу китоб Ҳанафий мазҳабидаги муҳим манбалардан ҳисобланади. Бу борада Маҳмуд ибн Муҳаммад Деҳлавий шундай деганлар: “Бу китоб ҳикмат ва осорларга тўла, эътибор йўналишларини ўз ичига олган, назар даражаларини баён қилган, фикрлар ҳолатидан огоҳ этувчи, ҳажми кичик, илмий бойлиги кўп, шаъни улуғ, ривоятлари қисқа, инсонлар орасида қўлма-қўл, ортиқча гап –сўзлардан ҳолидир”.[2]
Китобни шарҳлаш, қисқартириш, назмга солиш, унга хошия ёки таълиқ ёзиш борасида кўплаб уламолар мусобақа қилишган. Натижада унинг элликка яқин шарҳи олам юзини кўрган. Хусусан:
“Асосул усул”. Алий ибн Муҳаммад.
“Ифозатул анвор”. Алоуддин Ҳаскафий.
“Ифозатул анвор фий изоати усулил манор”. Маҳмуд ибн Маҳаммад Деҳлавий.
“Иқтибосул анвор фий шарҳил манор”. Жамолиддин ибн Юсуф.
“Анвор”. Акмалиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Бобартий Ҳанафий.
“Анворул афкор фий такмилати изоъатул анвор”. Имом Ийсо ибн Исмоъил
“Насамотул асҳор ала ифозатил анвор шарҳил манор фил усул”. Ибн Обидин.
“Зайнул манор”. Юсуф ибн Абдулмалик ибн Бахшойиш.
“Табсиротул асрор фий шарҳил манор”. Шайх Шужоъиддин Ҳибатуллоҳ Туркистоний.
“Нурул анвор”. Мулла Жийвон.
Манорул анворнинг шарҳларини бу даражада кўпайиб кетишининг сабаби шундаки, китобнинг мутолааси аҳли илмлар орасида кенг тарқалиб кетган. Табиийки уни тушуниш барчага ҳам бирдек осон бўлмаган. Шунинг учун ҳам кўплар уни шарҳлаб, қолганларга тушунишлари енгил бўлиши учун имконият яратганлар. Қолаверса асрадаги бобларнинг аввалида шу бобга тегишли муқаддималарни келтириш, баъзи чигал жумлаларни тушунарли қилиб баён қилиш ҳам шориҳларнинг вазифаларидан ҳисобланади.
“Манорул анвор фий усулил фиқҳ” асари ҳажми кичик бўлишига қарамасдан фанга доир барча масалаларни қамраб олган. Китоб муқаддима, икки боб ва ҳотимадан иборат. Муқаддимада китобнинг ёзидиш сабаблари ва айрим таърифлар ҳақида тўхталган. Биринчи боб тўрт фаслдан иборат бўлиб, уларда шариъатнинг асл манбаалари бўлган Қуръон, суннат, ижмоъ ҳамда қиёс ҳақида баҳс юритилган. Бу боб китобнинг кўпроқ ҳажмини ташкил қилади. Иккинчи боб юқоридаги манбалар асосида собит бўлган ҳукмлар ҳақида. Бу бўлим ҳам тўрт фаслни ташкил қилиб, уларда азимат, руҳсат, ҳукмлар ва уларга боғлиқ бошқа масалалар баён қилинган. Китобнинг хотимасида эса аҳлият баҳси ёритилган.
Сўнги сўз ўрнида айтишимиз мумкинки “Манорул анвор фий усулил фиқҳ” китоби усулул фиқҳ фанида муҳим манбаа бўлиб, уни ўрганиш ва тадқиқ қилиш биз учун жуда муҳимдир. Зеро бу китоб шаръий манба бўлибгина қолмай аждодларнинг бизга қолдирган маданий мероси ҳамдир. Бизнинг авлодлар олдидаги бурчимиз эса бу меросларни уларга соф шаклда етказишдир.
Жўраев Сойибжон Рустамжонович
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- Кашфул Асрор шурҳул мусаннифи алал манор. Абул Баракот Насафий. Байрут: Дорул кутуб илмия. 2008 й. – 1010 б.
- Кашфуз зунун. Ҳожи Халифа Мустафо ибн Абдуллоҳ. Байрут: Дорул кутуб илмия. 2007 й.-1123 б.
- Тожут тарожим. Қосим ибн Қутлубуғо. Ливан: Дорул қалам. 1992й. – 567 б.
- Ал-фавоидул баҳия фий тарожимил Ҳанафия. Муҳаммад Абдулҳай ибн Адбулҳалийм Лакнавий. Қоҳира:Дори ибн Аффон. 2002 й. – 263 б.
- Ал-фатҳул мубийн фий тобақотул усулийийн. Абдуллоҳ Мароғий. Миср: Ансорус суннатил Муҳаммадия. 1947 й. -328.б.
[1] Абул Баракот Насафий. Кашфул Асрор шурҳул мусаннифи алал манор. –Байрут: Дорул кутуб илмия,2008. –Б.4
[2] Маҳмуд ибн Маҳаммад Деҳлавий. Ифозатул анвор.- Работ: Дорул қалам, 2018.-Б.93.