islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Бакрнинг сайланиши: мен сизларга ишбоши бўлдим, аслида сизлардан кўра яхшироқ эмасман

Абу Бакрнинг сайланиши: мен сизларга ишбоши бўлдим, аслида сизлардан кўра яхшироқ эмасман

Мадинада хабар тезда ҳамма ёққа тарқалди. Ансорлар Бани Соиданинг Сақифа номли гузаргоҳида Саъд ибни Убода ёнларига тўпландилар.
Али ибн Абу Толиб, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Зубайр ибн Авомлар одамлардан ажралиб ҳазрати Фотиманинг уйларига алоҳида йиғилдилар.
Қолган муҳожир саҳобалар эса, барчалари Абу Бакрнинг олдиларида жам бўлдилар.
Бир киши келиб ансорлар Бани Соида гузарида тўпланиб «Расулуллоҳдан кейин умматга ким халифа бўлади», деган масалани кўришяпти деган хабарни Абу Бакрга айтди. Ушбу хабарни эшитган заҳотлариёқ ҳазрати Умар Абу Бакрга «Бизни ўша ёққа бошлаб боринг. Гап нимада кетаётганлигини биргалашиб кўрайлик», дедилар.
Тездан икковлон йўлга чиқиб жўнадилар. Бораётганларида халифаликка Убайда ибн Жарроҳни тавсия этишни, зеро у Ислом миллатининг ишончли кимсаларидан, деб маслаҳатлашдилар. Ўша жойга етиб келишгач, ансорлар Саъд ибн Убодани халифаликка номзод этиб кўрсатиш тараддудида турганликларини кўришди.
«Мен Расулуллоҳнинг «халифалик — Қурайш ҳаққи», деганларини эшитганман», дедилар.
Абу Бакр бу билан бутун иш муҳожирларнинг ўзларига тегишли эканини эслатмоқчи бўлдилар.
Абу Бакр амалий ишга ҳозирлик кўришни истаб одамлар олдида хутба ўқишга турдилар. Аллоҳга ҳамд ва сано айтганларидан сўнг Абу Бакр кишиларга қараб сўз бошладилар:
— Аллоҳ таоло Муҳаммадни ўз халқига пайғамбар қилиб юборди. Якка Аллоҳга ибодат қилмоқлари учун ва уни ширкдан поклаб ягоналамоқлари учун ўз миллатига нигоҳбон этиб юборди.
Одамлар турли олиҳаларга ибодат этардилар. Булар бизни шафоат этади, бизга фойда етказади, деб гумон қилардилар. Ҳақиқатда эса ибодат этаётган нарсалари жонсиз тошлардан йўнилган хайкал ва ёғочлардан ясалган бутлардир. Улар ўзларига зарар ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган, Аллоҳдан бошқа нарсаларга ибодат этадилар. Булар Аллоҳ олдида бизни шафоат этадилар», дейдилар.
«Биз буларга Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат этамиз», дейишади. Бироқ, арабларга ота-боболаридан мерос бўлиб қолган хурофий динларини ташламоқ осон бўлмади.
Жуда катта иш кўринди. Уларни мана шу хурофий одатларини ташламоқлари учун ёрдамлашишга Аллоҳ таоло мухожирларнинг аввалларини хос қилди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ушбу юқоридаги сўзларни сўзлаганларидан кейин ансорларнинг маноқибларини, фазлларини ва Ислом даъватини халқлар ўртасида ёйишда кўрсатган хизматларини бир-бир ёдга ола бошладилар. Кишилар шовқин-сурондан тинчиб қолдилар. Кейин яна сўзларида давом этиб дедилар:
— Араблар ҳаргиз бу ишни била олмаган бўлардилар. Зеро, улар фақат Қурайшлардан бўлган зотга келган ваҳий орқали бундай юксак илмий ва оламий фазилат чўққиларини эгаллаш воситасини билиб етдилар, Қурайш қабиласи эса, араблар ичида ўрнашган ери ҳамда насаби жиҳатидан энг ўртадаги халқ ҳисобланади. Сизлар Умар ёки Абу Убайдани ўзларингазга Расулуллоҳдан халифа этиб сайлаб олсангиз мен розиман.
Абу Бакр сўзларини тугатиб ўринларига ўтиргандан кейин мухожирлардан битталари ўринларидан туриб: «Балки биз Абу Бакрга баъйт этамиз. Расулуллоҳ диний ишимизни ишониб у жанобга топширган эканлар, нечук биз дунёвий ишимизни ишониб топширмайлик?» дедилар.
Ўртада анча тортишув бўлди. Ҳар ким ўз томонидан кўрсатган номзодни мансабга эга қилишлик учун ҳаракат қилиб кўрди. Аҳвол кескинлашиб кетиб ва ихтилофга айланиб кетишлигидан ҳавф этган Умар ўринларидан туриб Абу Бакрга «Қўлингизни чўзинг, мен сизга байъат бераман», дедилар.
Абу Убайда ҳам ўринларидан туриб, «Мен орамизда Расулуллоҳга ғорда ҳамроҳ бўлган киши туриб ушбу ишга у жанобдан илгари қўл урмасман», дедилар ва қўлларини Абу Бакрга байъат бериш учун узатдилар.
Муҳожир ва ансорлар ҳам бирин-кетин Абу Убайдага эргашиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат бера бошладилар. Охири ҳаммалари Абу Бакр мусулмонларнинг халифаси деб тан олиб байъат бериб бўлдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат берилиб бўлгач, ўринларидан туриб сўзладилар. Аввало, Аллоҳ таолога ҳамд ва сано айтганларидан кейин ўзларини халифалик мансабига минганларидаги биринчи хутбани иршод этдилар. У қуйидаги мазмундан иборат эди:
— Эй одамлар, мен сизларга ишбоши бўлдим, аслида сизлардан кўра яхшироқ эмасман. Бас, агар ишни тўғри олиб борсам, менга ёрдам беринглар ва агар нотўғри қадам қўйсам, мени тўғрилаб қўйинглар. Ростлик Аллоҳ томонидан берилган омонатдур. Ёлғончилик эса, хиёнатдур. Сизларнинг ичларингизда заиф саналганлар менинг қошимда кучлидир. Токи ҳаққини зоъе этмай ундириб бераман, иншааллоҳ, ичларингизда кучли деб эътибор этиладиганлар менинг қошимда заифдур. Токи бировнинг ҳаққини ундан олдириб бераман, иншааллоҳ. Қайси бир қавм Аллоҳ йўлида жиҳод этишдан тийилса, албатта Аллоҳ уларга хорлик либосини кийгузур. Қайси бир қавм ичида ярамас бузуқ ишлар авж олса, барчаларини бало яксон этур.
Сизлар, Аллоҳга ва Расулига қанчалик итоат этсам, менга шунчалик итоат этинглар. Агар мен уларга итоат этмай, осийлик қилиб, ўз хоҳишим йўлига кириб кетсам, у тақдирда сизларга итоат этиш лозим бўлмай қолади. Намозларингизга туринглар! Аллоҳ сизларга раҳм этсин!

250430cookie-checkАбу Бакрнинг сайланиши: мен сизларга ишбоши бўлдим, аслида сизлардан кўра яхшироқ эмасман

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: