Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида Таълим, фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти (ICESCO)нинг XIV Бош конференцияси очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ташкилотга аъзо 60 дан зиёд давлат вакиллари иштирок этаётган нуфузли анжуманда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов юртимиз делегaцияси раҳбари сифатида қатнашди.
Таъкидлаш жоиз, ташкилот 1979-йилда ташкил топган бўлиб, бош қароргоҳи Марокаш давлати пойтахти Работ шаҳрида жойлашган. Ташкилот аъзо давлатлар ўртасида таълим, фан, маданият ва коммуникaция соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш, маданиятлар, халқлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашишга хизмат қилади. Ислом олами ва дунё тамаддуни ривожида Ўзбекистон Республикасининг ўрни беқиёс бўлгани боис ICESCO ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда.
Конференцияда Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ҳамда ICESCO Бош котиби, доктор Салим ал-Малик қатнашиб, анжуман ишига муваффақият тилашди.
Шундан сўнг ICESCO ташкилоти Ижроия кенгашининг 13- ҳамда 14-Бош конференция сессиялари давридаги фаолияти ҳисоботи тингланди. Ташкилотнинг 2022-2025 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли Стратегияси тақдим этилиб, келгуси тўрт йиллик режаси белгилаб олинди.
Муҳокамалар давомида турли давлат делегaциялари томонидан таълим, илм-фан ва технология, маданият соҳаларини янада ривожлантириш борасидаги ҳисоботи ҳамда келгуси режа ва таклифлари кўриб чиқилди. Шунингдек, бутун жаҳонда кузатилаётган коронавирус пандемиясига қарши курашиш, унинг салбий асоратларини бартараф этиш, соғлиқни сақлаш, экологик муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Пандемиядан сўнг таълим соҳасидаги янгиланишлар ҳақида маърузалар тингланди.
Конференция ўз ишини давом эттирмоқда.