Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири С.Шерхонов, бўлими бош мутахассиси А.Дўсматов Тошкент ислом институти талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбирни ректор У.Ғафуров кириш сўзи билан очиб бериб, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти, анъанавий ташкил этилаётган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан талабаларнинг очиқ ва самимий мулоқотининг аҳамияти тўғрисида маълумот берди. Шундан сўнг, сўз навбати ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоевга берилди.
Маърузачи Ў.Ҳасанбоев, диний соҳа ходимлари ва талабалари таълим муассасасида, иш жараёнларида, медиа оламида ва ижтимоий тармоқларда юксак илми ва кенг дунёқараши билан бошқалардан ажралиб туришини қайд этди.
Таассубга берилмасдан, ҳар бир вазият ва масалага шошмасдан, илмий асосланган ҳолда муносабатдан бўлиш давр талабидир. Имомларимиз, диний соҳа вакилларимиз одамларни илм-фанга даъват қилсалар, жамиятда тараққиёт ва ривожланиш янада зиёда бўлади.
Шарқ, хусусан мусулмон минтақалари тарихда бўлгани каби, Ислом уламолари тамал тоши қўйган илм-фанда илғор бўлишлари лозим. Мусулмонлар, соҳа вакиллари жузъий масалаларда ўзаро ихтилоф ва тушунмовчиликка бормасликлари керак.
Глобал дунёда ресурс талашиш, ўзга халқлар ҳудудларига эгалик қилиш, давлатларни майда ички ихтилофлари фонидан бўлакларга бўлган ҳолда табиий бойликларини талон-тарож қилиш ҳолатлари кузатлмоқда. Ички низолардан уруш ўчоғини ҳосил қилиб, жангларга “ҳижрат”, “жиҳод” тарғиботи шаклида четдан одам жалб қилишга урунмоқдалар.
Ижтимоий тармоқларда ҳар бир фойдаланувчи муаммолар ва масалаларга бир ёқлама ёндошмасдан, ўз-ўзини “пиар” қилмасдан, обуначилари олқишларига учмасдан холислик билан муносабатда бўлса нур устига аъло нур бўлади.
Мазҳаблар, суннийлик-шиалик, аҳли китоблар, динийлик ва дунёвийлик тамойиллари орқали халқлар ичида низо ва фитналар чиқариш манфаатдор томоннинг хавфли қуролидир.
Ижмоий тармоқларда масалаларни ёритишда, баҳам кўришда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборот сиёсатидан келиб чиқиб ёндошмоқ айни муддаодир.
Жузъий масалалар орқали мусулмонларни кофирга чиқариш ва ёмон кўришга йўл қўймаслик лозим, бундай салбий ҳолатларни бартараф этишга соҳа вакиллари ҳаракат қилса, фитнанинг олдини олишга хизмат қилган бўладилар. Шу билан бирга дунёвий билимларни яхши ўзлаштириш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш ҳар бир имом-хатиб ва талабаларнинг вазифасидир.
У.Ғафуров:
Мусулмонлар ўзаро аҳил бўлиши, шу юртда яшаётган жамиятнинг ҳар бир аъзосига яхши муомила қилиши одамлар ҳамжиҳатлигига сабаб бўлади. Майда ички баҳслар, келишмовчиликлар ва низолар билан ташқи кучларнинг мақсадлари учун замин ҳозирламаслик лозим. Мазҳаб бирлиги, мусулмонлар аҳиллиги доимо муҳим бўлган. Шундай экан, талабалар ҳам диний ва дунёвий илмларни бирдек ўрганиб, юксак билими ва дунёқараши билан олим бўлиб етишмоқлари лозим. Олий маъҳад талабалари 25 декабрдан 10 январга қадар қишки таътилга чиқадилар. Таътилни ота-она, оила дийдорида, қариндошлар даврасида сермазмун ўтказса, талабалар ўқишга янги куч ва иштиёқ билан келадилар.
А.Дўсматов:
Диний соҳа раҳбарияти билан таълим муассасалари талабалари ўртасида яқинлик, самимий очиқ мулоқот сўнги йилларда яхши йўлга қўйилди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, ўқув бинолари, ошхоналар, талабалар турар жойлари, ахборот-ресурс марказидаги шароитлар аъло даражада.
Яқин ўтмишда диний таълим муассасаларида – маъҳад ва мадрасаларда таҳсил олган талабалар бундай шароитларни кўрмаганлар.
Шароитларни бунданда зиёда қилиш учун ЎМИ ва Олий маъҳад раҳбарияти ва ўқитувчилари тинмай изланмоқдалар, ҳомийлар жалб қилишга ҳаракат қилмоқдалар.
وَأَمَّا بِنِعۡمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثۡ
“Парвардигорингознинг неъмати ҳақида сўзланг!” (Зуҳо, 11)Талабаларнинг таълим ва тарбия олишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Шу билан бирга ўқув режа ва дастурлари қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилган, мутахассислик фанлари соати оширилган. Узоқ йиллар олдин маълум бир муддат бошланиб, деярли давом этмаган диний таълимнинг анънавий “хатми кутуб услуби” айни пайтда Олий маъҳадда ривож топиб, Сунани Термизий, Саҳиҳи Бухорий ва бошқа мўътабар асарларни талабалар тўлиқ ўқиб тугатмоқдалар.
Мана шундай шароитларда ҳам таълим ва тарбия олишда камчиликка йўл қўйганлар талабалар сафидан чиқарилиши низомда қайд этилганини толиби илмлар унитмасликлари лозим.
ثُمَّ لَتُسۡـَٔلُنَّ يَوۡمَئِذٍ عَنِ ٱلنَّعِيمِ
“Сўнгра ана ўша Кунда, албатта неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар” (Такосур, 8).Шундай экан, ЎМИ Уламолари кенгашида муҳокама қилиниб, тасдиқланган таълим муассасанинг ички тартиб-қоидаларига амал қилишга ҳар бир талаба масъулдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва Тошкент ислом институти талабалари ўртасида бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқотда юқорида айтиб ўтилгани каби долзарб масалалар муҳокама қилиниб талабалар учун ҳаётий зарур тавсиялар берилди.
ТИИ Матбуот хизмати