Қуръони Карим оятлари ва набавий ҳадислар Қуръон ўқувчига улкан савоблар, буюк фазллар ҳабарини берганидек, уни тингловчига ҳам ана шундай гўзал ажр, буюк манзил ҳамда улуғ мукофотлар бордир. Имом Лайс ибн Саъд айтадилар: “Ҳеч бир киши Қуръон тингловчидан кўра тезроқ рахматга эришмайди. Чунки Аллоҳ таоло: “Қуръон тиловат қилинганда, уни тингланг ва жим туринглар, шояд, рахматга эришсангиз” – деди (“Аъроф” сураси, 204-оят). Бу – Қуръонни эшитиш ва унга қулоқ солишга Аллоҳ таоло томонидан вужубий амрдир. Шубҳа йўқки, иймоннинг одоби Қуръон тиловат қилинган пайтда уни тинлашни тақозо қилади. Тингланган пайтда қалбда уни таъсири бўлиши учун эса жим туриш, яъни фикрни бошқа нарсага чалғитмаслик талаб этилади. Чунки ана шунда тоат ва тақвода бардавом бўлиб, Аллоҳ таолонинг розилиги ҳамда раҳмат ва мағфиратига етилади.
Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” – деди. “Қалблари титрагувчи”нинг маъноси-“ қўрқиб изтиробга тушадилар” – деганидир. Бу изтироб, ўзлари иймон келтириб, қалблари хотиржам бўлган нарсага амал қилишга чорлайди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ ҳоҳлаган кимсани ҳидоят қилар. Кимни Аллоҳ залолатга кетгазса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ”. Мўминлар, охират азоблари хабарини берган оятларни тинглаганларида терилари титрайди. Чунки улар Роббиларидан қўрқадилар. Аллоҳнинг рахмат ва мағфирати хабарини берган оятларни тинглаганларида терилари юмшаб, қалблари хотиржам бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтгандилар: “Аллоҳнинг китобидан бир оят тинглаган кишига музоаф яхшиликлар ёзилади, Аллоҳнинг китобидан бир оят тиловат қилган кишига Қиёмат кунида нур бўлади”. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, У киши айтгандилар: “Менга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга қироат қилиб бергин” – дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Росули сизга нозил қилинган бўлсада, сизга қироат қилиб бераманми” – дедим. У Зот: “Ҳа, чунки мен, бошқа кишидан уни тинглашни яхши кўраман” – дедилар. “Нисо” сурасининг “Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур” оятигача ўқиганмда, У Зот: “Ҳозирча етади” – дедилар. У кишига қарасам икки кўзлари ёш тўкаётганди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Имом Нававий айтадилар: Бу ҳадисда бир қанча ибрат маънолар бор;
– Қироатни тинглашни яхши кўриш, ва унга қулоқ солиш;
– Қироат пайтида йиғлаш, ояти карима маъноларини тадаббур қилиш.
– Қуръонни тинглаш учун бошқа кишидан қироат қилиб беришини сўраш мустаҳабдур. Чунки тинглашда, ўзи ўқиганидан кўра тушуниш ва тадаббур қилиш етукроқ бўлади. Ва яна бунда, илм ва фазл аҳлини ўз издошларига тавозеъ кўрсатишларига юксак намуна бор.
Маҳмуд Ҳалил Ҳусорийнинг “ Қуръони Карим билан” китобларидан
Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчи стажёри Юсупов Адҳамжон