Ёши катта ва ҳурматли кишининг қўлини ўпиш суннат амал эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бу ишга даъват этганлари ҳақида бирор ҳадис йўқ.
Лекин ҳадисларда саҳобалар томонидан баъзи муносабатлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаларнинг қўлини ўпганлиги тўғрисида маълумотлар учрайди.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Ваазиъ ибн Омирдан ривоят қилинади: “Биз Мадинага келдик. Одамлар: Ана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дедилар. Биз Ул зотнинг қўллари ва оёқларини ўпа бошладик”.
Суҳайбдан ривоят қилинади: “Алини кўрдим, Аббоснинг қўлини ўпдилар…” (Имом Бухорий ривояти).
Юқоридаги ҳадислардан тушунамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳурмат юзасидан бир-бирларининг қўлларини ўпишидан қайтармаганлар.
Лекин, бу ишда инсоннинг нияти муҳим рол ўйнайди. Саҳобалар қалбан ва зоҳиран самимий инсон бўлганлар ҳамда қўлни ўпишда фақатгина ўз эҳтиромларини изҳор қилганлар, бошқа нарсани ният қилмаганлар. Демак, қўл ўпаётганнинг ҳам, қўли ўпилаётган инсоннинг ҳам нияти тўғри бўлиши, ғурурланиш, манманлик ва риёга берилмаслиги керак.
Имом Нававий айтадилар: “Бирор кишининг бойлиги, мансаби, дунёвий шон-шавкати ва обрўси учун қўлини ўпишдан қайтарилади”. Чунки, инсон дунёвий нарсалар учун бошқалар олдида ўзини хорлаши мумкин эмас.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳ кибр ва улуғлашга сабаб бўлиш эҳтимоли борлиги учун қўл ўпишни маъқул кўрмаганлар. Аммо бирор инсоннинг Аллоҳга яқинлиги, илми, амали, дин ишидаги шарафи учун қўлини ва пешонасидан ўпса – бу жоиз, деганлар.
Шу билан бирга, ота-онани хурсанд қилиш мақсадида ҳамда ҳурмат юзасидан қўли ва оёғини ўпиш жоиз амалдир.
“Дуррул-мухтор”да “Олим ва парҳезгор кимсанинг қўлини табаррук юзасидан ҳамда диндор ҳоким ва одил султоннинг қўлини ҳурматлаш учун ўпишнинг зарари йўқ”, дейилган.
Ёдда сақлаш лозимки, олимни ёки улуғ инсонларнинг қўлини ўпишни одат тусига айлантирмаслик лозим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: “Киши биродари билан учрашганида эгиладими, йўқ, дедилар. Уни ўпадими ёки қучоқлайдими, У зот, йўқ, дедилар. Қўл бериб кўришадими, деб сўралганда, ҳа, дедилар” (Термизий ривояти).
Шу билан бирга, ҳозирги пандемия шароитида қўлни ўпиб кўришиш тавсия этилмайди.
Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев