Сафо ва Марва тепаликлари (الصفا و المروة) Масжидул Ҳаром мажмуасидаги иккита чўққи бўлиб, улар орасида мусулмонлар Ҳаж ва Умра зиёратлари давомида етти марта олдинга ва орқага саъй қилиб юрадилар. Ушбу аркон иккита чўққига, сув излаб, баъзан юриб, баъзан чопиб бориб келган Исмоил алайҳиссаломнинг онаси, Иброҳим алаҳиссаломнинг аёли Ҳожар онамиз сабабли жорий қилинган.
Қуръонда:
” إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَنْ يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ”
Маъноси: “Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Бас, ким ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишнинг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёри ила яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ шукр қилгувчи (тақдирловчи) ва билгувчидир” (Бақара, 158).
Ҳадисларга кўра, Иброҳим алаҳиссалом хотини Ҳожар ва чақалоқ ўғли Исмоилни Аллоҳнинг буйруғи билан Сафо ва Марва яқинидаги саҳрога ёлғиз қолдиради. Уларнинг егулик ва ичимлиги тугагач, Ҳожар онамиз ёрдам ва сув излаб атрофни айлана бошлайди. Сув қидириши осонроқ бўлиши ҳамда тезроқ ортга қайтиш учун гўдакни ерда қолдириб, ёлғиз ўзи кетади.
У дастлаб энг яқин тепаликка, Сафога чиқиб, атрофни кўздан кечирди. Ҳеч нарсани кўрмагач, атрофга қараш учун бошқа тепаликка, Марвага борди. Ҳожар водийда, қирлар орасида бўлганида, ўғлини кўра олмади ва шунинг учун водийда югуриб юрар, тоғ ёнбағирларида, Исмоилни кўриб тургани учун, оддий тезликда юрарди.
Баъзи ривоятларда, Сафо ва Марва юзаси силлиқ ялтироқ тош бўлгани учун жазирама иссиқда инсон кўзига сувга ўхшаб жилваланиб туради, дейилади. Ҳожар онамизга ялтироқ тошлар худди сувга ўхшаб кўрингани учун икки тоғ орасига бориб келган.
Ҳожар жазирамада, адирлар орасида етти марта у ёқдан-бу ёққа юриб, ўғлининг олдига қайтди. У етиб келганида, Жаброил фаришта қаноти билан ерга урган жойдан булоқ чиқаётганини кўрди. Бу булоқ ҳозир Замзам қудуғи номи билан машҳур бўлиб, Ҳожарнинг сабри учун, ҳам ризқ, ҳам мукофот сифатида Аллоҳ томонидан берилган баракали сув эди.
Жабалус Сафо
Юриш ёки саъй Жабалус Сафо, яъни Сафо тоғидан бошланади, бу Ҳожарнинг Исмоилга сув излаб чиққан биринчи тепалигидир. Ҳадисларда, Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи васаллам ана шу чўққидан туриб ўзининг пайғамбарлигини эълон қилган, яъни Исломга ошкора даъват бошланган, дейилади. Бу нубувватнинг 4-йили содир бўлди. Ўшанда қуйидаги амр нозил бўлган:
وَأَنذِرۡ عَشِيرَتَكَ ٱلۡأَقۡرَبِينَ
“Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!” (Шуаро, 214).
Макка фатҳ қилинганидан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи васаллам Сафо тепалигида туриб, Макканинг катталари Абу Суфён ва бошқаларга амниция, яъни омонлик ва афв эълон қилди.
Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи васаллам билан амакиси Абу Лаҳаб ўртасидаги мунозара ва Лаҳаб сурасининг нозил бўлиши ҳам айнан мана шу Сафо тепалигида содир бўлган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, у киши айтдилар: “Яқин қaриндoшлaрингизни (Aллoҳ aзoбидaн) oгoҳлaнтиринг!” ояти нозил бўлганида Пайғамбар алайҳиссалом Сафо тепалигига чиқиб, Қурайш аҳлига шундай нидо қилдилар: “Эй Феҳр жамоси, эй Адий жамоаси… Қурайшнинг барча уруғи тўпланишди ҳатто кела олмайдиганлар нима гап эканини билиш учун ўзларидан элчи юборишди. Улар орасида амакилари Абу Лаҳаб ҳам келган эди. Шунда Ул зот алайҳиссалом: “Мана шу водий ортида сизларга қарши бир қўшин тўпланиб турибди, десам, мени тасдиқлайсизларми?”. Тўпланганлар: “Албатта тасдиқлаймиз, чунки шу кунгача сенда рост сўздан бошқасига гувоҳ бўлмаганмиз”, дейишди. Ул зот: “Албатта, мен олдиларизда турган аламли азобдан огоҳлантирувчиман”, дедилар. Бу гапни эшитиб турган Абу Лаҳаб: “Эй қуриб кетгур, шунинг учун бизни тўпладингми?”, деди. Шу вақт Аллоҳ таолонинг:
“Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам. Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади…”, деган оятлари нозил бўлди.
Сафо, Каъба ва Зам-зам қудуғига Марва тепалигидан кўра яқинроқ жойда жойлашган.
Жабалул Марва
Жабалул Марва – зиёратчилар Сафо тоғидан келиб, саъйни давом эттириш учун бурилиб қайтадиган тепаликдир. У Каъба ва Замзамдан Сафога нисбатан узоқроқ масофада жойлашган.
Масъа (المسعى) саъй йўлаги бўлиб, Сафо ва Марва оралиғи ҳисобланади.
Ҳозирда Ҳаж ва Умрага борган зиёратчилар саъйни тугатгач, бир неча қаватдан иборат Масъанинг юқори қаватларида Сафо тепалиги ёнбағирига чиқиб, дуо қиладилар. Пастки қаватларда Сафо ва Марва тепаликлари тўсиқлар билан ўраб қўйилган. Сафо ва Марва тепалиги ёнида турганингизда тоғ юзаси товланувчан, сувли кўринишда эканлигига гувоҳ бўласиз.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев