islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръон карим тиловатидаги ижоза

Ижоза – Қуръони каримни ривоят қилиш учун устоз томонидан берилган лафзий(оғзаки) ёки хаттий (ёзма) изн, рухсатдир. Муҳаддис уламоларнинг наздида ижоза ҳадисни такаммул қилиш йўлларининг бири ҳисобланади. Қориларнинг наздида эса ижоза деб ижоза берувчи шайхдан (муқрийдан) ижоза олувчи толибга (қорига) Қуръон ўқиш ва ўқитиш учун бериладиган шаҳодатга айтилади.

Қуръон ижозаси

Қуръон ижозаси – Қуръони каримни авлоддан авлодга овоз билан оғизма-оғиз нақл қилиш амалиёти бўлиб, унда мужиз (ижоза берувчи) мужаз(ижоза олувчи)га ижоза берган ривояти ёки бир қанча ривоятларига нисбатан юзга-юз фоиз тўғри бўлганлигига” гувоҳлик бериб сўнг унга Қуръони каримни ўқиш ва бошқаларга ҳам ўқитиш учун изн(рузсат) беради.
ИЖОЗАНИНГ МАШРУъ ЭКАНЛИГИГА ДАЛИЛ
Ижозанинг шариат томонида жорий этилганига Аллоҳ таолонинг:

﴿وَإِنَّكَ لَتُلَقَّى الْقُرْآنَ مِنْ لَدُنْ حَكِيمٍ عليمٍ﴾

“Албатта, ушбу Қуръон сенга ўта ҳикматли ва ўта илмли Зот томонидан берилур” (Намл сураси 6-оят)деган ояти каримаси далил бўлади.
Ушбу оятда “талаққий” калимаси зикр қилинган бўлиб, у икки кишининг учрашувини англатади. Демак, Жаброил алайҳиссалом Қуръонни Аллоҳ таолодан талаққий қилганлар, сўнг Жаброил алайҳиссаломдан уни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам талаққий қилиб олганлар, кейин эса саҳобаи киромлар уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан талаққий қилиб олганлар.

Имом Бухорий ўзларининг “Саҳиҳ”ларида шундай ривоят қиладилар:
“Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъудни эс,Уни ҳамон яхши кўраман, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ Қуръонни тўрт кишидан: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим, Муоз, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумлардан олинглар”, деяётганларини эшитганман”– деган”.
Зикр қилинганлардан иккиси – Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Солим ибн Маъқал муҳожирлардан эдилар.
Ижоза мужиздан(ижоза берувчи) томонидан мужазга (ижоза олувчига) бериладиган шаҳодатдир. Бу шаҳодат қори қироатни чиройли адо қилишига, қираотининг тамомила яхшилигига берилган тазкиядир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобалар ҳақида уларнинг қироати яхши ва чиройли экани ҳақида берган тазкиялари, лафзий ижозадир.

Ижозанинг аҳамияти

Қуръони карим қироатида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга санади муттасил бўлган ижоза талабида бўлиш ислом шариатида жуда мақтовли ишлардандир. Баъзи салафи солиҳларнинг ҳадис илми йўлида машаққат кечиб, сафар қилганликлари ҳақида ривоятлар бисёр. Қуръон қироатини мукаммал қилиш йўлида сафар қилиш эса яна ҳам авлороқ, мақтовли иш бўлиб, бундай иш қилувчу инсонга улуғ ажр-савоб берилади. Ижозанинг аҳамияти шу даражада муҳимки ижоза олувчи қори токи ижозани таниқли, Қуръонни мукаммал, тўғри ўқиувчи шайхлардан тўлиқ, комил ҳолатда олмагунча ва унга ўқитишга ҳам изн берилмагунча, у Қуръони каримни ўқитиши, дарс бериши дуруст эмаслигидан ҳам намоён бўлади. Чунки, агар ижоза олувчи қори Қуръонни шайхига бир неча маротаба ўқиб эшиттирган, ўтқизиб олган бўлсаю лекин унга Қуръонни ўқитишга ижоза берилмаган бўлса, у бошқаларга ижоза беришга, ўқитишга лойиқ бўлмайди. Балки ўқиб, эшиттириш билан бирга ижоза олувчи қори учун шайх томонидан ўқиш ва ўқитишга рухсат, изн бўлмоғи лозим. Бунинг сабаби баъзида қори Қуръони каримни шайхга бир неча маротаба ўқиб берганда ҳам Қуръонни тўғри, мукаммал қилиб ўқий олмаслиги мумкин.
Имом ибн Жазарий роҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 646-йилда туғулган имом Аҳмад ибн Аҳмад ибн Иброҳим ал-Ҳошимий ҳақида: ”Аҳмад ибн Аҳмад ибн Иброҳим ал-Ҳошимийга Абу Жаъфар ибн аз-Зубайр варш қироатида бир неча марта Қуръонни тўлиқ ўқиб берган, лекин унга ижоза бермаган. Унга Абу Жаъфар ибн аз-Зубайрнинг тенгдошларидан бири ўқиб бериши билан унга ижоза берган”-дейди.
Шунингдек баъзи Салафлар ҳам ўз шогирдларидан қироатлари мукаммал, тўлиқ бўлганига аниқ ишон ҳосил қилишгунча қайта ўқишни талаб қилганлар.
Мужоҳид ибн Жабар ал-Маккий ҳам ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўттиз марта ўқиб берган эканлар.
Шунингдек Имом Жаъфар ҳам Қуръонни мавлоси Абдуллоҳ ибн Айёш, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ўтқизиб олган.
Имом Нофе ибн Абу Нуайм: ”Мен тобеинлардан етмиштасига Қуръонни ўқиб бердим”– дейди.
Жумладан Ҳишом ибн Аммор Суламий ҳам Айюб ибн Тамим, Ирока ибн Холид, Валид ибн Мулсим, Садақа ибн Холид ва бошқалардан қироатни юзма-юз олган.
Имом Юсуф ибн Жубора Абул Қосим Ал-Ҳузалий ўзининг қироатлар ҳақида ёзган китобида ўзи ҳақида шундай дейди:” Мен бу илм йўлида то мағрибнинг энг чекка жойларидан, Фарғона томонларгача ўнгу-сўл, тоғу-денгизларга сафар қилдим, мен йўлиққан кишиларни ҳаммаси уч юз олтмиш бешта шайхдир. Агар мен бу илм борасида ислом диёрларида ўзимдан пешқадам бирор кишини билсам албатта унинг ҳузурига бордим”.
Қуръонни сақлашга ва унинг ҳифз-у ҳимояси учун сабабларни тайёрлаб қўйишга Аллоҳ кифоядир. Ушбу уммат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан токи бизнинг замозимизгача ҳеч бир нарсага Қуръони каримга эътибор бергани, сақлагани каби, этибор бермаган, сақламаган.
Бирор замон-аср Қуръони каримни ўқитиш ва талим беришда Аллоҳ таоло учун ҳужжат қоим қилувчидан холи бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Қуръон ўқитмоқчи бўлган ҳар бир кишига токи Қуръонни бошидан охиригача мутқин(пухта,мукаммал) шайхлардан талаққий йўли билан ўтқизмагунча ва улар томонидан ўқитишга ҳам ижозат бўлмагунча Қуръонни ўқитишга юзланмоғи жоиз бўлмайди.

Ижозанинг шартлари

Қуръони карим учун ижоза олиш шартларини Доктор Айман Сувайд Рушдий ўзларинг “Диросатул Маайирил илмийяти литаълимил Қуръанил Карим” номли китобларида қуйдагича келтирадилар:
1 – Қуръони каримни мукаммал, тўлиқ ёд олган бўлиш. Чунки бизларгача етиб келган Қуръони каримнинг санадларидаги ҳар бир шайх ўзининг шайхига Қуръонни бошидан охиригача ёддан ўқиб берганлар. Лекин кимда-ким ўз шайхига мусъҳафдан қараб тажвид билан ўқиб берса, сўнгра ижоза талаб қилса, унинг ўқиб берганига унда қандай ўқиб берганлиги акс этган шаҳодат беришга ҳеч қандай монелик йўқ. Яъни Шайх фалончи Қуръонни барчасини ёки баъзисини мусъҳафдан қараб, мукаммал тажвид ила ўқиб берганини, у шаҳодатномада баён қилиб беради. Доcтор Айман бу шаҳодатнома “Қуръон тиловатини пухта, хатосиз ўқилишига шаҳодатнома”- деб номланса яхшироқ бўлишини айтади. Бу қорилар учун маълум бўлаган Қуръон ижозасидан ажратиб туриш учундир.
2 – Тажвид илмидаги “Жазарийя муқаддимаси”ни назмларини ёд олиш ва унинг шарҳларини ҳам яхши фаҳмлаш. Чунки Қуръони каримни нақл қилиш, ҳарфларни махражлари, якка ҳолатдаги, жамланган ҳолатдаги сифатларидан ташкил топган муайян қоидаларни билиш, ёд олиш билан бўлади. Шунинг учун ижоза талаб қилувчига бу қоидаларни билиш, ёд олиш лозим бўлади. Одатда, қорилар имоми ибн Жазарийни “Муқаддиматул Жазарийя” матнини ёд олдириш жорий бўлган. Чунки бу матн тажвид ҳукмларини энг муҳимларини ўзида мужассам қилади. Лекин шуни яна таъкидлаш лозимки қори қироатини хатодан сақлаш учун, ўзидан бошқаларга нақл қилиши учун ёд олган матнини шарҳлари билан тушунмоғи лозимдир.
3 – Қуръони каримни ижоза берувчи шайхага ҳарфма-ҳарф тўлиқ ўқиб бериш. Бу фотиҳа сурасидан нас сурасигача махражлар, сифатлар ва бошқа маълум тажвид аҳкомларига амал қилиб ўқиб беришдан иборатдир. Баъзи ижоза талабида бўлаганларни Қуръондан айрим қисмини шайхга ўқиб бермоғИ, сўнгра шайх унга Қуръонни тўлиқ ўқиб берганини ваҳмга келтирадиган мубҳам ижоза бериши асло дуруст эмас. Лекин шайх фалончи Қуръонни бу еридан мана бу еригача ўқиб берди ва мен унга шу қисмига ижоза бердим, деб ҳужжат қилса бу мустасно. Аммо толиб шайхига Қуръонни баъзисини ўқиб берса, сўнгра Қуръонни барчасига ижоза берса, бу ҳол баъзи қорилар наздида истеъмолда бор. Шарти шуки, шайх, қорини аввал бошқа шайхга Қуръонни тўлиқ, мукаммал, бенуқсон ўқиб берган, сўнг унга ижоза берилган эканини билиб, аниқ ишонч ҳосил қилмоғи керак. Лекин ижоза талаб қилувчи қироатни янги бошлагувчи бўлса ва уни бошқа шайхга Қуръонни қолган қисмини ўқиб бергани маълум бўлмса унга ижоза бериши жоиз эмас. Чунки Қуръонда фақатгина бир маротаба келадига лафзлар бор. Масалан:
Юсуф сурасидаги “ишмом” қоидаси каби: (تَأْمَنَّا)
Ҳуд сурасидаги ” имола” қоидаси каби (مَجْراهَا)
Ва яна шунга ўхшаш бошқа лафзлар. Уларни тўғри ўқиш учун устозгага эҳтиёж тушади.
Бу лафзларни толиб шайхдан эшитмай, ўзлаштирмай туриб шайх, толиб буларни тўғри адо қилишига қандай гувоҳлик беради. Ваҳолангки Аллоҳ таоло:

(سَتُكْتَبُ شَهَادُتُهُمْ وَ يُسْئَلُونَ)

Яъни: “Албатта бу гувоҳликлари ёзилур ва сўроққа тутилурлар”. (Зухруф сураси 19-оят)
4 – Ижоза берувчи шайх ижоза олувчига Қуръонни ўқитишга ҳам тайёргарлик бермоғи.
Чунки ўқиш бошқа нарса, ўқитиш бошқа нарсадир. Қанча-қанча кишилар бор, Қуръонни яхши ўқий олади лекин яхши ўқита олмайди. Шу сабабдан мужиз толибни ўқитишга тайёрлайди. Бу эса шайх толибга янги ўқиётган толибни олиб келади ва ҳузурида янги толибнинг тиловатини худди шайхидан талаққий қилгани каби тузатишга буюради. Агар толиб буни уддасидан чиқса, у ўқитишга лойиқ бўлади.
Уддасидан чиқа олмаса шайх унга фақат ўқишгагина ижоза беради. Шайх, толиби ўқитишга лойиқ бўлмагуча унга ўқитиш учун ижоза беришга ҳақли бўлмайди. Бундай ишларда асло кўнгилчангликка йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга шайх толибни таълим берувчисиз вақф қилиш қийин бўлган барча калималарда, ибтидоси ҳам қийин бўлган калималарда синаб кўргандек синаб кўрмоғи лозим. Шунингдек шайх толибни муаллимсиз васл қилиб ўқиш қийин бўлган барча калималарда ҳам синаб кўриши лозим.
Шайх, толибни қироатнинг уч мартабасида ўқишга тайёрламиғи авло ишдир. Агар Қуръонни аваллги учдан бирини “таҳқиқ”да, иккинчи учдан бирини “тадвир”да, учунчи учдан бирини “ҳадр”да ўқиса бунда ҳеч қандай зарар йўқ. Балки бу йўл билан қори уч мартбада ўқишни мукаммал ўзлаштиради. Чунки баъзи қорилар таҳқиқда, тадвирда бенуқсон қироат қилсалар ҳам, ҳадрда мукаммал, пухта ўқий олишмайди. Сабаби уларнинг шайхлари бу “ҳадр” мартабасида ўқишга уларни тайёрламаган бўлади, ҳолбуки ҳадр мартабасида ўқиш Қуръонни такрор қилишда, таровеҳларда, қиёмуллайлларда жуда ҳам зарур. Қироатдаги тезлик мартабалари ҳақида бугунги кунимизда кўпчилик хабардор бўлгани учун, уларни номларини келтириш билан чекландик.
Ижозанинг рукунлари
1. Мужиз – Қуръони каримни тўлиқ ҳолда, тажвид билан ўқийдиган толибдан эшитадиган шайхдир.
2. Мужаз – шайхнинг ҳузурида ўтириб, ундан Қуръонни талаққий қиладиган толибдир.
3. Мужаз биҳи – Қуръони карим, яъни Аллоҳнинг мўжиз (ожиз қолдирувчи) каломи бўлиб, Жаброил алайҳиссалом воситасида набий ва расулларнинг хотами бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган, бизагача мутавотир йўл билан етиб келган, тиловати ибодат саналган, Фотиҳа сураси ила бошланиб, Наас сураси билан тугаган улуғ китобдир.
4. Санад – бизгачга Қуръони каримни оғизма-оғиз нақл қилган кишилардан иборат олтин силсиладир. Уларнинг ҳар бири Қуръони каримни ўзининг шайхига ўқиб бериб, ўтказиб олган бўлади. Шу зайлда силсила Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб боради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан, Жаброил алайҳиссалом эса Аллоҳ таолодан қабул қилиб олгандир.

Иожзанинг турлари

Ижоза ёки санад бир нечта қисмларга бўлинади.
1 – тўлиқ битта ривоят учун ижоза олиш. Бу Қуръони каримни шайхга фотиҳа сурасини аввалидан бошлаб, нас сурасининг охиригача қироатни барча туруқлари билан бир марта тўлиқ хатм қилиб ўқиб бериш билан бўлади. Қироатни туруқи деганда шотибийя ва тоййиба йўлларида ўқиб бериш тушунилади. Иншааллоҳ буларни баёни, ўртасидаги фарқларни, уларга тегишли айрим ҳукумларни батафсил келтирамиз.
2 – Фақат битта ривоят учун ижоза олиш. Ҳафс ривояти каби яъни зикри ўтган икки туруқлардан фақат биттасидан ижоза олиш. Бунда қори Қуръонни бошида охиригача бир ривоятдаги турли кўринишларни баён қилиниши билан ўқийди.
Мана шу ижозанинг икки туруқи қироатда ва унга ижоза беришда энг мўтамад йўлдир. Чунки шу икки ижозадан бирортаси бўлмаган инсон Қуръони карим тиловатига ижоза беришга ҳақли саналмайди. Хоҳ битта ривоятга бўлсин хоҳ бир нечта ривоятларга бўлсин ёки қироатлардаги туруқларга бўлсин мана шу ижоза бериш йўлидир.
3 – Қуръонни комил бир марта ўқиб тугатиш билан бир ривоят туруқларини баён қилмасдан фақат битта тариқдан ижоза олиш. Бу омма ижозаси сарасидан ҳисобланади. Баъзилар бундай ижоза олишга ҳам изн берадилар. Лекин аслида тўғриси эса муқаддам ўтгандек икки ривоятга ижоза олишдир.
4 – Қуръони каримни баъзи жузларигагина ижоза олиш(Қуръони каримни бошқа шайхларага тўлиқ ўқиб берган бўлиши шарти билан. Аммо бундай бўлмаса ижозаси фақат ўқиб берган қисмидагина эътоборли бўлади). Хоҳ ярмига бўлсин ёки ундан ҳам озгинасига бўлсин ўқиб берган қисмигагина ижоза олиш. Бундай ижоза тури бу фан эгаларининг айримларини наздида эътиборга олинмайди. Лекин энг тўғриси шайхига ўқиб берган ва шайхи унга ижоза берган ёки шайхидан эшитган ўринларда этиборга олинишидир. Шу билан шайх ижоза бера олади лекин шайх толибга ёки унга ўқиб берган кишига мусъҳафнинг фалон жуздан фалон жузгача, ижоза берилган эканлигини баён қилиши лозим.
5 – Қироатсиз ижоза олиш. Бу асосан олдинги замонда ҳадис аҳллари ва бошқа илм эгалари одатланган йўлдир. Лекин бу ижоза олиш йўли Қуръон ва қироат илмида жуда ҳам оз деярли учрамайдиган усулдир.

4-курс талабаси Мадаминжонов Азимжон

279440cookie-checkҚуръон карим тиловатидаги ижоза

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: