islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Охират амали билан дунё талаб қиладиган “олимлар”

Абу Дардо (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ таоло биз пайғамбарларга: «Диндан бошқа нарса учун фиқҳ ўрганадиган, амал қилишдан бошқа мақсад учун илм оладиган, охират амали билан дунё талаб қиладиган, одамлар назарида (ғариб кўриниш учун) қўй пўстинини киядиган, аммо қалблари бўри қалби каби бўлган, тиллари асалдан ширин, қалблари сабирдан (алоэ) ҳам аччиқ одамларга айтингки, улар Мени алдамоқчи бўляптиларми?! Мени масхара қиляптиларми?! Албатта, уларга шундай фитна (эшикларини) очаманки, энг ҳалим кишилар ҳам ҳайратда қоладилар», деб ваҳий қилган”, дедилар”.

Заҳҳок (р.а.) Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Бу умматнинг олимлари икки тоифа. Бир тоифаси Аллоҳ унга илм берган, у эса, илмини одамларга сарфлаган (ўргатган), эвазига ҳеч нарса олмаган ва уни бирор қийматга сотмаган кишидир. Унинг ҳақига осмондаги қўшлар, сувдаги балиқлар, ердаги ҳайвонлар ва кироман котибин (амалларни ёзувчи фаришталар) саловот айтиб туради. У қиёмат куни шарафли, улуғ инсон сифатида пайғамбарлар ҳамроҳлигида Аллоҳнинг ҳузурига келтирилади. Иккинчи тоифа эса, Аллоҳ унга дунёда илм берган, у эса, илмни Аллоҳнинг бандаларидан қизғанган, (ўргатса ҳам) эвазига бирор нарса олган ва илмни (арзон қийматга) сотиб юборган кишидир. У қиёмат куни оловли юган билан юганланган ҳолда келтирилади. Одамлар бошида туриб, бир нидо қилувчи: «Бу фалончи ўғли фалончидир. Дунёда Аллоҳ унга илм берган эди. У эса, Аллоҳнинг бандаларидан қизғанди. (ўргатса ҳам) эвазига бир нарса олган ва уни арзон қийматга сотиб юборган эди», деб нидо қилади. Одамлар ҳисоб-китоби тугагунга қадар шундай ҳолда азобланиб туради”. Қуйидаги ривоят бундан қаттиқроқдир: “Бир киши Мусо алайҳиссаломга хизмат қилиб юрар эди. Қачон гапирса: «Мусо Сафйуллоҳ (Аллоҳнинг покиза бандаси) менга ундай деган», «Мусо Нажийуллоҳ (Аллоҳнинг сирдош бандаси) бундай деган», «Мусо калимуллоҳ ана шундай деган», деб гапириб юрарди. У бой бўлиб, моли кўпайиб кетгач, Мусо (а.с.) уни юқотиб куйдилар (яъни, у Мусонинг олдиларига келмай қўйди). Мусо (а.с.) уни кўп суриштирдилар. Лекин бирор хабар топмадилар. Охири бир куни Мусо (а.с.) ҳузурларига бўйнига арқон боғланган тўнғизни етаклаб бир одам келди. Ундан Мусо (а.с.): «Фалончини танийсанми?» деб сўрадилар. У одам: «Ҳа, танийман. У мана шу тўнғиздир», деб жавоб берди. Шунда Мусо (а.с.): «Эй Раббим! Сендан уни ўз ҳолига қайтаришингни илтижо этаман, токи ундан бу ҳолга қандай қилиб тушиб қолганини сўрай», деб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло унга ваҳий қилдики: «Агар Менга Одам (а.с.) ва ундан кейинги (пайғамбарлар) дуоси билан дуо қилсанг ҳам, бу одам ҳақидаги дуойингни қабул этмайман. Лекин уни нега бундай ҳолга солганимни хабар қиламан. Сабаби шуки бу одам, дин воситасида дунёни талаб қилар эди».

Бунданда қаттиқроқ хабарни Муоз ибн Жабал (р.а.) мавқуф ва марфуъ ҳолда ривоят қилганлар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Олимнинг фитналаридан бири – гапириш эшитишдан кўра ёқимли бўлишидир», дедилар”.

Гапиришда сўзни безаш ва зиёда қилиш бор. Гапирувчи киши хатодан омон қолмайди. Сукутда эса саломатлик ва илм бордир. Шундай олимлар ҳам борки, ўзи илм тўплайди, лекин бу илмнинг бошқаларда бўлишини ёқтирмайди, улар дўзахнинг биринчи табақасида бўлади. Олимлардан яна шундайлари борки, илмида ўзини подшолардек тутади. Унинг илмидан бирор нарса эътиборсиз қолса, ғазабланади, улар дўзахнинг иккинчи табақасида бўлади. Олимлардан яна шундайлари борки, илмини ва ғаройиб сўзларини шарафли ва бой кишиларга сарфлайди. Лекин илмга муҳтож кишиларни ўзига лойиқ кўрмайди, улар дўзахнинг учинчи табақасида бўлади. Олимлардан яна шундайлари борки, ўзларини фатво берувчи кўрсатиб, нотўғри фатволар беради. Аллоҳ эса такаллуф қилгувчиларни ёмон кўради. Улар дўзахнинг тўртинчи табақасида бўлади. Олимлардан яна шундайлари борки, илмини кўп кўрсатиш учун яҳудий ва насоролар сўзини гапиради. Улар дўзахнинг бешинчи табақасида бўлади. Олимлардан шундайлари борки, илмини одамлар орасида ўзини кўрсатиш, фазилатини билдириш ва номи зикр этилиши учун восита қилиб олади. Улар дўзахнинг олтинчи табақасида бўлади. Олимлардан яна шундайлари борки, кибр ва манманлик уни эгаллаб олган. Агар насиҳат қилса, қаттиқ гапиради. Ўзига насиҳат қилинса, эътибор бермайди. Улар дўзахнинг еттинчи табақасида бўлади. Биродар! Сен сукутни маҳкам тутки, у билан шайтонни мағлуб қиласан. Бемаъни кулишдан ва фойдасиз юришдан сақлан!”

Бошқа бир хабарда шундай дейилади: «Баъзан бир кишининг довруғи Машриқ ва Мағриб орасини тўлдирадиган даражада тарқалади. Лекин унинг Аллоҳ ҳузурида пашшанинг қанотичалик қадри бўлмайди».

Ривоят қилинишича, ҳуросонлик бир киши Ҳасан Басрийнинг мажлисларида бўлиб, сўнг юртига қайтиш вақтида, у зотнинг ҳузурларига беш минг дирҳам пул ва нозик матодан тикилган ўнта кийим солинган халтани кўтариб кирди. Шунда Ҳасан Басрий (р.а.) айтдилар: «Аллоҳ таоло сенга офият берсин! Нафақа ва кийимларингни қайтариб ол, бизнинг бунга эҳтиёжимиз юқ. Кимки мен каби мавқеъда ўтирса (мавъиза қилса) ва одамлардан шунга ўхшаш нарсани қабул қилса, қиёмат куни ҳеч қандай насибасиз ҳолда Аллоҳга рўбару бўлади».

Жобир (р.а.) мавқуф ва марфуъ ҳолда ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар: «Тўғри келган олимнинг ҳузурида ўтираверманглар. Балки беш нарсадан қайтариб, беш нарсага чақирган олимнинг ҳузуридагина ўтиринглар: шак-шубҳадан қатъий ишончга; риёдан ихлосга; дунёга рағбат қилишдан зоҳидликка; кибрдан камтарликка; адоватдан насиҳатга». Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Сўнг (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, дунё ҳаётини истайдиган кимсалар: “Эҳ,, қани эни, бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу давлат бўлса эди. Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир”, дедилар. Илм- маърифат ато этилган кишилар эса: «Ўлим бўлсин сизларга! Иймон келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқку!, дедилар» (Қасос сураси, 79-80 оятлар). Аллоҳ таоло бу оятда илм аҳлларини «охиратни дунёдан устун куювчилар» дея таърифлади. Демак ҳар бир инсон кимга ҳавас қилишни яхши ўрганишга тарғиб қилинмоқда.

«Диний фанлар» кабинет мудири ва

Юнусобод тумани «Мирза Юсуф» жомеъ масжиди имом ноиби

Уролназар Мустафо Термизий тайёрлади

28150cookie-checkОхират амали билан дунё талаб қиладиган “олимлар”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: