Йўл ҳаракатига доир одоб ва аҳкомлар деганда, пиёда бўлсин, уловда бўлсин, йўл юрмоқчи бўлган ҳар бир мусулмон эркагу аёл риоя қилиши лозим бўлган ишлар назарда тутилади. Улар қуйидагилар:
- Заруратсиз кўчага чиқмаслик.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Нажот нима?» деб сўради. Шунда у зот: «Тилингга маҳкам бўл ва уйинг сени сиғдирсин», – дедилар.
Бу маъно, хусусан аёллар учун таъкидлангандир.
- Ислом аҳком ва одобларига мувофиқ кийиниш. Ислом шариъатида кийим тўрт қисмга бўлинади:
А) Вожиб кийим. Шариъат аврат деб белгилаган жойларни тўсадиган даржадаги кийим вожибдир. Кийим авратни тўсиши учун орқаси кўринадиган даражада юпқа бўлмаслиги ва танани васф қиладиган даражада тор бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда, сатри аврат ҳисобланмайди.
Эркак кишининг аврати киндикдан тиззагача, аёлнинг юзи ва икки кафтидан бошқа барча жойи аврат ҳисобланади.
Б) Суннат кийим. Кўркам, ўзига ярашган, яхши либосларни кийиш суннат саналади. Кир, яроқсиз, йиртиқ-ямоқ кийим киймаслик керак. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Либосларингизни яхшиланглар, токи одамлар ичида хол каби бўлинглар», дедилар».
Хусусан, пойафзал кийишга ва унинг яхши бўлишига алоҳида эътибор бериш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ковушининг боғичи узилиб кетса, то уни тўғирлагунча бир пой ковушда юра кўрмасин», деганлар.
Имо Бухорий «Ал-Адаб ал-Муфрад»да шундай ривоят келтиради:
Абу Холдадан ривоят қилинади:
«Абдулкарим Абу Умайя Абул Олияникига келди. Эгнида жун кийим бор эди. Шунда Абул Олия: «Албатта, бу роҳибларнинг кийими. Мусулмонлар қачон бир-бирларини зиёрат қилсалар, ясанишар эди», деди».
Бу ерда мусулмонлар деганда саҳобаи киромлар назарда тутилган. Кийим кийишда ниятни яхши қилиш, хусусан ушбу ҳадисларни назарда тутиш лозим.
В) Ҳаром кийим. Фахр, кибру ҳаво, мақтанчоқлик, ўзига баҳо бериш, бошқалардан ўзини баланд тутиш каби номақбул мақсадларда кийим кийиш ҳаромдир. Мусулмон киши бундай иллатлардан дилини холи қилиши лозим.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кўйлаги этагини кибру ҳаво билан судраб юрадиган бандаларига марҳамат назарини ташламайди», – дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши уни ужбга кетказган кийимда, қулоғидан пастга тушган сочини тараб олиб кетаётган эди, бирдан Аллоҳ уни ерга ютқазиб юборди. Энди у ерда қиёматгача пастга қараб силжиб бораверади», – дедилар.
Бу ҳадисда ифтихор, мутакаббирлик билан ўзига оро берган киши мазаммат қилинмоқда.
Г) Макруҳ кийим. Имконияти бўла туриб, ўзини бечора ёки зоҳид кўрсатиш мақсадида йиртиқ-ямоқ, жулдирвоқи, кўримсиз кийимларни кийиш макруҳ ҳисобланади.
Булардан бошқа ҳолатлардаги кийимлар мубоҳдир.
- Агар йўлга ҳамроҳ олмоқчи бўлса, яхши рафиқ танлаш.
Имом Табаронийдан қилинган ривоятда: «Ҳовлидан олдин қўшнини, йўлдан олдин ҳамроҳни қидиринглар», дейилган.
Ҳамроҳларнинг яхшиси Аллоҳга тақво қиладиган, ҳамроҳига яхшилик етказадиган, илмли, одобли кишилар бўлади.
Ҳасан Басрий айтади: «Рафиқларнинг энг яхшиси Аллоҳни зикр қилганингда сенгга кўмаклашадиган, унутганингда сенга эслатадиган рафиқдир», деган.
Луқмон Ҳаким ўз ўғлига шундай насиҳат қилган экан: «Эй ўғилчам, сен олимлар билан бирга ўтиришни ўзингга лозим тут ва ҳакимларнинг гапларини эшит, зеро Аллоҳ ўлик ерни ёмғир томчилари билан тирилтирганидек, ўлик қалбни ҳикмат нури билан тирилтиради».
- Йўлнинг ўнг тарафида юриш, агар тўхтаса ҳам, ўнг тарафда тўхташ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида ўнг тарафни ишлатишни яхши кўрар эдилар, ҳатто соч тарашларида ҳам, ковуш кийишларида ҳам».
Сулаймон айтади: «Киши йўлнинг ўнг тарафига тушиши мустаҳабдир».
- Ёши катта, аҳли илм ва аҳли фаз кишиларнинг ҳақига риоя қилиш.
Бу – Ислом одобларининг энг кўзга кўринганларидан бири, десак, муболаға бўлмайди. Бу мавзуда кўплаб ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари, буюк уламоларимизнинг ҳаётларидан намуналар мавжуд. Уламоларимиз ўз асарларида бу мавзуга алоҳида боб ажратганлар. Имом Бухорий «Саҳиҳ»да «Каттани икром қилиш ҳамда гап ва саволни катта бошлаши ҳақида боб» очиб, унда ушбу мавзудаги бир қанча ҳадисларни келтирганлар. Мусулмонлар бугунги кунгача ўша таълимотларга қўлдан келганича амал қилиб келмоқдалар. Хусусан, бизнинг халқимиз ҳам бу одобга алоҳида эътибор бериб келган.
Бу борада келган маълумотларни ўрганар эканмиз, аждодлардан тортиб амалда келаётган, халқимиз орасида анънага айланган кўплаб гўзал одоблар айнан Ислом таълимотлари асосида вужудга келганининг гувоҳи бўламиз. Биз бу ўринда, имкониятимиздан келиб чиқиб, уларнинг айримлари билан таништириб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каттамизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган ва уламоларимизнинг ҳақини билмаган биздан эмас», – дедилар».
Уламоларимиз каттанинг, шунингдек, аҳли илм ва аҳли фазл кишининг ҳақларини санаганда, жумладан, қуйидагиларни таъкидлайдилар: учрашганда унга биринчи салом бериш, эҳтиромини жойига қўйиш, унинг ўнг тарафида, сал орқароқда юриш, бирор жойга кириб-чиқишда унга йўл бериш, сўзлашганда ва нутқ қилишда унга олдин сўз бериш, унинг сўзига эътибор ва эҳтиром билан қулоқ тутиш, унинг овозидан баланд гапирмаслик, агар мунозара қилишга тўғри келиб қолса, юксак одоб ва лутф билан муносабатда бўлиш, унга мурожаат қилганда ҳам иззат-икром билан мурожаат қилиш.
Икки ака-ука Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўзлари шоҳид бўлган бир воқеани айтиш учун келишди. Уларнинг кичиги сўзламоқчи бўлди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каттага бер, каттага бер», дедилар. Яъни, сўзни олдин каттага бер, демоқчи бўлдилар.
Улуғ саҳобий Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдик. Биз тенгқур йигитлар эдик. У зотнинг ҳузурларида йигирма кун турдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам раҳмли, мулойим эдилар. Бизни аҳли-оиламизни соғинган деб билиб, қолдирган аҳлимиз ҳақида сўрадилар. Биз айтиб бердик. Кейин: «Аҳлингизга қайтинглар, уларнинг ичида бўлинглар, уларга таълим беринглар, амр қилинглар. Қачон намоз ҳозир бўлса, бирингиз озон айтсин ва каттангиз имом бўлсин», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга балоғатга етган, ақли тўлганларингиз яқин турсин. Сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар», дедилар.
Уламоларимиз ушбу ҳадис гарчи намоз бобида айтилган бўлса ҳам, барча ижтимоъий йиғинларда ҳам суннат ҳисобланади, дейдилар.
“Йўл ҳаракати фиқҳи” китобидан
4-курс талабаси Заманов Муҳаммаджон