islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Буюк келажак шонли тарихдан руҳланиб қурилади

Буюк саркарда, давлат арбоби, ислом илмлари билимдони, шоҳ ва шоир, темурийлар сулоласининг етук намоёндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибн Умаршайх ибн Мироншох ибн Амир Темурнинг таваллуд ойи муносабати билан 2022 йил 25 феврал куни Тошкент ислом институтининг анжуманлар залида муассасамиз аёл ходималари ҳамда талабала қизлари иштирокида “Буюк келажак шонли тарихдан руҳланиб қурилади” илмий-амалий, маърифий кеча бўлиб ўтди. Давра суҳбатига Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ижтимоий фанлар кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, бир қатор миллий ҳамда халқаро унвон ва мукофотлар совриндори, профессор Шоҳистахон Ўлжаева фахрий меҳмон сифатида ташриф буюрди.

Суҳбат асосан темурийлар, қолаверса, бобурийлар ҳақида бориб, профессор Ўлжаева аудитория контингентидан келиб чиққан ҳолда, тарихнинг ўша давридаги ислом маданияти ҳақида ҳам сўз юритди. Жумладан, у Амир Темурнинг узоқ вақтлар тартибсизликлар остида қолиб кетган Ҳиндистонда тартиб ўрнатиши, Византия каби буюк насроний давлатларни тиз чўктириб, ўлпон тўлатиб қўйиши, Темур ҳамда темурийларнинг ёшлигидан қорию қурро бўлгани ҳақида гапириб ўтди.

– Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, – дейди олима, – Темур ва темурий шаҳзода Бобурни том маънода фотиҳлар деб аташимиз мумкин. Масалан, Ҳиндистон 332 йиллик бобурийлар даврида эришилган илмий мероси билан ҳозир ҳам дунёнинг етакчи илмий марказларидан. У ердаги исломий билим юртлари ҳам жаҳондаги энг сара таълим муассасалари қаторига киради.

Эътироф этишимиз лозимки, темурийлар тарих ўзанини буриб юборган, нафақат буюк Ануштегинлар сулоласи, балки бутун дунёда, айниқса, Ислом оламидаги қатор сулолалар, давлатларни тарих саҳифаларидан супуриб ташлаган Чингизийлар ҳукмронлигига барҳам бериб, ҳақиқий маънодаги юксалишни қура олган, башарият тарихида ўзига яраша беқиёс Соҳибқирон Амир Темур ҳамда у кишининг наслларидан иборат шонли 500 йилга яқин тарихни ўз ичига олади.

Тан олиб айтишимиз керакки, бугунги кунда кўпчилигимиз ўз тарихимизни яхши билмаймиз. Бу жуда катта йўқотиш бўлса керак, албатта. Аввало, инсон кимлиги, қаердан пайдо бўлганига қизиқади. Миллий-маънавий қадриятлари, эътиқодий қарашлари ҳаётини шакллантиришида салмоқли рол ўйнайди. Соҳибқирон таъбирига кўра, “Биз туркнинг бош бўғинимиз!” Баъзи манбаларда келтирилишича туркларнинг юксалиши Ўғузхон ҳамда унинг невараси Атиллага бориб тақалади. Айнан Ўғузхон яккахудолик динига эътиқод қилиб, туркий қабилаларни атрофига жамлагани ҳақида маълумотлар келтирилади. Бугун миллий ўзлигимизни теран англашга ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳтожмиз. Зеро, дунёда гегемон давлатлар томонидан моддий ва маънавий хуружлар етарлича ҳозирда.

Таъкидлаш лозимки, кунимизда эркаклар у ёқда турсин, баъзи аёлларимиз ҳам аёл кишининг ҳаётдаги ўрнини жуда тор олишади. Бу жуда ачинарли ҳол, албатта. Аслида, инсоният тарихида дунёни тебратган аёлларнинг яшаб ўтганига кўп гувоҳ бўламиз. Касби нима бўлишидан қатъий назар, ҳар бир аёл билиши лозим бўлган тарихий маълумотлар мавжуд бўлиб, киши ўз миллати, этник келиб чиқиши, эътиқодий қарашлари, тарихда ота-боболарининг эришган ютуқлари ва камчиликларини билиши жуда муҳим. Айниқса, тарихий ютуқлардан илҳом ҳамда камчиликлардан ибрат олиш ҳар бир муслим ва муслима учун ҳам фарз ҳам қарздир, десак асло муболаға қилмаган бўламиз, албатта. Тарих фанлари доктори, профессор Шоҳиста опа бу борада муассаса аёл-қизларига етарлича кўрсатмалар бера олди, деб ҳисоблаймиз.

Зеро, муқаддас китобимиз, Оламлар Эгасининг каломи Қуръони Карим оятлари сонига кўра тенг ярми, ҳажмига кўра учдан икки қисми тарихий маълумотлардан иборат. Бу биз муслима аҳли илм сифатида тарихни билиш, ўрганиш ва ибрат олиб, тегишли хулосалар, ҳаётий ечимлар чиқаришга ҳаммадан кўра кўпроқ масъуллигимизни англатади. Шуниси ҳам диққатга сазоворки, мусулмон илм аҳли тарихдаги воқеликларнинг саҳиҳлигига фақулодда қунт қилишган.

ТИИ ўқитувчиси Нигора УСМОНОВА

284150cookie-checkБуюк келажак шонли тарихдан руҳланиб қурилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: