Бутун оламларнинг парвардигори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунинг эгаси, фақат ўзигагина ибодат қилиниб, ўзидангина нажот сўралувчи Аллоҳ таолага ҳамду санолар, сарвари коинот, хотаман набиййин бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи вассалламга саловату саломлар бўлсин. У кишининг аҳллари ва саҳобаларига ҳам.
Ҳаж ибодати исломдаги беш рукндан бири бўлиб, жуда ҳам улуғ ибодатдир. Иложини топган ҳар бир мусулмон бу ибодатни адо этса, катта бахтга, савобга эга бўлади.
Ҳажга боришда ҳар бир ўлканинг, минтақанинг ўзига хос қонун-қоидалари, йўл машаққатлари борлиги сабабли, ҳажга борувчилар баъзи йўл муаммоларини ҳал қилишларига тўғри келaди. Шу боисдан ҳажга бориш имкониятига эга бўлганлар, бу имкониятнинг қадрига етиб, чиройли ва мукаммал ҳаж қилишлари, фиқҳий масалаларни ҳамда ҳажнинг одоб арконини яхши билишлари лозим. Бундай улуғ ибодатни амалга ошириш орқали инсон унинг бир қанча фазилатларини ёдга олади.
Ҳажнинг фазилатларидан баъзиларини баён қилиб ўтамиз:
- Ҳаж исломнинг порлоқ ўтмишини эслатади, мусулмонларнинг диний шуъурини уйғотади. Чунки ҳажда мусулмонлар Аллоҳнинг уйи Каъбаи муаззамани тавоф қиладилар. Иброҳим алайҳиссалом давирларини ёдга оладилар, намоз ўқийдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларида равзаларини зиёрат қиладилар. Исломнинг шон- шуҳратини юксакларга кўтарган қаҳрамон саҳобаларнинг қадамжоларини кўрадилар. Шу сабаб улар қалбида исломга муҳаббат кучаяди, улуғ аждодлардан ибрат олиш иштиёқи жўш уради.
- Ҳаж мўминларнинг гуноҳларидан поклаши Аллоҳнинг марҳамати ва барокати бандалари устига ёғилиши учун бир василадир. Чунки баъзи олимлар айтишларича, шундай гуноҳлар борки, фақат Арафотдаги вуқуф туфайлигина Аллоҳ уларни кечириши мумкин.
- Ҳаж ойлари мусулмон мамлакатларининг турли санъат асарларини танитувчи ҳалқаро кўргазма, барокатли тижорат мавсумидир.
Ҳажда нафақат ваҳий инган тупроқларда яшаётган халқларнинг, балки узоқ диёрлардан келган зиёратчиларнинг ҳам катта иқтисодий манфаатлари бор.
- Ҳаж улкан ҳаёт мактаби, яъни мусулмонлар орасида ўзаро ёрдамлашув ва маълумот алмашинувига сабаб бўлган сафардир. Киши ҳаж сафар асносида, турли мамлакатларни кўради. Уларнинг ҳаёт тарзлари ва урф одатлари билан танишади, ибратланади, ҳаёт тажрибалари ортади.
- Ҳаж кучли иродага эга бўлган, Аллоҳнинг тавфиқ ва ёрдамига чин дилдан ишониб, таваккул қилган кишилар бажара оладиган бир машаққатли ибодатдир. Бу машаққатлар ҳажнинг аҳлоқини гўзаллаштиради, қўполлигини кетказиб унга оддий имконлар билан яшашни, камтарликни, сабр бардошли бўлишни ўргатади.
- Ҳаж бой камбағал, амалдор-хизматчи ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг ожиз бандалари эканини кўрсатувчи, ҳақиқий тенглик ва биродарлик кўзгусидир. Чунки ҳажда барча ҳожилар дунё ва унинг зийнатларидан қалбан узилади. Барча бир ҳил либос-эҳром кийиб, яхши сўзларни айтиб худди бир инсондек ойдин туйғуларга тўлган қалб билан ягона Аллоҳ таолога ёлворади.
Ҳеч ким ўзини дунёвий мартабаси ва бойлиги туфайли бошқалардан афзал кўра олмайди. Фақат тақводоргина баъзилари баъзиларидан устун бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидек: “Араб ажамга нисбатан фақат тақво жиҳатидан фазилатли бўлиши мумкин.”
Ҳамманинг кийгани эҳром барча мусулмонлар орасидаги ҳақиқий тенгликка ишора қилади. Айни пайтда инсониятга бу дунё ва унинг гўзалликларидан айрилиб, нариги дунёга юзланган дастлабки ҳолатини эслатади. Чунки киши қабрга ҳам эҳромга жуда ўҳшаш матога ўралиб кетади. Бу эса, киши солиҳ амаллар билан оҳиратга таёргарлик қилишга ташвиқ қилади. Ояти каримада айтилганидек: “Оҳират учун таёрланган зоди роҳилалар ичида энг хайирлиси тақводир.”[1]
- Ҳаж бутун дунё мусулмонларини бир даврага йиғувчи ҳалқаро анжумандир.[2] Дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб инсонлар ислом манфаатларини кўзлаб махсус кунларда Аллоҳга зикр қилиш учун тўпланадилар. Ҳожилар ҳажга келиб бир бирлари билан танишадилар, севишадилар, муаммоларини ҳал қилишда бир-бирларига ёрдам берадилар.
- Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “…Ва ўша вақтни эслангизки, биз байт (Каъба)ни инсонлар учун савоб қозаниш ва ҳимояланиш жойи қилдик”. Ҳарами Шарифда нафақат инсонлар, балки хайвонлар ҳам хавфсизлик ва ҳузур ичида бўладилар. Бу жиҳатдан дунёда Харамга тенг келадиган макон йўқ. Ривоят қилинишича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Каъбада отам Ҳаттобнинг қотилини ушлаб олсам, у бу ердан чиққунича унга қўлимни теккизмайман”, деган эканлар.
- Ҳаж Аллоҳ таолонинг инсонларга берган неъматларига бир шукронадир. Чунки Аллоҳ инсонларга сиҳат-саломатлик, зарурий эҳтиёжларидан ташқари мол давлат ва кўплаб неъматлар берган. Шундай бўлгач, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиш фарздир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни шундай улуғ ва фазилатли жойларга бориб, Ўзининг фарз қилган ибодатини амалга оширишни насиб айласин! Омин!
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Ҳайтмурат Ережепов
[1] Нурул изоҳ. Б. 162. 163. 164.
[2] Кифоя. Б.177.