islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Наҳв илмининг пайдо бўлиш тарихи

Араб тили дунёдаги тиллар ичида кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. Луғат бойлиги билан қоидаларининг турли-туманлиги, бир калиманинг бир неча услубларда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан комилликда тиллар ичида ажралиб туради. Балки, дунёда шеваларининг жуда кўплиги билан ҳам аввалги ўринни эгаллайди. Бу тил Қуръони карим тили, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам тиллари бўлгани учун ҳам бутун ислом олами ушбу тил ва унинг қоидаларини ўрганишга якдиллик билан киришиб кетганлар.

Тарихдан маълумки, жамиятда бирор йирик ҳодиса –тарихий воқеа юз бериши, хусусан, бирор илм фаннинг вужудга келиши учун даставвал шунга зарурат, сўнгра шунга имкон берадиган шарт-шароит керак бўлади. Араб тилшунослик илмининг, хусусан, унинг сўз ва жумлалар таркибини ўрганадиган  қисми –наҳву-сарфнинг шаклланиб, ривожланиши ҳам бундан мустасно эмас. Аксар олимлар: “Араб тилининг грамматикаси яъни наҳв илмининг пайдо бўлиб, ривожланиши ислом дини юзага келиши ва шаклланиши билан бевосита боғлиқдир. Чунки араблар исломдан олдин бундай қоидаларга мухтож бўлмаган. Бунга қисман Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётликларида ва хулафои рошидинлар замонларида содир бўлган баъзи воқеалар сабаб бўлган”, деган фикрни илгари сурганлар.[1]

Дарҳақиқат, наҳв илми ислом дини шарофати билан юзага келди ва ривожланди. Каломулллоҳ – Қуръони Карим Ҳижоз арабларининг, аниқроғи, Қурайш қабиласининг тилида нозил бўлди. Муборак оятлар дастлабки пайтларда уларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз қулоғи билан эшитган саҳобаларнинг ёдларида сақланар эди.

Пайғамбаримиз билан бевосита мулоқотда бўлган саҳобаларнинг кексайиб, оламдан ўтиб бораётганларини кўрган халифа Усмон ибн Афвон Қуръони Карим сураларини ишончли манбалардан тўплаб қоғозга тушуришни буюрди. Бу вазифа ҳижрий 30 (651м)йилда бажарилди. Қуръони Каримни тарихга “Мусҳаф Усман аш-Шариф” (Усмон Мусҳаф Шарифи)номи билан кирган бу дастлабки нусхаларида фақат ундош товушларни билдирувчи ҳарфлар нуқталарсиз ва “ҳаракат” –унлиларни билдирувчи белгиларсиз ёзилган эди. Бу даврга келиб ислом динини кўпгина миллат ва элатлар қабул қилганди. Мусулмонларни Қуръони Каримни тўғри ўқиш тушунишга ўргатиш керак эди. Бунинг учун биринчи галда араб тилини қонун-қоидалари, яъни наҳвни ишлаб чиқиш зарур бўлиб қолди.

Араб тилининг ажралмас қисмига айланган наҳв илмининг юзага келиш омиллари, ҳамда унинг асосчилари борасида манбаларда турли хил ривоятлар мавжуддир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳуанҳу унинг асосчиси, у билан содир бўлган воқеа наҳвнинг пайдо бўлишига сабаб, деган фикр улар ичида энг машҳуридир.

Бу ҳақида Шайҳ Муҳаммад ат-Тантовий “Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳурун-нуҳат” (“Наҳв илмининг пайдо бўлишива машҳур наҳвшунослар тарихи”)асарида наҳв илмининг пайдо бўлиш сабаблари қаторида ушбу ривоятни ҳам келтириб ўтади. Бир куни Али розияллоҳу анҳу бир кишини  Қуръони Каримнинг тавба сурасидаги ушбу:

 (Шунингдек, (бу) Аллоҳ ва (Унинг) Пайғамбаридан «Ҳажжи акбар» (Қурбон ҳайити) куни одамларга Аллоҳнинг ва Расулининг мушриклардан безор эканликларини эълони (ҳам)дир.)[2]

оятидаги رَسُولُهُ  сўзини رَسُولِهِ  (унда оятнинг мазмуни “Аллоҳ мушриклардан ва ўз росулидан безордир” бўлиб қолади)деб ўқиётганлигини эшитиб қаттиқ тасирланади. Шундан кейин Ҳазрати Али ўша замоннинг олимларидан Абул-Асвад ад-Дуалийни чақириб, мусулмонларга Қуръони Каримни тўғри ўқиб тўғри тушунишларига ёрдам берадиган қоида ва йўриқлар мажмуасини тузишни топширади ва “Масалан, бундай бошлагин:

“الكلمة اسم او فعل او حرف و نحوه”

(сўз исм ё феъл, ё ҳарф бўлади ва ҳоказо)” –дейди. Абул-Асвад ад-Дуалий ўша “ҳоказо –نحوه ни ишлаб чиққан ва ўшандан бери араб тилининг қонун қоидалари илми “النحو[3] деб атала бошлади. Маълумотларда келишича Абул-Асвад ад-Дуалий ушбу воқеалардан бироз ўтгач Ироққа кўчиб кетади. У ерда наҳв илмини такомиллаштириш ва кенг тарқатиш йўлида илмий изланишлар олиб борган.

Бундан ташқариараб тили ва унинг грамматик қонун-қоидалари Шарқ ва Ғарб тилшунос тадқиқотчилар томонидан ҳам жуда кўп ўрганилган. Улар олиб борган ишлар натижасига кўра араб тили грамматикаси – наҳв илмининг юзага келиши ҳақида билдирган тахминлари шулардан иборат:

1.Европанинг жуда кўп шарқшунослари, жумладан, К.Броккельман, А.Мец қабилар “араблар ўзларининг наҳв илмларини қадимги юнон фалсафасига асосланиб тузганлар”[4], деган фикрни илгари суришган. Уларнинг назарида илм-маърифатдан узоқ бўлган  бадавий араблар шундай қисқа муддат давомида шу қадар мукаммал фанни ўзлари мустақил холда яратишлари мумкин эмас эди. “Арабларнинг грамматик тизими юнонларнинг грамматик тизимидан тубдан фарқ қилади, аммо унинг асосий тушунча –катигориялари Арасту(Аристотель-милоддан аввалги IV асрда яшаган)нинг “Мантиқ”асарида тушунча–катигорияларига  мос келади,-деб ёзади К.Броккельман. Масалан, араб наҳвидаги сўз туркумлари билан мантиқ илмидаги асосий тушунчалар (nomen –исм, verbum –феъл, conjunctio –кўмакчи)ўртасидаги умумийлик бир қарашдаёқ кўзга ташланади”.

2.Бошқа бир гуруҳ олимлар “Араблар наҳв илмининг асосларини ҳиндулардан олган”, деб ҳисоблайдилар. Бу фикрни биринчи бўлиб К.Фоллерс 1892 йилда илгари сурган. Унинг назарида “ҳиндуларнинг милоддан 3 минг йил аввал яратган грамматик тузуми билан арабларнинг наҳв илми ўртасида шундай ўхшашликлар борки, уларнинг тасодифий эканлигига ақл бовар қилмайди”.

Юқоридаги икки қараш кам сондаги тилшунослар тахминлари бўлиб, аксар наҳвшунослар бундай фикрларга қўшилмаган ва асоссиз деб билган.

  1. Яна бир гуруҳ олимлар “наҳв илми ташқаридан ҳеч қандай таъсирсиз, фақат араб тилшуносларнинг изланишлари самараси сифатида вужудга келган.Ҳозирги кунда дунёда кенг тарқалган филологик (тил ва адабиётга тегишли) илмларнинг асосида қадимги юнон олими Арасту тузган қадимги юнон тили ва адабиётига оид «Грамматика», «Риторика» ва «Поэтика» каби асарлар ётади. Мусулмон олимлар эса араб тилига оид илмларни мутлақо мустақил тарзда, бошқа тилларга боғламаган холда яратганлар. Масалан, рус филологиясини ташкил қилувчи грамматика, стилистика, адабиётшунослик каби илмлар XVIII, XIX, ҳатто XX асрларда, Арасту яратган тизимлар асосида шакллана бошлаган бўлса, араб филологиясини ташкил қилувчи илмлар VIII, IX асрларда шаклланган ваX асрдаёқ камолга етган эди. Бу тарихий воқеликни шу соҳанинг мутахассислари сўзсиз тан оладилар” деб ҳисоблайдилар[5].

Бундан ташқари Европанинг А.Кремер, Э.Ренан, И.Вейсс каби бир қатор кўзга кўринган арабшунослари ҳам наҳв илмини мутлақо ўзига хослиги, бошқа ҳеч қандай юртда на олдин, на кейин бунга ўхшаш тилшунослик бўлмаганлигидан келиб чиқиб, юқоридаги фикрни тасдиқлайдилар.

Биз ҳам юқорида  таъкидлаб ўтганимиздек, наҳв илмининг юзага келиши ислом дини билан ўзаро боғлиқдир.Бу ҳақида: “Қуръони Каримнинг ўзи мўъжиза, унга боғлиқ илмлар, жумладан, наҳв илми ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ва мадади билан мўъжизавий тарзда юзага келди”[6], -деб таъкидлашади мусулмон олимлари.

Умумий хулоса қилиб айтадиган бўлсак, арабларнинг грамматика –наҳв илми ислом шарофати билан пайдо бўлди ва тарихан жуда қисқа вақт ичида –VIII, IX асрларда шаклланди, ҳамда X асрдаёқ тўлиқ бир фан сифатида юзага келди. Дастлаб наҳв илми Ироқнинг Басрашаҳрида шаклланган бўлса, кейинчалик Куфа, Бағдод, Миср, Шом ва Андалус каби шаҳарларда олиб борилган илмий изланишлар, қиёсий таҳлиллар натижасида камолига етди. Давоми бор…….

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси ходими Қодиров Абдулвали

 

[1] Шайҳ Муҳаммад ат-Тантовий. Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳурун-нуҳат. –Қоҳира.: Дорул маъориф. 3-нашр. -2005. Б.326

[2] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. –Тошкент.: Тошкент ислом университети.

  2001.

[3] Бу сўз луғатда томон. қирғоқ, жой ва  услуб маъноларида бўлиб, истилоҳда эса кўпроқ араб тили грамматикасини ўрганувчи фанга ишлатилади.

[4] Звегинцев В.А. История арабского языкознания.–Москва: Издательство МГУ. 1958. – С. 40.

[5]Маҳмуд аз-замахшарий. ал-Унмузаж/муқаддима.-Тошкент: Тошкент ислом университети -2001.-Б.03.

[6]Шайҳ Муҳаммад ат-Тантовий. Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳурун-нуҳат. –Қоҳира. Дорул маъориф. 3-нашр.- 2005. С -65.

284680cookie-checkНаҳв илмининг пайдо бўлиш тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: