islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«Ўзбек онаси яқин ўртада иккинчи Абдулла Қодирийни туғмаса керак» – Адиб таваллудига 128 йил тўлди

«Кулишга ҳаққингиз бор, чунки ўч оласиз, лекин сиз ифлослик натижасида куласиз, мен тўғрилик самарасини ўраман. Сиз ифлос виждон билан ғолибсиз, мен соф виждон билан мағлубман».

Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. ХХ аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси 1926 йилда «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли қисқа муддат қамалган. 1937 йилнинг 31 декабрида эса «халқ душмани» сифатида иккинчи бор қамоққа олинади. Адиб 1937 йилнинг 31 декабрь куни уйидан НКВДчилар томонидан олиб кетилиб, шу кетганча қайтмайди. Буюк ўзбек ёзувчиси 1938 йилнинг 4 октябрь куни совет ҳукумати томонидан Тошкент шаҳрида отиб ташланади.

Сана муносабати билан Қодирийнинг асарлари ва шахсияти тўғрисида зиёлиларнинг ўзига хос фикрларини тўпладик:

Тоҳир Малик, «Ўтган кунлар» романи ҳақида:  «Мен бу асарни шимолий уммондаги баҳайбат муз тоғига – айсбергга ўхшатаман. Маълумки, бу тоғнинг фақат чўққилари кўзга ташланади, асосий қисми эса кўринмайди – сув остида бўлади. Ҳар бир улуғ асарнинг улуғворлигини, умрини ана шу кўзга кўринмас қисми таъмин этади, деб ўйлайман. Абдулла Қодирий қўлига қалам олганларида икки ёшнинг оловли муҳаббатинигина баён қилмоқчи бўлганмиканлар? Агар мақсад шугина бўлса асар бу қадар улуғворлик касб эта олармидик. Ахир тарихимизда ишқий қиссалар кам эдими? Эслайлик: Абдулла Қодирий адабиётга муҳаббат куйчиси бўлиб кириб келмаганлар. Фикримизнинг далили учун «Жувонбоз» деб аталган ҳикояларни «Бахтсиз куёв» деб аталмиш пьесаларни ёдга олиш кифоядир. Шунга кўра, айтмоқ мумкинки, ёзувчи адабиёт майдонига халқ ғамида куйиб-ёниб кириб келганлар. Халқнинг тақдирини, келажагини ўйлаб қайғурганлар. «Ўтган кунлар»ни ёзишга ҳам ана шу миллат қайғуси ундаган бўлса керак».

Евгений Бертелс, шарқшунос олим, Қодирийнинг ижод услуби тўғрисида:  «Жаҳон адабиётида услуб жиҳатдан фарқ қиладиган беш та романчилик мактаби сайқалланиб кўзга ташланиб туради. Улар инглиз, француз, немис, рус ва ҳинд романчилик мактабларидир. Энди олтинчи романчилик мактаби яратилди. Бу мактабни яратган Абдулла Қодирийдир».

Абдулҳамид Чўлпон, Қодирий шахси ҳақида:  «Ўзбек онаси яқин ўртада иккинчи Абдулла Қодирийни туғмаса керак».

Абдувоҳид Сувонов, шоир, Қодирий шахсияти тўғрисида:  «Агар ўшанда Қодирийни, яқиндан билганлар сотмаганида, Москвада турганлар Қодирийни қаёқдан биларди дейсиз?!

Агар Жулқунбой (Абдулла Қодирий тахаллуси) эрта ўлмаганида, Юсуф ҳожилардек халқни ўйлайдирғон амалдорларни романда бўлса ҳам ибрат тариқасида ўнлаб яратган бўлардилар, заррача бўлса ҳам халқ хизматидагиларга ўз кучини кўрсатарди.

Агар Жулқунбой эрта отилмаганида Кумуш биби, Раъно каби ўзбек қизларининг иффатини, ҳаёсини, садоқатини янада кўпроқ мукаммал даражада ифодалаган бўлардилар. Агар Жулқунбой эрта отилмаганида, она тилимиз, балки янада юксакроқ даражада бўлармиди?

Магарам ўнлаб яхши ёзғувчиларни тарбият қилиб, буқаламунларни, адабиётда тушган кемирувчи қуртларни бадиий адабиёт саҳнасидан батамом даф қилармиди… Агар Жулқунбой эрта отилмаганида, Мирзо Анвардек, Отабекдек, жўмардларни бадиийятда бўлса ҳам, миллат учун хитоб қилиб ёзган бўлардилар. Эр йигитга жасурликни, ғурурини баланд бўлишини, ҳақиқат учун ўлимдан ҳам қўрқмасликни янада кўпроқ ақлига, онгига сингдирғон бўлардилар.

Афсуслар бўлсин, қаттол тузим, жоҳил кишилар қурбонларини аямади, миллатнинг зиёсини сўндирди, тафаккурнинг илдизини қуритди, илм оқсади, адабиёт оқсади, гўёки жар ёқасида қолғон бир ғўзапоядан қурилғон кулбага ўхшаб қолди адабиёт…»

Мафтуна Каримова тайёрлади.

290950cookie-check«Ўзбек онаси яқин ўртада иккинчи Абдулла Қодирийни туғмаса керак» – Адиб таваллудига 128 йил тўлди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: