islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу

«Албатта, Аллоҳ ҳақни Умарнинг тилидан ва дилидан қилгандир»

(Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам)

Исломият тарихида ҳақ даъватига ижобат этиб, иймонга келган қирқинчи киши, ўзининг юксак адолати ила ном чиқарган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эдилар. У кишининг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдул Уззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Разаҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луъай ал-Қураший ал-адавийдир. У киши ўзларининг еттинчи боболарида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ила туташадилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кучли ва шиддатли бўлганликлари учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Абу Ҳафс деган куня берганлар. Бу «Шернинг отаси» деган маънони англатади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга яна «Форуқ» – «Ҳақ ила ботилни ажратувчи» деган лақабни ҳам берганлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн уч йил кейин туғилганлар.

Умар розияллоҳу анҳу новча, жуссадор, оппоқ, икки яноқлари қизил одам бўлган эканлар. Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлган эканлар.

Лекин у кишининг соф табиатлари ўзини кўрсатиши табиий эди.

Бунинг устига Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қабул бўлди.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ اللَّهُمَّ أَعِزَّ الْإِسْلَامَ بِأَحَبِّ هَذَيْنِ الرَّجُلَيْنِ إِلَيْكَ بِأَبِي جَهْلٍ أَوْ بِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ قَالَ وَكَانَ أَحَبَّهُمَا إِلَيْهِ عُمَرُ

Ибн Умардан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй бор Худоё! Исломни Ўзингга маҳбуб бўлган ушбу икки одамнинг – Абу Жаҳл ёки Умар ибн Хаттобнинг бири билан азиз қилгин! Бас, У Зотга иккисидан маҳбуби Умар бўлди. Эртасига Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, мусулмон бўлди».
Имом Термизий ривояти.

У зот ислом динига киргунларига қадар мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлиб, Расулуллоҳ тарафдорларига жуда кўп озору кулфатлар етказган эдилар. Ҳазрати Умар имонга келганларидан сўнг ҳаётилари бутун инсониятга намуна бўлди. Юксак мақомларга кўтарилган нодир шахсиятлардан бири булдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазарти Умарни исломиятга қилган хизматларини жуда қадрлар эдилар. 13-йил 22 жумадул аввалда (634 йил 23 август) халифалик мансабига сайланган Умар ибн хаттоб «Ислом давлатини тўғри асосга бино қилган зот» , дея таъриф этиладурлар.

Ҳазрати Умар замонларига қадар Ислом давлатида ҳеч қандай йил ҳисоби ишлатилмасди. Умар ибн Хаттоб умум ҳисоб-китобларини маълум бир ҳужжат асосида маҳкамлаш мақсадида янги бир тарих ясашни ирода қилдилар. Кибор саҳобалар билан кенгашиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан бошланадиган янги йил тарихини барпо этдирдилар. Бу воқеа ҳижратнинг 16-йилида бўлганди.

У киши ҳаётини Ҳақ йўлда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихида Ислом умматини рушти камоли учун бағишлаб, халифаликни хизматкорлик деб билган, эгнида ямоқ кийим, аммо бенуқсон адолат билан ҳукм юритган беназир сиймолардан саналади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу фазилатлари ва комил ахлоқлари боис бу муборак зотни васф, этиб жаннат хабарини берган эдилар.

أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ بَيْنَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذْ قَالَ بَيْنَا أَنَا نَائِمٌ رَأَيْتُنِي فِي الْجَنَّةِ فَإِذَا امْرَأَةٌ تَتَوَضَّأُ إِلَى جَانِبِ قَصْرٍ فَقُلْتُ لِمَنْ هَذَا الْقَصْرُ قَالُوا لِعُمَرَ فَذَكَرْتُ غَيْرَتَهُ فَوَلَّيْتُ مُدْبِرًا فَبَكَى عُمَرُ وَقَالَ أَعَلَيْكَ أَغَارُ يَا رَسُولَ اللَّهِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйқумда ўзимни жаннатда кўрдим. Қарасам, бир аёл қасрнинг ёнида таҳорат қилмоқда. Мен: «Бу қаср кимники?» дедим. «Умарники», дедилар. Унинг рашкини эслаб, орқамга қайтдим», дедилар. Шунда Умар йиғлаб: «Сиздан рашк қилармидим, эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар». Икки шайх ривоят қилган.

Буюк иймон кучи, тенгсиз адолати билан Исломиятга хизмат қилган Ҳазрати Умар Фаруқ ҳижрий сананинг Зул-ҳижжа ойидан икки кун қолганда чоршанба куни, 63 ёшларида ҳақ йўлида шаҳид бўлдилар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.

ТИИ 101-гуруҳ талабаси

Бурҳониддинов Шамсиддин

302662cookie-checkҲазрати Умар разияллоҳу анҳу

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: