Идда сўзи ع нинг касраси билан عدد нинг жамидир. Луғатда الاحصاء “санаш”, “ҳисоблаш” маъноларини англатади. Идда сўзи саналадиган ва хисобланадиган нарсаларга ишлатилади.
Масалан: عدة عددت الشئ عدد (адатуш шайъа иддатан), احصيته احصاء (аҳсойтуҳу иҳсоан) каби. Аёлнинг иддасини унинг қуруъ кунлари деб аталади.
Истелохда эса: Аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри талоқ қилгандан кейин сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади[1].
Юқорида идданинг луғавий ва истелохий маънолари келтирилди.Унга кўра эри вафот этган ёки талоқ сабабли бу ҳолат юзага келиши айтиб ўтилди. Энди эса, бу ҳолатнинг вужудга келиши сабабарини бирма-бир кўриб чикамиз…
Идданинг вожиб бўлиш сабаблари. Идда икки ишинг бири билан вожиб бўлади. Бу икки ишдан мурод талоқ ёки ўлимдир. Фасх[2] ҳам талоқ кабидир. Идда қуйидаги сабабларнинг бири билан аёлнинг зиммасига вожибдир:
1-сабаб. Идда саҳиҳ ёки фосиқ никоҳда хилвати саҳиҳада ёки дуҳулдан кейин ажрашишлик билан вожиб бўлади. Шофеъийдан бошқа жумҳур уламолар бу сўзга иттифоқ қилишган. Бу фурқат талоқ сабабидан бўладими ёки илм сабабиданми бунинг фарқи йўқ.
Агар никоҳ фосиқ бўлса, бешинчи хотин ёки иддада ўтирган аёлга уйланишлик каби, идда вожиб бўлмайди илло хақиқий духул билан бўлади. Моликий уламолари фосид никоҳдаги хақиқий духулдаги каби иддани вожиб қилади дейишади.Чунки хилват яқинликни тахмин қилинадиган жойдир.
Хилват билан идданинг вожиб бўлишлигига жумхур уламоларнинг далиллари:
Аҳмад ва Асром Зурота бин Авфодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейдилар:
Хулафои рошидин шундай қарор қилди: ким эшикни ёпса ва пардани тушурса батаҳқиқ унга идда ва махр вожиб бўлди[3].
2-сабаб. Шубҳа билан қилинган ватийдаги ажралишлик ҳам идданинг вожиб бўлиш сабабларидан бири эканлигига уламолар иттифоқ қилишган. Худди фосид никоҳда қилинган ватий каби.
Шубҳа билан қилинган ватийга мисол: (агар аёл эридан бошқасини хузурига келтирилса, ва аёллар у эркакка бу сенинг ҳотининг дейишса, аёллаарнинг сўзларига биноан аёлнинг ёнига кирса, шундан сўнг у аёл ўзининг ҳотинини эмаслиги маълум бўлади).
Юкорида утган сабабларнинг бири билан вожиб бўлган идданинг орасида фарқ йуқ, бу фурқат хулуь сабабидан бўладими, ёки лиъон ёки разоат ёки қашшоқлик ёки динларнинг хилоф келишлиги билан бўладими барчаси баробардир.
3-сабаб. Идда вожиб бўлишининг учинчи сабаби бу саҳиҳ никоҳдаги эрнинг вафот этишлигидир. Бу ҳавлга барча уламолар ижмоъ қилишган. Бу ҳолат духулдан олдин бўладими ё кейин, аёл сағира бўладими ёки гўдакми ушбу оятга биноан идда сақлайдилар:
Сизлардан вафот этиб хотинларини (бева) қолдирган бўлсалар, (ўлар) тўрт ой ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар[4].
Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошининг ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтиришлиги вожибдир.
4-сабаб. Моликий ва Ханбалий мазҳаби уламолари бошқаларга хилоф равишда зино қилган аёл шубҳа билан ватий қилинган аёл кабидир ва унга ҳам идда вожиб бўлади дейишади. Чунки ватий бачадонни эгаллашни тақозо қилади, бас шундай экан унга идда вожибдир.
Улардан бошқалар эса зино қилган аёлга иддани вожиб санашмайди. Чунки идда насабни сақлашлик учундир. Зонияга эса зино билан насаб эргаштирилмайди. Юкорида келтирилган сабаблар билан аёлнинг идда утиришлиги вожиб бўлади. Ушбу сабабларнинг бири топилган вақтда аёлнинг ҳолатига қараб унга идда сақлашлиги учун вақт берилади.
Идда Куръон, суннат ва ижмоъ билан аёл кишининг зиммасига шаръан вожибдир.
Уламолар иддани уч турга бўлишган. Ушбу уч навнинг ҳам келиб чиқиш сабаблари билан таништириб чиқишни лозим топдик:
биринчиси, қуруъ иддаси. Унинг вожиб бўлишига учта муҳим сабаб бор:
- Саҳиҳ никоҳдаги фирқа. Бу талоқ билан бўладими ёки талоқсизми буни фарқи йуқ. Бу идда бачадон поклигини ва уни боладан холи эканлигини билиш учун вожибдир.
Ушбу ҳолатнинг вожиб бўлиш шарти куйидагича:
Аёлга духул қилинган бўлишлиги керак. Ҳанафий ва Ҳанбалий уламолари наздида бу саҳиҳ никоҳдаги ҳилвати саҳиҳадир фосид никоҳдаги эмас. Моликий мазхаби уламолари эса фосид никоҳда хам деган қавлни айтишган.
Ушбу идда духул ва хилвати саҳиҳасиз аёлларга вожиб бўлмайди.
2) Фосид никоҳда қозининг ажратишлиги билан бўладиган фирқа.
Моликийдан бошқа жумҳур уламолари бунда духулни шар дейишган. Шунингдек, моликий мазхаби уламолари фосид никоҳдан кейин ҳилват билан идда вожиб булади дейишган.
3) Шубҳа ҳақидаги ватий.
Ўзининг аёлидан бошқасини эркакникига келин қилиб олиб келинди, эркак унга ватий қилди, чунки шубҳа эҳтиёт ҳолатида ҳақиқат ўрнида туради, шунинг учун бу ҳолатда идданинг вожиб бўлишлиги эҳтиёт юзасидандир.
Иккинчиси, ой иддаси.
Бу идда ўз ичига икки ҳил кўринишни жамлайди:
1) Хайздан бадални вожиб қиладиган идда. Унинг вожиблигини икки нарса шарт қилади:
- Сағира ёки ёши ўтган ва хайзи келмай қолган аёл.
- Духул, ёки хилвати саҳиҳа (шофеъийдан бошқа уламолар наздида).
Хайздан бадални вожиб қиладиган идда буталокдан кейин кичиклиги ёки катталиги сабабли хайз курмайдиган ва умуман хайз курмайдиган аёллар учундир. Унинг вожиб булиш сабаби талок билан бўлади.
Тўрт ой ўн кунлик идда вафот иддасидир. Унинг вожиб бўлишлигининг сабаби бу – эрнинг вафот этишлигидир.
Бу хукмнинг шариатга киритилишининг бир неча шаръий хикматлари мавжуддир:
Биринчидан, эридан ажраган аёл хомиладорми йуқми эканлиги аникланади.
Иккинчидан ,эри билан бирга ўтган дамларга ўзининг қайғуда эканлигини билдириш.
Учинчидан, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади[5].
Унинг вожиб бўлиш шарти фақат. саҳиҳ никоҳ билан бўлади, саҳиҳ никоҳдаги аёлнинг зиммасига вафот этган эри учун тўрт ой ўн кун идда сақлашлиги вожиб бўлади.
Бунда аёлнинг хайз кўрадиган ёки хайз кўрмайдиганлиги, духул қилинган ёки духул қилинмаганлигининг фарқи йуқ.
Никоҳдан кейин эр-хотин бўлиб яшамай туриб эри ўлган бўлса, ўша ўлимга қайғу маъносида, умид билан қурилиб, амалга ошмай қолган оилага ачиниш маъносида хотин тўрт ой ўн кун идда ўтиради.
3) Хомиладор аёлнинг иддаси.
Хомиладор аёлнинг иддаси ҳомиладорлик муддати билан белгиланади.
Унинг вожиб бўлиш сабаби: ўлим ва ажрашишликдир[6]. Бу иш билан насабнинг аралашиб кетишлигининг олди олинади.
Бунда ҳомила саҳиҳ ёки фосид никоҳдан бўлмаслиги шарт қилинади. Чунки фосид никоҳдаги ватий иддани вожиб қилади.
Зинодан хомиладор бўлган аёлга Ҳанафий ва Шофеьий уламолари иддани вожиб санашмайди, чунки зино иддани вожиб қилмайди.
Эркак бир аёлга уйланса ва у зинодан хомиладор бўлса, Абу Ҳанифа ва Имом Мухаммад ушбу никоҳни жоиз ҳисоблашган. Аммо аёл ҳомиласини қўймагунча эркак унга яқинлик қилиши жоиз эмас. Чунки бунда насабнинг аралашиб кетишлиги хавфи бор.
Имом Шофеьий зинодан ҳомиладор бўлган аёлга уйланиш ва яқинлик қилишни жоиз деганлар, чунки зинодан бўлган ҳомилага ҳеч қандай ҳурмат бажо келтирилмайди.
Аёлнинг ҳомиласи тугилгандан кейин иддаси тугашлигига Қуръони Каримдан далиллар:
Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир”[7].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: Абу Салама ва ибн Аббос розияллоҳу анхумо жам бўлишганда эрининг ўлимидан бир неча кеча ўтиб, туғадиган аёлни зикр қилиб қолишди. Ибн Аббос:
“ Унинг иддаси икки муддатнинг узоғи”, деди.
Абу Салама бўлса:
“ Туғиши билан ҳалол бўлади “, деди.
Икковлари тортиша бошладилар. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “ Мен биродаримнинг ўғли томонидаман “, деди.
Сўраб келиш учун Руқайбни Умму Саламанингт олдига юборишди. У келиб: “ Умму Салама: “ Субайъа ал-асламийя эрининг вафотидан бир неча кун ўтиб, туғди. Кейин буни Расулуллоҳ саллолоҳу аълайҳи васалламга зикр қилган эди, у зот уни эрга тегишга амр қилдилар, деб айтди, ” деди. “
Термизий ушбу ҳадисни қуйидагича баён қиладилар:
Субайъа розияллоҳу анҳо эрининг вафотидан йигирма уч ёки йигирма беш кун ўтиб, туғди. Сунгра никоҳлангиси келди. Ва унга никоҳ қилинди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинган эди, “агар қилмоқчи бўлса, муддати келди “, дедилар.
Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини қўйиши билан чиқиши ҳақидаги ҳукм пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ушбу ҳукм билан ҳам собитдир.
Ҳомилани қуйишлик билан идда тугашлигининг икки шарти бор:
Биринчиси, Ҳанафийдан бошқа жумҳур уламоларининг фикрлари:
Ҳомиланинг комил ҳолда туғилиши ёки ажралиши. Моликийларда алақ (йиғилган қон) нинг тушиши билан тугайди. Ҳанбалий ва Шофеъийларда идда тугашига сабаб бўладиган ҳомила, ҳомиланинг боши ва оёги аниқ бўлиб, шаклланган бўлиши керак ёки унда инсон кўриниши бўлиши керак[8]. Ушбу оятга кўра:
Ҳомиладорлариннг (идда) муддатлари хомилаларини қўйишлари ( кузёришлари ) дир[9].
Ҳанафий уламоларининг сўзлари: ҳомила – қорин ичидаги барча нарсадир. Агар бир фарзанд туғилсаю қоринда иккинчиси ҳам бўлса, иккинчисининг туғилиши билан идда тугайди. Бунга жумҳур уламолари ҳам қўшилишади, лекин боланинг аксари чиққан бўлиши кифоя қилади дейдилар.
Ҳомила тушиб қолса, ва унинг баъзи аъзолари шаклланган бўлса, идда тугайди. Чунки у бола ҳукмидадир. Акс ҳолда тугамайди.
Иккинчиси, ҳомила идда сохибига тегишли бўлиши керак, гарчи лион билан рад қилинган бўлса ҳам. Чунки лион боланинг идда соҳибидан бўлишини инкор қилмайди.
Ҳомиладорликнинг энг кам муддати олти ой, ғолиби туққиз ой эканлигига уламолар иттифоқ қилишган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида ҳомиладорликнинг энг кўпи икки йилдир.
Шофеъий ва Ҳанбалий уламолари наздида тўрт йилдир.
Имом Молик ўзларининг машҳурларида бу муддатни беш- йил деб зикр қилганлар.
Идданинг энг кам муддати олти ой эканлигига уламолар ушбу иккиоятни далил қилишади:
Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар[10].
Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир[11]. Ушбу оятдан ҳомиланинг энг кам муддати олти ой эканлиги маълум бўлади. Зеро, “Бақара” сурасинииг 233-оятида чақалоқ тўла икки йил эмизилиши белгилаб қўйилган. Ўттиз ойдан йигирма тўрт ой эмизишга кетса, олти ой қолади. Ҳомила одатда тўққиз ойда туғилса-да, унинг энг кам муддати олти ой, кўп муддати эса, йигирма тўрт ой деганлар. Бу табобатда ҳам тасдиқланган.
Идданинг вожиблигига Қуръони каримдан далиллар:
Талоқ иддаси ҳақида Аллоҳ, таоло шундай деб марҳамат қилади:
Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч хайз муддати (ўтишини) кузатиб ўтирадилар[12].
Ушбу ояти каримадаги ҳукм эри билан бирга яшаган, хайз кўрадиган ва талоқ қилинган аёлларга оиддир. Оятдаги қуруъ сўзининг араб тилидан бошқа тилга таржима қилишнинг умуман иложи йўқ. Оятда қуруъ сўзи икки ҳил маънода келади. Биринчим аънога кўра хайз, иккинчи маънога кўра эса поклик маъносини англатади.
Вафот иддасига далил:
Сизлардан вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар[13].
Ушбу идда ичида аёл киши пардоз қилиб ясанмайди, чиройли кийимларни киймайди.
Мўъминларнинг онаси Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғачбаримиз саллоллоҳу аълайҳи васаллам “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлга ўлган киши учун уч кундан ортиқ, аза тутиши ҳалол эмас. Магарам, эрига тўрт ой ўн кун аза тутади ”, деганлар.
Хомиладор ва хайздан ноумид бўлган аёлларнинг иддасига далил қуйидагича:
Хотинларингиз орасидагн (кексайиб) хайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубхалансангнз, бас, (билингизки) ўларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) хайз кўрмаганларнннг (иддалари) ҳам. Ҳомиладорларнннг (идда) муддатлари ҳомилаларини қуйишлари (кўз ёришлари)дир[14].
Идданинг вожиблиги бир қанча саҳиҳ ҳадислар билан ҳам собитдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари бунга далилдир: Қиёмат куни ва охират кунига иймон келтирган аёл бирор бир маййитга уч кундан ортиқ аза тутишлиги ҳалол эмас, илло эрига тўрт ой ўн кундир, дедилар.
Ижмоъдан далил: Ислом уммати идданинг вожиб эканлигига ижмо қилишган. Аммо, уламолар унинг навлари борасида ихтилоф қилишган:
Эркак кишига идда вожибми? Истелоҳий маънога кўра эркаккишига идда вожиб эмас. Аёли билан ажрашгандан кейин бошқа аёлга уйланишлигига ҳеч қандай шаръий тўсиқ йўқ. Аммо тўртинчи хотининг иддаси тугамасдан туриб бешинчи хотин олишлигига ҳаққи йўқ.
Мусулмон бўлмаган аёлга идда вожибми? Уламолар мусулмон бўлмаган аёлга идданингвожиб бўлишлигида икки ҳил фикр юритишган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи аълайҳ: Мусулмон бўлмаган зиммийя ёки ҳарбийя аёлга идда вожиб эмас, илло китобийяга мусулмоннинг хотини бўлишлик шарти билан идда вожибдир. Унга фироқ иддаси вожиб бўлади. Бу ҳам бўлса, эрнинг ҳаққига риоя қилишлик учундир. Идда аслида эрнинг ҳаққидир, мусулмон эркакнинг ҳурмати учун идда сақлашлик эса китобий аёлга жоиздир[15].
Агар мусулмон бўлган эр ҳарб диёрида аёлини тарк қилса, у аёлга идда вожиб эмаслигига ҳанафий уламолари иттифоқ қилишган. Икки жумҳур уламолари зиммия аёл ҳам идда ўтиради дейишади, эри мусулмон бўладими зиммийми унинг фарқи йўқ. Чунки оятда аёллар умумий келтирилган деган фикрни айтишади[16].
Юқорида иддага тегишли бўлган баъзи ҳукмлар ва уларнинг келиб чиқиш сабаби билан танишиб чиқдик. Унга кўра аёлга қай ҳолатда қандай идда вожиб бўлишлигини билиб олишимиз мумкин. Кейинги бобларда идданинг турлари ва унинг шартлари ҳақида батафсил маълумот берилади.
Бабажанов Ғуломжон,
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси
[1] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт.13 жуз. Тошкент 2005. 393-б.
[2] (Никоҳ ахдини бекор қилиш.)
[3] Аз-Зуҳайлий Ваҳба. Ал-фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу. 9-жуз. Дамашқ. Дарул-фикр. 2006. 7368-б.
[4] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз. Ҳилол нашр. 2018. Бақара сураси 234-оят.
[5] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Бахтиёр оила. Тошкент 2018. 484-б.
[6] Аз-Зуҳайлий Ваҳба. Ал-фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу. 9-жуз. Дамашқ. Дарул-фикр. 2006. 7368-б.
[7] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз. Ҳилол нашр. 2018. Талоқ сураси 4-оят
[8] Аз-Зуҳайлий Ваҳба. Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу. 9-жуз. Дамашқ. Дарул-Фиқҳ, 2006. 7367-Б.
[9] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз. Ҳилол нашр. 2018. Талоқ сураси 4-оят
[10] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз. Ҳилол нашр. 2018. Бақара сураси 233-оят
[11] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз. Ҳилол нашр. 2018. Аҳқоф сураси 15-оят
[12] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз. Ҳилол нашр. 2018. Бақара сураси 228-оят
[13] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз. Ҳилол нашр. 2018. Бақара сураси 234-оят
[14] Шайҳ Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз. Ҳилол нашр. 2018. Талоқ сураси 4-оят
[15] Аз-Зуҳайлий Ваҳба. Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу. 9-жуз. Дамашқ. Дарул-Фиқҳ, 2006. 7349-Б.
[16] Аз-Зуҳайлий Ваҳба. Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу. 9-жуз. Дамашқ. Дарул-Фиқҳ, 2006. 7355-Б.