Аллома шайх Муҳаммад Али Собуний Қуръони Карим ва Расулуллоҳ суннатларини ўрганувчи замонамиз уламоларидан саналади. Олим ислом илмларига оид бир неча асарлар таълиф қилган бўлиб, улардан “Софват ат-тафосийр”, “Равоиул-баён фий тафсирил Қуръон” ҳамда “Мухтасар тафсири Ибн Касийр” каби китоблари Ислом оламида машҳурдир.
Шайх Собуний ҳаётларини Қуръони Карим ва суннати набавийя хизматига сарфлади. Тафсир, ҳадис ва бошқа илм соҳаларига бағишланган, исломнинг мусаффолиги ва бағрикенглигини ёритувчи асарлари билан илмий-маърифий кутубхоналарни бойитди ва ҳақли равишда “Китоб ва суннат ходими” унвонига эга бўлди.
Шайх Муҳаммад Али Собуний 1930 йил, Суриянинг Ҳалаб шаҳрида, буюк олим Шайх Жамил Собуний хонадонида таваллуд топган. Ўғлини етук олим бўлишида асосий сабабчи бўлган падари бузруквори Ҳалабдаги “Умавий жоме” масжидида дарс берар эди. Ёш Муҳаммад Али Қуръон дарсларига қўшилиб, Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Отасидан ҳам кўплаб диний билимлар ва араб тили илмни ўрганди.
Бошланғич ва “Хусровия” номли усмонийлар қурган ўрта мактабни имтиёзли тамомлаб, иқтидорли талабалар қаторида Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университетига юборилди. 1952-йилда университетнинг Шариъат факультети дипломига эга бўлди. 1954 йил мутахассислик ўқишини тамомлаб, Азҳари шарифнинг “Шаръий суд мутахассислиги” дипломини аъло баҳолар билан қўлга киритди. Бу диплом ўша вақтларда энг олий диплом ҳисобланиб, ҳозирги кундаги докторлик дипломи билан баробардир.
Сўнг, она юрти Сурияга қайтиб, саккиз йил давомида Ҳалабдаги санавий мактабида “Ислом маданияти” фанидан дарс бергач, Азҳари шариф уламолари ҳузурида илмини яна ҳам мукаммал қилиш мақсадида Мисрга борди, лекин ўша пайтдаги сиёсий вазият бунга имкон бермади.[1]
Али Собунийнинг устозлари
Муҳаммад Али Собунийнинг кўплаб устозлари бўлиб, биз улардан энг машҳурларини санаб ўтамиз:
- Қорилар шайхи Нажиб Хайёта.
- Шайх Муҳаммад Нажиб Сирож.
- Муҳаддис шайх Абдуллоҳ Сирожиддин.
- Шайх Роғиб Таббох.
- Шайх Муҳаммад Идлибий.
- Шайх Аҳмад Шаммў ва бошқа кўплаб фазилатли уламолар.
Шайх Собуний Сурия таълим вазирлиги томонидан Саудия Арабистонига шартнома асосида Маккаи мукаррамадаги Исломий фанлар, тарбия, ва шариъат факультетига дарс бериш учун жўнатилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топган муборак заминда 28-йилга яқин дарс бердилар. Бу вақт давомида қўлларидан кўплаб уламолар, жумладан Масжидил ҳарам имомлари етишиб чиқди.
Собуний ҳазратлари дарс бериш билан чекланмай, шайх Саййид Алавий, шайх Ҳасан Машшот каби ўша пайтдаги Ҳижоз олимларининг дарсларида ҳам қатнашар эди.
Кейинчалик, илмий тадқиқот ишлари давомида Абу Жаъфар Нуҳас раҳматуллоҳи алайҳининг “Маонил Қуръон” номли ноёб асарларини беш йил давомида тадқиқ қилиб, олти жузда нашр қилдирган.
1998-йилдан Маккадаги халқаро ташкилот Ислом олами уюшмасига қарашли муассасада бир неча йил фаолият юритди. Шайх Муҳаммад Али Собуний Масжидил ҳарамда имомлик ҳам қилган. Маккада бўлган онлари ҳар куни Каъбаи мауззаманинг яқини, “Ҳажарул-асвад” билан “Рукнул-яманий”нинг орасида ўтириб, Қуръони Карим тиловат қилардилар. Қуръондан кунлик вазифалари 2 пора эди. Худди ўша жойда фатво учун ҳам ўтириб, савол сўраганларга жавоб берар эдилар.[2]
Али Собунийнинг асарлари
Шайх Муҳаммад Али Собунийнинг кўп асарлари инглиз, француз, рус, форс, урду ва бошқа тилларга таржима қилинган. Қуръони Карим тафсири соҳасига бағишланган таснифлари чуқур илм, кенг маъно ва гўзал ифода ҳамда осон ибораси билан ажралиб туради.
Ҳадис, Қуръон илмлари, фиқҳ ва бошқа фанларда ҳам салмоқли хизмат қилди: “Ат-тибён фи улумил-Қуръон”, “Сиҳоҳи ситта” (олти саҳиҳ тўплам) китобларининг шарҳи ҳисобланган “Мин кунузис суннатин набавийятил мутоҳҳароҳ”,[3] фиқҳга оид “Ал-фиқҳуш шаръий ал-муяссар” китоблари бунинг яққол мисолидир.
Мужтаҳид мазҳаббошиларимизнинг Қуръони Каримдан қандай ҳукм олишлари ёритилган “Равоиул-баён” номли асарлари бизда ҳам – Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида ўқитиб келинмоқда. Бундан ташқари “Софватут тафосийр” (Тафсирлар сараси), “Ал-маварис фиш шариъатил-исламийяҳ”,[4] “Ас-суннатун набавийя қисмун минал ваҳйил-муназзал”,[5] “Ҳароқатул арзи ва давронуҳа – ҳақиқотун илмийятун асбатаҳал Қуръон”[6] ва бошқа кўплаб китоб ва мақолалар муаллифидир.
Ҳозирги даврда ҳукм оятлари тафсири йўналишида ҳам янги китоблар ёзилмоқда. Уларнинг ичида Муҳаммад Али Соис раҳматуллоҳи алайҳининг «Тафсири оятил аҳком» ва Муҳаммад Али Собунийнинг «Равоъул баён фий тафсири оя-тил аҳком минал Қуръон» китоблари машҳур.
Келаси сатрларда ушбу икки китоб ҳақида қисқача сўз юритишга ҳаракат қиламиз.
- «Тафсири оятил аҳком».
Бу китобнинг муаллифи мисрлик уламолардан Ислом шариати куллиясининг мударриси Муҳаммад Али Соис раҳматуллоҳи алайҳидир.
«Тафсири оятил аҳком» китобининг асли куллия талабаларига ўтилган дарсларнинг йиғиндисидир. Шунинг учун ҳам, китоб тартиби илмий услубдан кўра кўпроқ маърўза шақлига ўхшайди. Тўрт қисмдан иборат китоб «биринчи синф дарслари», «иккинчи синф дарслари» деб аталган. Китоб ўзига хос муқаддимасиз, биринчи дарснинг баёнидан бошланиб кетган.
Дарслар ҳам «фалончи сурадан» дея тафсири ирода қилинган оятни келтириш ила бошланиб кетаверган. Тафсири қилинаётган оят сўзларининг луғавий маъноси, оятнинг тушиш сабаби, оят тафсири бўйича аввалги тафсирчиларнинг гапларидан намуналар келтирилган.
Оятдан чиқадиган ҳукмлар ва ҳикматлар ҳам зикр қилинган. Китобнинг муқаддимаси ҳам, хотимаси ҳам, мундарижаси ҳам, уни нашр қилган нашриёт ҳам, нашр санаси ҳам зикр қилинмаган. Фақат «Муҳаммад Али Субайҳ» матбаасида чоп қилингани ҳақида маълумот бор, холос.
Ўзи дарслар маърўзасидан иборат бўлган «Тафсири оятил аҳком» китоби чоп бўлганидан кейин бошқа илм даргоҳларида ҳам дарс қилиб ўтилган. Жумладан, ушбу сатрларнинг котиби ҳам Либиядаги олий ўқув юртида таҳсил олаётган пайтида айни ушбу китобдан дарс олиш шарафига муяссар бўлган.
- «Равоъул баён фий тафсири оятил аҳком минал Қуръон».
Бу китобнинг муаллифи Суриянинг машҳур Ҳалаб шаҳрида туғилиб ўсган олим шайх Муҳаммад Али Собунийдир. У киши бошқа кўплаб асарлари қатори «Равоъул баён фий тафсири оятил аҳком минал Қуръон» китобини ҳам Маккаи Мукаррамада яшаб ва шариат куллиясида ишлаб турган пайтида ёзган.
Китобнинг тақдимномасини Масжидул Ҳаромнинг хатиби ва Саудия Маориф вазирлигининг маслаҳатчиси шайх Абдуллоҳ Абдулғаний Хаййот ёзган ва китобга ҳамда унинг муаллифига мақтовлар айтган.
«Равоъул баён фий тафсири оятил аҳком минал Қуръон» гўзал услуб, тартиб ва тил билан ёзилган китоблар сирасига киради. Икки жуздан иборат бу китобнинг боблари «муҳозара» – «дарс маърузаси» деб номланган ва йигирма олти муҳозарадан иборат. Ҳар бир муҳозарага ўзига хос ном ҳам қўйилган. Мисол учун, иккинчи муҳозара «Сеҳр тўғрисида шариатнинг мавқифи» деб аталади.[7]
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Абдуллаев Намоз
[1] muslim. uz
[2] muslim. uz
[3] (“Пок набавий суннат хазиналари”)
[4] (“Ислом шариъатида мерослар”)
[5] (“Суннати набавийя ‒ Илоҳий ваҳийнинг бир қисми”)
[6] (“Ер ҳаракати ва айланиши – Қуръон исбот қилган илмий ҳақиқатдир”)
[7] muslim. uz