islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Таълим ва тарбиянинг мақсад ва вазифалари

Таълим педагогларнинг билим бериш фаолиятидан ва ўқувчи-талабаларнинг билим олиш, ўқиш фаолиятларидан иборат қўшалоқ жараёндир. Таълим сўзи билан тарбия сўзи кўпинча бирга ишлатилсада, уларнинг ўзига яраша фарқлари ва ўзаро алоқадорлик жиҳатлари бор. Тарбия таълимсиз амалга ошмайди. Таълим беришдан мақсад, унинг кетидан тарбия беришдир.

 Малакавий ишнинг баҳс мавзуси шу тушунчалар асосига қурилгани учун уларга кенгроқ тўхталиб ўтишни талаб этади.

Тарбия сўзининг луғавий маъноси. Араб тилидаги “тарбия” сўзи бир неча маъноларни англатади. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Ислоҳ. Араблар бир нарсани ислоҳ қилган кишига нисбатан ”رب الشيء”“ Уни тарбия қилди” дейдилар. Ислоҳ эса тўғирлаш ва ўнглашга нисбатан айтилади.
  2. Ўсиш ва зиёда бўлиш. Араб тилидаги “ربا يربو”калимаси ўсиш ва зиёда бўлиш маьносида ишлатилади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси айнан шу маьнода:

وَتَرَى الْأَرْضَ هَامِدَةً فَإِذَا أَنْزَلْنَا عَلَيْهَا الْمَاءَ اهْتَزَّتْ وَرَبَتْ وَأَنْبَتَتْ مِنْ كُلِّ زَوْجٍ بَهِيج

Ерни қақраган ҳолида кўрасиз. Бас, қачонки, Биз унинг устига сувни туширсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли гўзал жуфтлар ундирур.

  1. Ўсмоқ, улғаймоқ. Араб тилидаги “ربي يربي” калималари ўсмоқ, улғаймоқ маьноларида келади. Ибни Манзурнинг лисон ул-араб китобида:

فمن يكن سائلا فإني   بمكة منزلي وبها ربيت

Яьни: кимки гар мен ҳақимда сўраса мен унга манзилим Маккада ва у ерда улғайганман деб жавоб бераман, деган мисрани келтиради.

  1. Бошқармоқ, идора қилмоқ. Араб тилида “Бир қавмни тарбия қилдим” деб уни бошқаришни назарда тутилади. Араблардан Софван исмли киши: “Мени қурайшлик киши тарбия қилганидан кўра ҳавозинлик киши тарбия қилгани яхшироқ”,- деб сўзни бошқармоқ маъносида ишлатади.

Таълим.  Ибн Манзур айтадилар: “ Раббоний – Робб сўзидан олинган бўлиб, у тарбия маъносидадир”.  Ибн Арабий:  “Роббоний деб инсонларга катта илмлардан олдин кичикларини озиқлантирган муаллимга нисбатан айтилади”, дейдилар. Яна роббоний деб мустаҳкам илмли ёки Аллоҳнинг жамолини истаб илм талаб қилувчи талабага нисбатан ҳам айтилади.[1]

Жаҳонда иккинчи муаллим деб ном олган Абу Наср Фаробий таълим-тарбияга биринчи бўлиб таъриф берган олим ҳисобланади.У айтади: “Таълим -ўқитиш асосида, тушунтириш асосида назарий билим бериш; тарбия – назарий фазилатларни, маълум ҳунарни эгаллаш учун зарур бўлган хулқ ва амалий малакаларни ўргатишдир”, “Таълим фақат сўз ва ўргатиш билангина бўлади. Тарбия эса, амалий иш, тажриба билан[2].

Демак, бу келтирилган таърифлардан тарбия сўзини ислоҳ қилиш, талабаларни ишини бошқариш, бу масъулиятни зиммага олишлик, уларнинг малакасини оширишга эътибор бериш каби тушунчалар орасида айланишини билиб олиш мумкин.

Тарбия сўзининг истилоҳий маъноси. Унинг луғавий маъносига ўхшаб истилоҳий маъносига ҳам турлича таърифлар берилган.

  1. Аристотелнинг тарбияга берган таърифи: “Тарбия бу – ерни уруғ сепишга тайёрлагандек, ақлни ҳам таълим олишга ҳозирлашдир”.
  2. Имом Байзовий ва Имом Роғиб ал-Исфаҳонийлар “тарбия” сўзига маъно жиҳатдан шундай таъриф берганлар: “Робб калимаси аслида тарбия маъносида бўлиб, бир нарсани аста-секин камолига етказишга айтилади[3].

Бошқа бир манбада унга шундай таъриф берилади: Инсонни исломий дастур асосида, унга   икки олам саодатини кўзлаб, аста-секин ҳар томонлама етук қилиб ўстириш бу тарбиядир[4]. Исломий тарбия инсонни ҳақ, адолатли йўлга чорлайди, Аллоҳни танитади ва У Зотни барча инсониятни тарбиякунандаси эканлигидан хабардор қилади.

Демак, келтирилган таърифларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, тарбия бу умумий тушунча бўлиб, таълим унинг асосий бир бўлагини ташкил қилади.

Инсон миясини муайян маълумотлар билан тўлдиришнинг ўзи уни тарбия қилиб камолотга етказиш бўлади, дейиш хато, чунки баъзи жамиятларда кузатилганидек, таълим даражаси кўтарилгани билан содир бўлаётган жиноятлар сони камаймагани йўқ.

Таълим-тарбияни тўғри ташкил қилиш, унинг мақсадларини тўғри белгилаб олишдан бошланади.

Ислом динида таълим-тарбиядан кўзланган умумий мақсадлар қаторида қуйидагиларни келтириш мумкин:

Биринчидан, инсон фаолиятида ибодатнинг ўрнини мустаҳкамлаш, ва шу ибодатни инсон ва жамият ҳаётининг олий мақсадига айлантириш;

Иккинчидан, инсон ва жамият қадриятларига бўлган эътиборни Ислом кўрсатмалари доирасида бўлишини таъминлаш;

Учинчидан, Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятни ҳис этишни тақозо қиладиган эҳсон, тўғрилик, ҳалоллик тушунчаларини инсон қалбига чуқур илдиз отишини таъминлаш;

Тўртинчидан, талабани Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг пурмаъно ҳикматларига бўлган алоқасини мустаҳкамлаш;

Бешинчидан, одоб-ахлоқ тушунчасини талабанинг ақлида қарор топтириш ва уни чиройли хулқ билан ўсишини таъминлаш;

Олтинчидан, талабанинг қалбида Набий соллалоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатни ҳосил қилиш;

Еттинчидан, инсонда турли ирқ, жинс миллатдаги инсонларга, айниқса,  мухолиф эътиқоддаги шахсларга нисбатан чиройли муомала қилиш одобини шакллантириш;

Саккизинчидан, талабани атроф-муҳитга нисбатан ижобий алоқасини кучайтириш, Аллоҳ таоло бўйсунтириб берган махлуқотларига, неъматларига  нисбатан Ислом кўрсатмасига асосан муомала қилиш, уларни муҳофаза қилиш ва инсоният учун моддий қийматини тушунтириш.

Инсон бу мақсадларни ёлғиз ўзи амалга ошириши мушкул. Бунда у бир муаллимнинг кўмагига, назоратига муҳтож бўлади. Келаси бўлимда муаллим шахсиятига атрофлича тўхталиб ўтилади .

Таълим-тарбия ҳар бир миллатнинг ҳаётида асосий аҳамиятга эга. Айниқса, жорий асримизда таълимнинг аҳамияти беқиёс. Илмий тараққиёт, янги технологик революция шароитида муваффақиятли фаолият кўрсата оладиган жамият аьзоларини етиштириб бериш, таьлида ташаббускорлик кўрсата оладиган, таьлим тарбия беришда энг илғор воситаларни қўллайдиган педагогларни етиштириш давлатимиз ўз олдига қўйган вазифаларлан биридир. Чунки таьлим-тарбия инсонни инсон қилади, ақлини равшанлаштиради, виждонини уйғотади.

ТИИ Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Хонимов Холли

[1] Муҳаммад ибн Мукрим ибн Манзур. Лисанул араб. – Байрут: Дарусодр.

[2] Бўри Зиёмуҳаммадов. Педагогик маҳорат асослари. –Тошкент. Тиб-китоб, 2009. –Б.75.

[3] Абул Фидо Исмоил ибн Умар ибн Касир. Тафсир ал- Қуран ал-азим. Мактабат аш-шамила/ат-тафасир. 3-жуз. –Б.344.

[4] Қаранг. Доктор Холид ибн Ҳомид ал-Ҳозимий. Усул ат-тарбият ал-исламия. Ал-мамлакатул арабият ас-суъудия: Дор ал-олам ал-кутуб, 1420 ҳ. –Б.17-20.

307860cookie-checkТаълим ва тарбиянинг мақсад ва вазифалари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: