Ҳар бир соҳада кўзланган мақсадга муваффақиятли эришишда аввало услубни тўғри танлай билиш керак, тўғри ёндашув кўпгина қулайликларни, самарадорликни олиб келади. Хусусан, бугунги кунимизда замонавий ахборот-технологиялари барча соҳада ўз ўрнини кўрсатди. Бу дегани жамият ишини осонлаштириб тезда ривожланиши учун босилган қадам демакдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “илмни Хитойда бўлса ҳам ўрганинглар” деганлар, табиийки ҳечким Хитойга бориб тафсир ёки ақида илмини ўрганиб келмайди, у ерда бугуннинг таъбири билан айтсак технология илмини олиш мумкин, ҳадиснинг сиёқи шуки қайси давлатда қандай инсониятга фойдали илм ривожланаётган бўлса, гарчи узоқ бўлса ҳам сафар қилиб бориб ўрганишни айтмоқчилар .
Америкалик педагог К.Керр: “таълим усуллари соҳасида 4 та инқилоб содир бўлди” – дейди:
1) Устоз вазифасини ўтаб келган ота-оналар бу вазифани профессионал устозларга топширдилар.
2) Оғзаки таълим ёзма таълимга жой бўшатиб берди.
3) Босма (китобий) таълим жорий этилди.
4) Таълимнинг қисман автоматлашув, компютерлашув босқичига ўтилди.
Ушбу 4 та инқилоб таълим соҳасида интерфаол усулларига йўл очди, бу каби усуллар ўзига хос инновацион ёндашишдир. Таълим бериш ва олишда ҳар ким ўзига қулай усулни танлай билиши керак. Халқимизда шундай мақол бор: “Юришдан олдин йўл танла!”. Педагог аввало қайси фандан дарс беришига қараб нимани ўргатмоқчи эканлиги ва мавзудан асосий мақсад нима эканлигини тасаввур қилаолиши керак. Агар аниқ тизим ва далилларга асосланган махсус фанлардан масалан: Қуръон, ақоид, ҳадис фанларидан дарс бермоқчи бўлса, у ҳолда интерфаол усуллардан камроқ фойдаланиш тавсия этилади. Агар малака ва кўникмаларни шакллантириш учун мўлжалланган фандан бўлса, масалан: араб тилида гапириш, у ҳолда интерфаол усуллардан кўпроқ фойдаланиш самара беради.
Таълим соҳасида албатта ота-онанинг ўрни ҳам катта, чунки баъзи ота-оналар фақат битта касбга тегишли фанни ушлаб олиб болаларига шуни синдира бошлайди бу ҳам қайсидир маънода яхши лекин, ҳамма фанни ҳам ўргатиш зарур. Бизнинг бобокалонларимизнинг аксари қомусий олим бўлишган. Бир соҳа мукаммал бўлиши учун унинг атрофидаги илмларни ҳам мукаммал билиш керак, шундагина ўз соҳасининг ҳақиқий намоёндаси бўлади.
Айни дамда ижтимоий ҳаётимизнинг бир бўлаги бўлган техника асрида замонавий-оммавий воситалар илмини ҳам билишимиз, ундан катта натижаларга эришишда фойдаланишимиз керак.
Сўзимни Алий розияллоҳу анҳунинг насиҳатлари билан хулоса қиламан – “Болаларингизга ўз даври илмини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келгандир”.
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти
4-курс талабаси Тожиқулов Умрзоқ