islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Халқаро диний ташкилотларнинг вужудга келиш тарихи

ХХ асрнинг иккинчи ярмида юз берган ўзгаришлар, сиёсий беқарорликлар, низолар ва ўзаро келишмовчиликлар барча давлатларлар ҳаётининг кўпгина соҳаларида жумладан, мафкуравий ва сиёсий йўналишларига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Давлатларнинг миллий, минтақавий ва маҳаллий муаммоларни ҳал этиши ҳамда тараққиётнинг янги босқичига кўтарилиш учун сиёсий интеграция яъни сиёсий иттифоқ жараёни алоҳида ўрин тутар эди.

Сиёсий иттифоқ – интеграциянинг олий кўриниши бўлиб, у иқтисодий ва ижтимоий асосларга таянади. Бундай ҳолатда давлатлар ўртасидаги сиёсий интеграцияни вужудга келтириш, интеграция жараёнларини янада ривожлантириш кўп ҳолларда халқаро ва давлатлараро ташкилотлар томонидан амалга оширилишига ҳаракат қилинган.

«Ташкилот – аниқ таркиб ва вазифасига, иш дастурига эга бўлган ижтимоий, хўжалик бирлашмаси ёки давлат муассасаси»[1] ҳисобланади. «Халқаро ташкилотларнинг ҳар хил номланиши (ташкилот, лига, иттифоқ, ассоциация, фонд ва б.) уларнинг мавқейига таъсир этмаслигини алоҳида қайд этиш лозим»[2]. Сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамкорликни вужудга келтириш учун халқаро ва минтақавий ташкилотлар олида давлатларнинг миллий худбинлигини бартараф этиш ва давлатлараро манфаатлар мувозанатини таъминлаш вазифаси туради.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Интеграция жараёнлари борган сари нафақат минтақаларнинг ички мақсадлари, балки ташқи муҳитнинг ортиб бораётган талаблари, кучайиб бораётган халқаро рақобат билан ҳам белгиланмоқда. Халқаро интеграция мафкурасининг ўзи ўзгармоқда, авваллари аъзо мамлакатларнинг хўжаликларини яқинлаштиришни мақсад қилган минтақавий ташкилотларнинг ўзи глобал макон иштирокчисига айланмоқдалар, интеграция эса минтақаларнинг дунё хўжалигига интеграциялашуви сифатида тушунилмоқда»[3], дея таъкидлаши замирида ташкилотлар халқаро муносабатлар тизимида халқаро интеграция, давлатлараро ҳамкорликни вужудга келтирувчи зарурат эканлигини англашимиз мумкин.

Дунёда вужудга келаётган низолар, кескинлик ва муаммоларни ҳал этиш, мақсадларни амалга ошириш, биринчи навбатда сиёсий, иқтисодий мустақилликни тиклаш ҳамда бу жабҳаларда юритилаётган сиёсатни умумдавлат манфаати доирасида ягона стратегияга бирлаштириш зарурлигини англаган холда Яқин Шарқ давлатлари улар учун халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг аҳамияти муҳумлигини тушуниб етишди.

Минтақада халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўзларининг давлатларни иқтисодий, сиёсий жиҳатдан бирлаштирувчи омиллари билан фарқланди. Минтақа давлатларининг аксарияти ягона араб тилида сўзлашиши, диний эътиқод бирлиги, умумий маданият бирлиги, ҳудудий яқинлик, ижтимоий тузулмалар бирлиги, умумий бозор мавжудлиги, давлат бошқарув тизимининг ўхшашлиги ва тарихий яқинлик халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг фаолият даражаси самарадорлигида катта кўмак берди.

Ҳамкорлик жараёнларининг мақсад ва йўналиши, ташкилий тузилмаларнинг универсаллиги барча давлатлараро минтақавий ташкилотларнинг умумий бирлигини англатмайди. Кўп ҳолларда табиатан улар фаолиятининг ўзига хослиги, яъни уларнинг қандай мавқега эгалиги ва қандай натижаларга эришганликлари каби хусусиятларида намоён бўлади.

ТИИ Модул таълим тизими битирувчи

талабаси Абдуллаев Мухторжон

[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси». А. Мадвалиев таҳрири остида (2006-2008). Тошкент. – Б.22.

[2] Сидорова Е.В. Организация Исламская конференция: потенциал развития и технологии политической деятельности в процессе институционализации нового мирового порядка/ дисс. … кан. полит. наук. –Нижний Новгород, 2009. – Б.20.

[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 ноябрдаги Самарқанд шаҳрида ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи. http://press-service. uz/ru/lists/view/1227

309700cookie-checkХалқаро диний ташкилотларнинг вужудга келиш тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: