islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37
islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37

Ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик беришинсоният ва жамиятнинг таназзулидир! (2-қисм)

Бугунги кунимизда кенг тарқалган, инсониятга зарарли бўлган, жамиятнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлаётган маънавий жиноятларидан  бири ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик беришдир. Албатта, бунинг бош сабабчиси ҳозирда маънавий қадриятларнинг таназзулга учрагани, инсоннинг Аллоҳни ва охиратни унутганидир.​​​​Дунё муҳаббатига гирифтор бўлиб, охиратни унутган инсоният бу дунёдаги беш кунлик ҳаёт учун охиратдаги абадий ҳаётини куйдирмоқда. Ҳамма нарсани кўриб-билиб, ҳисоб-китоб қилиб турувчи Аллоҳ Таолога иймон бўлмаганида ёки бу иймон сустлашганида, кишилар бу дунё ҳою-ҳавасларининг қулига айланганида, инсон дунёни ўзига хўжа қилиб олиб, у нимани буюрса, адо қилганида шундай вазият юзага чиқади. Дунёвий ҳаётнинг қулига айланганлар бир оз пул, мансаб учун ёки амалдорга ёқиш ва ёки кимдандир ўч олиш мақсадида ҳар қандай харомни қилишга,инсоний фазилатдан, маънавий қадриятдан воз кечишга тайёр турадилар. Улар ҳар қандай маънавий жиноятни ҳам осонлик билан амалга оширадилар. Уларнинг маънавиятлари шу даражада тубанлашиб кетганки, мазкур маънавий жиноятни содир қилганларида, масалан, ёлғон гувоҳлик берганларида ёки ёлғон гапирганларидабурунларига пашша қўнганчалик ҳам ўзларига таъсир қилмайди. Қайси бир оилада ё ташкилотдаёки жамиятда бунақанги ёлғон бор экан, ўша жамият золимдир, у ерда ривожланиш бўлмайди,бундай шахс ва жамиятнинг турли бало, офатларга гирифтор бўлмоғи тайиндир. Чунки у ерда барча соҳада ёлғон гувоҳлик бериш ривожланган бўлади. Натижада улар учун бу ҳолат оддий ҳолга айланиб улгуради ва бу билан улар фахрланиб ҳам қўяди. Қарабсизки иш ўз эгасидан бошқанинг қўлига ўтади, ишлар ҳақиқий мутахассисларнинг қўлида бўлмайди. Чунки имтиҳон вақтида ёлғон гувоҳлик билан лойиқ бўлмаган киши талабаликка қабул қилинади. Талабалик даврида ҳам ёлғон гувоҳликда қўйилган баҳолар билан ўқийди ва ўқишни тамомлайди. Бу киши умр бўйи шунақанги ёлғон кўрсатмалар билан “Окалар” ёрдамида турли жойларда ишлайди. Пойдевор нотўғри бўлгандан кейин уй ҳам қийшиқ, талабга жавоб бермайдиган бўлиб битади-да. Энг афсусланарли томони шуки хозирги кунда қўштирноқ ичидаги маънавияти етук, кўзи очиқ” бўлган кишилар шунақанги харом ишларни кўпчилик бўлиб келишиб қилмоқда ва буни обрў деб санамоқда.​​​​​​​​​​Хозирги замонда ёлғон гувоҳлик беришнинг кўринишлари жуда кўп. Ҳатто баъзиларини биз ёлғон деб ҳисобламаймиз. Мисол учун касал бўлмаган кишига касаллик варақасини бериш, лойиқ бўлмасада баъзи талабага баланд баҳо қўйиш, дарсда бўлмаган талабани бор қилиб қўйиш, лойиқ бўлмаган кишини шу ишни мутахасиси деб кўрсатма бериш, ҳар хил илмий даражаларни муносиб бўлмаган кишиларга бериш,ишхонада бўлмаган кишини шу атрофда дейиш, уйда бўла туриб телефонда йўлдаман деб жавоб бериш….ва ҳокозо. Хуллас бу борадаги ўлчовлиримиз ўзгарган, тарозиларимиз носоз ҳолга келган….​​​​​​​Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, дедилар. (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).​​​​​​​​Уламолар бу ҳадисни шарҳида айтадиларки: бу гуноҳни қилган кишига ўлмасидан туриб дўзах вожиб бўлади деганлар. Бу ўтган ҳадисдан маълум бўлиб турибди. Аллоҳ Таоло шунақа кишилардан бўлишимиздан Ўзи паноҳ берсин!​​​​​​​​​​​Ўзлари камбағал бўлса ҳам маънавий қадриятларини маҳкам ушлаб қолган жамият ва шахсларга назар соладиган бўлсак, улар учун кичик бир маънавий жиноят содир қилиш ҳам катта фалокат ҳисобланади. Улар бундай ишни қилишдан кўра ўлимни афзал кўрадилар. Бундай олий мақом маънавиятга эришган кишилар бахтли кишилар бўлиб, у дунёни ва унинг ичидаги ҳамма нарсани бир ёққа қўйсанг-у, битта маънавий қадриятни бир ёққа қўйсанг, ана шу иккинчисини танлайдилар. Ушбу сифатларга эга бўлган шахслар ўзлари адо этаётган бу ишларни қаҳрамонлик деб эмас, балки оддий инсоний, мусулмонлик бурчлари, деб биладилар. Чунки ҳар бир инсонга рост гапириш, тўғри бўлиш ва тўғри гувоҳлик бериш Аллоҳ Таоло томонидан бурч-фарз қилинган. Шунақанги жасорат кўрсатган инсонлар ғариб бўлиб, ёлғонни хоббисига айлантириб олганлар олдида ахмоққа чиқарилиб, уларни ҳар хил номлар билан номлашмоқда “Комунист”, “Немис”, “Қаттиқ қўл”, “Тошбағр”…каби.​​​​​​​​​​​Рост сўзлаш ҳар лаҳзада талаб этиладиган, доимий мажбурият бўлгани учун ҳам у ҳақда ваъз-насиҳат ва эслатмалар тез-тез такрорланиб туради. Аммо гувоҳлик бериш гоҳ-гоҳида учрайдиган, баъзан эса, киши умр бўйи дуч келмайдиган бўлганиданми, у ҳақда камроқ гапирилади. Эҳтимол бошқа сабаблар ҳам бўлса бордир. Аслини олганда бу масалани ҳам тез-тез эслатиб, гувоҳлик беришдаги масъулиятни кишилар хотирасига солиб туриш, унинг зарарли оқибатлари ҳақида уқтириб туришкерак.​​​​​​ Гувоҳ бўлишнинг ўзи катта масъулият. У орқали кўпгина ҳукмлар чиқарилади. Гувоҳнинг гапига қараб биров оқланиши ёки қораланиши, биров мол-мулкка эга бўлиши ёки ундан ажраб қолиши, яна бошқа бировларнинг насаби собит бўлиши ёки инкор қилиниши, кўпгина ҳуқуқлар поймол этилиши ёки ҳимоя қилиниши, биров талаба бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Шу билан бирга гувоҳлик беришнинг масъулияти зўр экан, деб ундан қочишга уринмаслик лозимдир. Гувоҳлик беришиматлуб шахснинг бу ишни адо этиши унингинсоний ва исломий бурчи ҳисобланади. Ўзишоҳид бўла туриб, гувоҳлик беришдан қочиш эса, катта гуноҳ саналади. ​​​Аллоҳ Таоло Қуроъни Каримда шундай буюрган: Гувоҳликни беркитмангиз! Ким уни беркитса, албатта, у қалби гуноҳкор кишидир. Ва Аллоҳ амалларингизни жуда яхши билгувчи зотдир.(Бақара сураси-283).​​​​​​​​​​​​​Демак, гувоҳликни беркитмасдан, зарур вақтда адо этиш, Аллоҳ таолонинг мусулмонларга амри экан. Чунки бу кўп нарсаларга, жумладан, ёмонликни қайтариш, унга қарши курашиш, адолат ўрнатиш ва уни ҳимоя қилишга боғлиқдир. Ислом дини таълимотларига кўра, ҳар бир мусулмон ёмонликка қарши турмоғи ва адолат учун курашмоғи зарур. Шунинг учун бошқа ижтимоий масъулиятлар қатори гувоҳлик беришни ҳам ҳар бир мусулмон Аллоҳ, Ислом дини, миллати ва жамияти олдидаги бурчи, деб англамоғи лозим. Гувоҳликни адо этишдан қочиш эса, аввал айтганимиздек, катта гуноҳ ҳисобланади. Буни қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам билиб олсак бўлади. ​​​​​​​​​​​​Имом Табароний Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки гувоҳликка чақирилган вақтда уни беркитса, худди ёлғондан гувоҳ бергандек бўлади”, деганлар. ​​​​​​​​Ушбу ҳадиси шарифда гувоҳлик беришдан қочиш ёлғон гувоҳлик билан баробар эканлиги уқтирилмоқда. Чунки иккисининг натижаси ҳам деярли бир хилдир. Ёлғон гувоҳлик бериш билан бировга зулм қилинса, гувоҳлик беришдан бўйин товлашдан ўша зулмнинг олдини олишдан қочишни англатади. Ёлғон гувоҳлик бериш билан адолат оёқ ости қилинса, гувоҳлик беришдан қочиш ўша адолатнинг ўрнатилишига тўсиқлик қилади ва ҳоказолар.​​​​​​​​​​​Шу билан бирга Исломда гувоҳнинг шахсига катта эътибор берилади. Гувоҳлик берувчи одил бўлиши шарт.

Давоми бор…..

Тошкент ислом институти Ўқув-услубий бўлими услубчиси,ТошДШУ 1-курс магистранти

Қодиров Абдулвали

319030cookie-checkЁлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик беришинсоният ва жамиятнинг таназзулидир! (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: