Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо юксак мартабага эга бўлиб, Расулуллоҳга яқин қариндош бўлишига қарамай, Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга отининг узангини тута туриб, «Уламоларимизга шундай эҳтиромда бўлишга амр қилинганмиз», ‒ дедилар. Шунда Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг қўлларини ўпди ва: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг аҳли байтига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», ‒ дедилар.
Муваффақ Хоразмийнинг «Имом Абу Ҳанифа маноқиблари» номли китобида келтирилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман», деган эканлар.
Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен ота-онамдан олдин Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қиламан», дер эдилар.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен Моликнинг ҳузурида унга шақирлаши эшитилмасин деб китобни оҳисталик билан варақлар эдим», деганлар.
Имом Шофеъийнинг шогирди Робийъ раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳга қасамки, Шофеъий қараб турган бўлса, сув ичишга журъат қила олмадим», деган эди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эдилар: «Ўттиз йилдан бери Шофеъийнинг ҳаққига дуо қилиб, истиғфор айтмай туриб уйқуга ётмадим».
Улуғ муҳаддис, ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний доимо устозининг исмини айтмай, уни «Имомлар имоми», «Буюк устоз» каби номлар билан тилга олар эди.
Ислом тарихининг олтин саҳифаларига зархал ҳарфлар билан битилган бу сатрлар афсона эмас, балки айни воқеликда содир бўлган ҳақиқатлардир.
Тошкент ислом институти талабаси
Мирзақосим Саидмирзаев