islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Устозлар хизматида қуш мисоли учинг!

Толиби илм ҳам, толиби касб-ҳунар ҳам фақатгина илм ва унинг аҳли ҳурматини ўз ўрнига қўйиш, таъзимини адо эта олиш билангина илмга, касбга эришиб, улардан муваффақият ила манфаат топади. Устознинг меҳри-муҳаббатига, эътиборига лойиқ бўлишни истаган шогирд аввало қуйидаги одобларга амал қилиши лозим :

  • – Устознинг олдига тушиб юрмаслик;
  • – Устознинг ўрнига ўтирмаслик;
  • – Ҳузурларида рухсатсиз гапирмаслик;
  • – Малол келадиган бўлса, дарс вақтида кўп савол бермаслик;
  • – Дарсга барвақт келиш;
  • – Устознинг эшикларини тақиллатмаслик, балки ўзлари келишлари ёки чиқишларини сабр билан кутиш.

Мазкур амалларнинг самараси устознинг розилигини топиш, кўнглида муҳаббат пайдо қилишдан иборат. Илм Аллоҳнинг мулки ва улуғ неъмати бўлиб, ўзи саралаб олган бандаларига инъом қилади.  Толибда илм устози, ота-онаси  ва ўзининг кечалари шикасталик билан қилган дуолари натижасида илм ҳосил бўлади. Устозни ҳурматига эътибор ва уни қатъиян улуғлаш, салобатли тутиш эса алоҳида аҳамият касб этади. Ҳақиқатда ҳам, гўзал хулқ, одоб ҳар қандай илму-ҳунар эгасининг беназир зийнатидир.

Яна шундай мўътабар инсонлардан бири: “Ким нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлса, фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришибди. Кимки ўз обрў-эътиборидан, эришган фазилатидан айрилган бўлса, билсинки, у фақат бу айрилиқни одоб сақлашни лойиқ кўрмагани, ҳурмат ва эъзозни тарк қилгани сабабидандир”,- деб огоҳ қиладилар .

Яна бир мисол сўзларимиз маъносини янада очиқлаши мумкин: “Иблисни ёдингга ол! У беодоблик ва тарки эҳтиром-ла Аллоҳ таолонинг раҳмат даргоҳидан қувилди, Унга осий бўлди”.

Толиби илм устозини эъзозлаши, розилигини олиши ҳамда дуосига сазовар бўлиши ила меҳнатлари мевасидан баҳам кўриши мумкин. Бунга мисол тариқасида Хазрат қози Имом Фахриддин Ал-Арсобандийни келтиришимиз мумкин. Ул зот айтадилар: “Мен фақатгина устозимнинг дуолари шарофати билан бу мансабга эришдим. Ҳурматларини ўринлатишга ҳаракат қилдим. Ҳазрат устозим қози Имом Абу Язид ад-Даббусийнинг хизматларида қуш мисоли учар эдим. Кийимларини ювиб, пойабзалларини тозалаб, таомларини ҳозирлар, устозим овқатланиб бўлгунларигача ўзим тановул қилмас эдим”,- деб ёд этадилар.

Имом Зарнужий роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари: “Муаллим ва таълим-тарбия берувчи инсоннинг ҳурматини қоим қилиш, улар ҳузурида одоб-ахлоқ сулукотларига риоя қилиш бевосита илмнинг ҳурмати, таъзимидан саналади”, – деб қайд этадилар . Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари буларнинг тасдиқидир.  Ҳазрати Али айтдилар: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа сотсин, хоҳласа қулликдан озод қилсин, хоҳласа қул қилиб ишлатсин”.

Айни шу мисоллардан келиб чиқиб айта оламизки, устознинг меҳри-муҳаббати унга кўрсатилган ҳурмату эҳтиром ва шу орқали эришилган дуо толибнинг келажакдаги натижаларига ва кўзланган мақсадига етишишига сабаб бўлади.

Тошкент ислом институти талабаси

Эргашева Муслима

328040cookie-checkУстозлар хизматида қуш мисоли учинг!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: