islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АЁЛ КИШИ ВА ТEНГ ҲУҚУҚЛИЛИК

Ушбу мавзуда сўз юритишдан олдин “аёл киши билан эркак киши орасидаги тенг ҳуқуқлилик” деганда нимани тушуниш керак, унинг нисбийлиги борми ёки мутлақ бир нарсами эканини белгилаб олиш зарур бўлади. Чунки, дунёнинг кўпгина жойида аёл кишига эркак киши билан тенг ҳуқуқ бериш шиори остида аёлларга зулм қилинди ва қилинмоқда. Агар барча нарсада истисносиз тариқада аёл билан эркак тенг бўлиши шарт бўлганида, Аллоҳ таоло инсон зотини аёл ва эркак қилиб, икки жинсга ажратиб яратмас эди.

Аёл кишиниг тенг ҳуқуқлилиги ҳақидаги халқаро ҳужжатлар эндигина эллик ёшга тўлди. Ислом эса, бу масалани ўн тўрт аср илгари ҳал қилгандир.

Ўша даврда барча халқлар аёл жинсига жирканиш ва таҳқирлаш назари билан қарар эди. Баъзилар, аёл зоти нажас нарса, ундан қанча узоқ юрилса, шунча яхши деса, бошқалари, аёл жинси ор-номус келтирувчи манба, уни ёшлигида тириклай кўмиб юбориш керак, дер эди. Аёл кишини мол-мулк тариқасида олди-сотти қиладиганлар, мерос сифатида тақсимга соладиганлар ҳам оз эмас эди.

Ислом эса, биринчи бўлиб, аёл киши ҳам худди эркак кишидек тўла-қонли инсонлигини эълон қилди. Бу маъно Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қайта-қайта баён этилди.

Аллоҳ таоло, жумладан, “Нисо” сурасида:
“Эй одамлар, сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингизга тақво қилинг”, дейди. Демак, одамликда, инсонликда эркак ва аёл тенг.

Пайғамбар (с.а.в.) ўз ҳадисларидан бирида: “Албатта аёллар эркакларнинг тугуишганларидир”, деганлар.

Шунингдек, ибодатларда ва амали солиҳларда ва уларга бериладиган ажру савобда ҳам эр ва аёл тенг ҳақлидирлар.
Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасида:
“Эркак бўлсин, аёл бўлсин ким мўмин ҳолида солиҳ амал қилса, биз уни, албатта, покиза ҳаётда яшатурмиз ва қилган амалларининг энг яхши ажрлари ила мукофотлармиз”, деб марҳамат қилади.

Ислом эътоқод, дин ва савоб касб қилишдан ташқари, илму маърифат соҳасида ҳам аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди.

Пайғамбар (с.а.в): “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, дедилар.

Шунингдек, молу дунё касб қилишда ва уни тасарруф қилишда ҳам аёллар эркаклар билан баробар ҳуқуққа эгалар.

“Нисо” сурасида:
“Эркакларга ўз касбидан насиба бор. Аёлларга ўз касбидан насиба бор”, дейилган (32 – оят).

Пайғамбар (с.а.в) ўз ҳадисларидан бирида ота-оналарга хитоб қилиб:
“Совға беришда болаларингиз орасида тенгликка риоя қилинг, агар бировни афзал қўйгувчи бўлганимда, албатта, аёлларни афзал қўяр эдим”, деганлар.

Қуръони каримнинг иккинчи сураси “Нисо” (Аёллар) деб номланади. Мана шундан ҳам Ислом дининимг аёлларга нақадар юксак даражада эътибор берганини билсак бўлади. Катта бир суранинг бундай номланишида ҳам бир ҳикмат бор.

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият қуриш борасида илдам ҳаракатлар қилинаяпти. Бу эса, ўз навбатида, маънавий-руҳий эркинликларга тобора кенг йўл очаяпти. Айниқса, хотин-қизларга берилаётган эътибор, уларга яратилаётган имкониятларнинг кўлами кенг. Соғлом фикрли, итоатли, гўзал хулқли ва солиҳ амалли аёлни тарбиялаб, уни камолот ва ҳидоят сари етаклаш жамият олдида турган долзарб вазифа эканлигини англаб етаяпмиз.

ТИИ талабаси Йўлдошхўжаева Ҳожияхон

331200cookie-checkАЁЛ КИШИ ВА ТEНГ ҲУҚУҚЛИЛИК

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: