islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Хотинимни ёқтирмайман, нима қилай…!”

Ҳозирги кунда кичик жамият ҳисобланадиган оила гўшасини мустаҳкам сақлаш ҳам эътибор қаратиладиган жабҳа бўлиб қолди. Оиладаги бахт, эр-хотин бир-бирини тушуниши, вақти келганда айбу нуқсонларга кўз юмиш, лутфу меҳр кўрсатиш устига қурилади. Никоҳдан аввал ҳар иккала томон қуда тарафни яхшилаб ўрганиб чиқиб кейин никоҳга розилик билдиради. Айрим ҳолларда эр-хотин бир мунча вақт бирга яшаб, келиша олмай никоҳни якунлашга, ажрашишга қарор қиладилар. Улардан буни сабабини сўралса, бир-биримизга мувофиқ, мост келмадик, хулқларимиз, ўй-ҳаёлларимиз айро бўлгани сабаб келиша олмай қоламиз, деган сабабни кўрсатишади. Ваҳоланки, дунёда неча миллиард одам бўлса бирон бирини хулқи, ўй-фикри бошқасиникига мост келмайди, ҳаттоки бир қориндан озгина вақт оралаб туғилган эгизаклар ҳам сурати ўхшасада, хулқ-атвори, фикрлари бир хил эмас. Шундай экан, қандай қилиб бошқа бошқа оилада тарбия топган бировнинг фарзанди сиз билан бир хил фикрда бўлади?! Аёли билан ажралишга келиша олмасликни сабаб қилганлар ажралиб бошқа аёлни никоҳига олса, у билан ҳам келишиб кетаолмаслиги мумкинку! Баъзи эркаклар, хотинимни ёқтирмайман, нима қилай, деган савол кўп беришади. Буни энг яхши ечими Қуръонда Аллоҳ таоло айтганидек:

..وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى   أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا (19)

“..ва улар билан яхшилик ила яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса”.

Яъни, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарса туфайлик сизга қандай яхшиликлар берганию келажакда нималар тақдим қилишини Ўзи билади. Бу оятда нафс ёқтирмаган нарсада яхшилик борлигига ҳушхабар бор.

Тафсиру Насафийда Нисо сурасининг 128-ояти тафсирини охирида жуда яхши жумлалар келтирилган:

“Имрон Хорижий деган, ўзи хунугу аёли чиройлик бир киши бўлган экан. Аёли эрига қараб, мени ва сизни жаннат аҳлидан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин, дебди. Шунда эри, бу қандай бўлиши мумкин, яъни нимага ишониб жаннат хабарини беряпсан, деса, хотини, сиз мендек аёл билан ризқлантирилиб шукр қилдингиз, мен эса сиздек инсон билан ризқлантирилиб, сабр қилдим. Жаннат эса шукр ва сабр қилгувчиларга ваъда қилинган эмасми, деди.

Хулоса шуки, ҳар иккала томон яхшилик излаб, сабр ва шукр йўлида юришса, муомала тизгинини жаҳл чиққанда ақл билан бошқарилса, камчилигу нуқсонларга кўз юмишса, ўртада муҳаббат кучаяди. Ҳар бир инсонда камчилик бўлади. Қайси киши мана шундай камчилик учун ҳам яхши кўриш ҳиссини ва туйғусини уйғота олса, ҳаёти фаровон, оила риштасини мустаҳкам қилган бўлади.

Тошкент ислом институти талабаси

Анасхон Турдибоев

332290cookie-check“Хотинимни ёқтирмайман, нима қилай…!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: